Бугунги кунда дунё бўйича 34 млн гектар майдонда пахта етиштирилади, бу жами қишлоқ хўжалиги майдонининг икки фоизини ташкил этади. Ҳар йили ўртача 23 млн тонна пахта толаси ишлаб чиқарилмоқда. Пахта толаси ишлаб чиқариш сўнгги 35 йилда 2,1 баробар ошди. Яъни, бу ўсиш пахта майдонлари кенгайиши ва ҳосилдорлик оширилиши билан боғлиқ бўлди. Хусусан, АҚШ пахта экин майдонини 3,5 млн гектардан 5,6 млн гектарга, Покистон 1,8 млн гектардан 3,13 млн гектарга кўпайтирди. Ҳиндистонда пахта майдонлари 11,8 млн гектарга етди.
Жаҳон пахта толаси бозори конъюнктурасини таҳлил қилишда пахта толасини ишлаб чиқариш ҳажми, уни қайта ишлаш ҳажми, истеъмол қилиш ҳажми, экспорт ва импорт ҳажми, шунингдек, йил охиридаги захира қолдиғини ўрганиш амалга оширилади.
Узоқ йиллар мобайнида пахта толаси ишлаб чиқаришда АҚШ ва собиқ иттифоқ етакчилик қилган бўлса, сўнгги йилларда Хитой Халқ Республикаси, сўнгра 2015–2016 йиллардан бошлаб, Ҳиндистон етакчиликни қўлга олди. Ўзбекистонда пахта толаси ишлаб чиқариш ҳажми бир қадар пасайган (1-жадвал).
Умуман олганда, пахта толаси ишлаб чиқариш ҳажми 2012 йилда 27,7 млн тоннани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йил мавсумида 23,4 млн тоннани ташкил этган ёки 15,7 фоизга пасайган.
Жаҳон пахта толаси бозорини таҳлил қилиш натижалари шуни кўрсатадики, сўнгги беш йилликда асосан пахта толаси ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми ХХР, Ҳиндистон, АҚШ, Покистон, Бразилия, Ўзбекистон, Туркия ҳиссасига тўғри келмоқда. Яъни, 2015–2016 йилларда улар ҳиссасига жами ишлаб чиқарилган пахта толасининг 83,9 фоизи тўғри келди.
Ҳозирги вақтда пахта толасининг 60 фоиздан кўпроғи Осиё қитъасида етиштирилмоқда. Ушбу қитъадаги энг асосий пахта толаси етиштирувчи мамлакатлар – ХХР, Ҳиндистон, Покистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ҳисобланади.
Америка қитъасида пахта толасининг 27 фоизи етиштирилмоқда. Ушбу қитъада асосий пахта етиштирувчи мамлакатлар – АҚШ, Бразилия, Никарагуа, Гватемала, Сальвадор, Аргентина, Перу, Колумбия, Венесуэла, Парагвай ва Эквадор ҳисобланади. Африка қитъасида эса, пахта толасининг қарийб саккиз фоизи тайёрланади. Унинг асосий қисми, асосан, Миср, Судан мамлакатлари улушига тўғри келади.
Австралияда пахтачилик тез суръатлар билан ривожланмоқда. Бу ерда жаҳон пахта толасининг 3,5 фоизи, Европа қитъасида эса 1,5 фоизи етиштирилмоқда.
Жаҳонда пахта толасини экспорт қилишда Ўзбекистон яқин йилларгача АҚШдан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб келган бўлса, сўнгги йилларда асосий рақобатчилардан бири саналган Ҳиндистон иккинчи ўринга чиқди. Лекин, ишлаб чиқарилган пахта таннархининг пастлигини ҳисобга оладиган бўлсак, улар учун жаҳон бозорига пахта етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Хитой, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлар ўз пахтасини ўзлари қайта ишлайди. АҚШ эса учдан бир қисмини четга чиқаради (2-жадвал).
Пахта толаси ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан Миср, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, ХХР ип ва газлама экспорт қилишга эътибор қаратмоқда. Масалан, Ҳиндистон 6,3 млн тонна пахта толасидан 5,5 млн тоннасини ўзида қайта ишлайди. ХХР йилига 5,5–5,6 млн тонна пахта толаси ишлаб чиқаради, 1,25 млн тонна импорт қилади ва уларнинг барчасини ўзида қайта ишлайди. Покистон 2,0–2,2 млн тонна пахта толаси ишлаб чиқариб, барчасини ўзида қайта ишлайди. Туркия йилига 610 минг тонна пахта толаси ишлаб чиқарган ҳолда импорт ҳисобига йилига 2,2–2,3 млн тонна пахта толасини қайта ишлайди.
МДҲда пахта экспортининг асосий қисми хомашё кўринишига эга. Масалан, Тожикистонда 90 фоиз пахта толаси қайта ишланмаган ҳолда четга чиқарилади.
Бугунги кунда пахта толаси истеъмолчилари саналган тўқимачилик саноати унинг сифатига юқори талаблар қўймоқда. Жаҳон пахта толаси бозорида асосий истеъмолчилар – бу, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари бўлиб, улар улушига 29,8 ва 22,7 фоиз улуш тўғри келмоқда.
Сўнгги йилларда пахта толасининг экспорт ва импорти пахта маҳсулотлари, масалан, ип ва газлама савдосига қараганда бир қадар сустроқ бўлмоқда. Бу шундан далолат берадики, қатор мамлакатлар пахта етиштиришдан кўра уни сотиб олишни афзал кўради.
Пахта толасини хомашё кўринишида жаҳон бозорида сотиш, шубҳасиз, маълум даражада валюта даромадларини келтиради. Бироқ, бу даромадлар ҳажми ушбу турдаги хомашёни комплекс чуқур қайта ишлаб чиқаришга нисбатан сезиларли даражада кам бўлади.
Масалан, Р.Абдуллаев таҳлилларида Ўзбекистонда ривожланган ишлаб чиқариш инфратузилмаси яратилиши ҳисобига пахта толасини қайта ишлаш улушини 40 фоизгача ошириш, унинг бир қисмини сотиш қарийб 1,3 млрд АҚШ доллари, пахта толасининг қолган қисмидан ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулот сотишдан эса 17,7 млрд доллар ҳажмида валюта тушумлари келиши асосланган. Шунингдек, 2,1 млн киши учун қўшимча иш ўринлари яратилади. Бу ҳисоб-китоблардан мамлакатимизда пахта толасини чуқур қайта ишлашни ривожлантиришнинг яққол устунлиги кўриниб турибди.
Ҳозирги замон инновация технологиясини, инвестиция ресурсларини жалб этиш ҳисобига юқори қўшилган қийматга эга буюмлар билан жаҳон ва ички бозорга чиқишга имкон берадиган табақалаштирилган пахтани қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида пахта яккаҳокимлигига барҳам бериш ҳамда экология бузилишининг олдини олиш мақсадида пахта экин майдонлари икки баравар қисқартирилди ва 2015 йилда 1,3 млн гектарни ташкил этди. Келажакда, 2020 йилгача пахта хомашёсини етиштириш ва уни давлат томонидан харид қилиш ҳажмини 3 миллион 350 минг тоннадан уч миллион тоннага босқичма-босқич қисқартириш белгиланган.
Ўзбекистон 2015 йилда ишлаб чиқарган пахта толасининг қарийб 44 фоизини қайта ишлашга эришган бўлса, тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантириш дастурига биноан, 2015–2020 йилларда ушбу тармоқларда умумий қиймати 1 млрд доллардан зиёд 80 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган ва пахта толасини ички қайта ишлаш улушини 2020 йилда 70 фоизга етказиш белгиланган. Бу эса, мамлакат тўқимачилик саноати экспорт салоҳиятини 1,8 баробардан зиёд оширишга имкон беради.
Енгил ва тўқимачилик саноати республикамизнинг умумий экспорт ҳажмида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда тармоққа замонавий юқори унумли технологиялар жорий этилиши туфайли, хорижга маҳсулот чиқариш 120 баробар ошди: яъни, 1991 йилдаги 7 млн.дан 2015 йилда 1 млрд долларга етди.
Маҳсулотлар экспорт кўлами ҳамда экспорт қилувчи корхоналар сони ҳам кенгайди. Айни вақтда ўзбек пахтасини жаҳон бозорига етказиб бериш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бунинг боиси, пахта толасининг пишиб етилганлиги, юқори даражада мустаҳкамлиги ҳамда бир хиллиги кўрсаткичи бўйича юқори баҳоланади.
Бироқ, жаҳон бозорида пахта толаси нархи ва унга бўлган талабнинг кескин пасайиши ва рақобатнинг ошиши кузатилмоқда. Айнан шу каби ҳолатни ҳамда жаҳон пахта толаси бозори конъюнктураси даражасига таъсир қилувчи омилларни ҳар томонлама таҳлил қилиш натижаларига асосланиб, республикамизнинг жаҳон пахта толаси бозоридаги рақобат маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш тақозо этилади.
Нодир АКБАРОВ,
мустақил изланувчи