Ilmiy yondashuv

Барқарор иш ўринларини яратиш – фаровонлик негизи

1/2021

     Меҳнат потенциалидан самарали фойдаланиш, аҳо­ли бандлигининг юқо­ри ва ишсизликнинг паст даражасини таъминлаш – ҳар бир мамлакат олдида турган долзарб вазифа ҳисобланади. Зотан, аҳоли банд­лик даражаси иқтисодий ривожланишнинг асосий кўрсаткичларидан бўлиб, жамиятнинг салоҳияти ва ис­тиқболини белгилайди. Чунки инсон ўзининг энг зарур ҳаётий эҳтиёж­лари ва имкониятларини ўз лаёқа­ти ва са­лоҳиятидан келиб чиқиб ишлаб топ­ган даромади орқали таъминлайди.
     Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқи­тишга қаратилган ҳамда аҳоли банд­лигини таъминлашга оид қў­шимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача аҳоли бандлиги стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланди.
     Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичлари мамлакатимиз томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари индикаторлари, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг асосий конвенцияларига ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга мос келиши муҳим. Шу билан бирга, Стратегия 2030 йилгача бўлган даврда бандликни рағбатлантириш соҳасида амалга ошириладиган дас­тур ва чора-тадбирлар билан қам­раб олишни кенгайтириш, фойдаланиладиган воситалар ва механизм­ларни такомиллаштириш, тизимни мониторинг қилиш ва баҳолаш асосида ушбу соҳада олиб бориладиган ишлар самарадорлигини ошириши назарда тутилган.
     Ўзбекистонда меҳнат бозорининг ўзига хос хусусиятлари аҳолининг ўсиш суръатлари юқорилиги, ҳар йили 500-600 минг нафар меҳнатга лаё­қатли ёшдаги фуқароларнинг меҳ­нат бозорига кириб келиши, меҳнат ресурсларининг маълумотли ва нис­батан юқори малакаси билан ажралиб туради.
     Прогнозларга кўра, 2035 йилга келиб мамлакатимиз аҳолиси 43-44 млн. кишига етади. Ушбу ҳолат меҳнат бозори ва, умуман, иқтисо­диётга катта босим кўрсатиши табиий. Айни дамда бандликни таъминлаш масаласи янада устуворлик касб этиб, макроиқтисодий сиёсат, авваламбор, янги иш ўринларини яратишга қа­ратилган тезкор чоралар кўрилишини талаб қилади.
     2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, иш билан банд аҳолининг сони 13,5 млн. нафарни, шундан расмий секторда банд бўлганлар 5,7 млн. нафарни (42%) ташкил қилган. Сўнгги йилларда норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рағ­батлантириш мақсадида солиқ юкини камайтириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ўзини ўзи банд қилганларнинг 67 турдаги бир қатор тоифалари учун қисман ижтимоий суғурта, шунингдек, ўзини ўзи банд қилганларнинг фаолиятни рўйхатдан ўтказишда соддалаштирилган тартиб жорий этилди.
     Шу ўринда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларни квотадан ортиқ ишга ёллаган ҳамда уларга иш ўринлари яратадиган иш берувчилар учун ҳам турли қўшимча имтиёзларни амалиётга киритиш мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз.
     2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғриси­да» ги Қонуни янги таҳрири қабул қилинди ва унда замон талабларига мос ҳолда бандлик, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат муносабалари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш, ташқи меҳнат миграцияси, касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими, «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини юритиш масалалари қамраб олинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат нормалари эндиликда ўзининг ҳаётий тас­диғини топиши мамлакатимиз меҳнат бозорида мавжуд талай муаммоларга барҳам бериб, ишсизлик ва унинг ортидан келадиган камбағалликнинг олдини олиши муқаррар.
     Лекин, айтиш керакки, аҳоли банд­лигига кўмаклашиш бўйича кў­рилаётган чора-тадбирларга қара­май, меҳнат бозорида талаб ва так­лифнинг сифат хусусиятлари бўйича бар­қарор номутаносибликлар сақ­ланиб қолмоқда. Хусусан, иш изловчиларнинг катта қисми мавжуд бўл­ган (1,6 миллиондан ортиқ киши) ша­роитда кўп миқдордаги бўш иш ўринлари мавжуда (100 мингдан ор­тиқ). Бу иш берувчи ва ходимларнинг билим ҳамда кўникмалар, иш ҳақи даражаси ва иш билан таъминлаш харажатлари бўйича талабларига мос келмаслигини кўрсатади.
     Ўрганишлар вакант иш жойларининг мавжудлигига биринчи навбатда таклиф этилаётган иш ҳақи миқ­дорининг пастлиги сабаб бўлаётганини кўрсатади. Шунингдек, иқтисо­диётнинг расмий секторида иш ҳақи­нинг пастлиги ҳамда соҳа ва тармоқ­ларда унинг сезиларли тавофути ҳам меҳнат бозорида норасмий бандлик кўламининг ортишида муҳим роль ўйнамоқда.
     Масалан, 2020 йилнинг III-чораги бўйича ўртача иш ҳақи 2,58 минг сўмни, шу жумладан, иқтисодиёт соҳалари ўртача иш ҳақи: банк-молия – 5,8 млн. сўм, ахборот ва алоқа – 4,3 млн. сўм, саноат – 3,8 млн. сўм, қурилиш – 3,2 млн. сўм, таълим – 1,9 млн. сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар – 1,8 млн. сўмни таш­кил қилган. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда энг обрўли ва юқори маошга эга бўлган касб эгалари ўқи­тувчилар ва шифокорлар ҳисобла­нади. Ўзбекистонда эса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимла­рининг иш ҳақи миқдори мамлакат­даги ўртача иш ҳақи даражасининг 0,71 фоизига тенгдир. Шу маънода, ­Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Оддий муаллим 1000 доллар иш ҳақи олмаса, у ишга келиши керак эмас. Шифокор ҳам худди шундай, 1000 доллар олмаса, эртага уйга бориб боласини, набирасини қандай боқади? Қилишимиз мумкинми? Мумкин» дея айни муаммога диққат қаратгани бежизга эмас.
     Бугунги кунда меҳнат соҳасига замонавий АКТни жорий этишга ало­ҳида эътибор қаратилмоқда. «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ) идоралараро аппарат-дастурий комп­лексининг иш бошлаши – меҳнат шартномалари, ходимларнинг иш стажси (электрон меҳнат дафтарчаси) тўғрисидаги маълумотлар, бўш иш ўринлари, ҳудудлар ва тармоқлар шароитида ишчи кучига талаб ва так­лифнинг таркибини акс эттирувчи ахборот база ҳисобланади.
 
 
Беҳзод ТАГАЕВ, иқтисод фанлари доктори
 
 
Сиз мақоланинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.