Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Меҳнат потенциалидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигининг юқори ва ишсизликнинг паст даражасини таъминлаш – ҳар бир мамлакат олдида турган долзарб вазифа ҳисобланади. Зотан, аҳоли бандлик даражаси иқтисодий ривожланишнинг асосий кўрсаткичларидан бўлиб, жамиятнинг салоҳияти ва истиқболини белгилайди. Чунки инсон ўзининг энг зарур ҳаётий эҳтиёжлари ва имкониятларини ўз лаёқати ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишлаб топган даромади орқали таъминлайди.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача аҳоли бандлиги стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланди.
Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичлари мамлакатимиз томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари индикаторлари, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг асосий конвенцияларига ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга мос келиши муҳим. Шу билан бирга, Стратегия 2030 йилгача бўлган даврда бандликни рағбатлантириш соҳасида амалга ошириладиган дастур ва чора-тадбирлар билан қамраб олишни кенгайтириш, фойдаланиладиган воситалар ва механизмларни такомиллаштириш, тизимни мониторинг қилиш ва баҳолаш асосида ушбу соҳада олиб бориладиган ишлар самарадорлигини ошириши назарда тутилган.
Ўзбекистонда меҳнат бозорининг ўзига хос хусусиятлари аҳолининг ўсиш суръатлари юқорилиги, ҳар йили 500-600 минг нафар меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқароларнинг меҳнат бозорига кириб келиши, меҳнат ресурсларининг маълумотли ва нисбатан юқори малакаси билан ажралиб туради.
Прогнозларга кўра, 2035 йилга келиб мамлакатимиз аҳолиси 43-44 млн. кишига етади. Ушбу ҳолат меҳнат бозори ва, умуман, иқтисодиётга катта босим кўрсатиши табиий. Айни дамда бандликни таъминлаш масаласи янада устуворлик касб этиб, макроиқтисодий сиёсат, авваламбор, янги иш ўринларини яратишга қаратилган тезкор чоралар кўрилишини талаб қилади.
2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, иш билан банд аҳолининг сони 13,5 млн. нафарни, шундан расмий секторда банд бўлганлар 5,7 млн. нафарни (42%) ташкил қилган. Сўнгги йилларда норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рағбатлантириш мақсадида солиқ юкини камайтириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ўзини ўзи банд қилганларнинг 67 турдаги бир қатор тоифалари учун қисман ижтимоий суғурта, шунингдек, ўзини ўзи банд қилганларнинг фаолиятни рўйхатдан ўтказишда соддалаштирилган тартиб жорий этилди.
Шу ўринда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларни квотадан ортиқ ишга ёллаган ҳамда уларга иш ўринлари яратадиган иш берувчилар учун ҳам турли қўшимча имтиёзларни амалиётга киритиш мақсадга мувофиқ, деган фикрдамиз.
2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида» ги Қонуни янги таҳрири қабул қилинди ва унда замон талабларига мос ҳолда бандлик, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат муносабалари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш, ташқи меҳнат миграцияси, касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими, «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини юритиш масалалари қамраб олинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат нормалари эндиликда ўзининг ҳаётий тасдиғини топиши мамлакатимиз меҳнат бозорида мавжуд талай муаммоларга барҳам бериб, ишсизлик ва унинг ортидан келадиган камбағалликнинг олдини олиши муқаррар.
Лекин, айтиш керакки, аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, меҳнат бозорида талаб ва таклифнинг сифат хусусиятлари бўйича барқарор номутаносибликлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, иш изловчиларнинг катта қисми мавжуд бўлган (1,6 миллиондан ортиқ киши) шароитда кўп миқдордаги бўш иш ўринлари мавжуда (100 мингдан ортиқ). Бу иш берувчи ва ходимларнинг билим ҳамда кўникмалар, иш ҳақи даражаси ва иш билан таъминлаш харажатлари бўйича талабларига мос келмаслигини кўрсатади.
Ўрганишлар вакант иш жойларининг мавжудлигига биринчи навбатда таклиф этилаётган иш ҳақи миқдорининг пастлиги сабаб бўлаётганини кўрсатади. Шунингдек, иқтисодиётнинг расмий секторида иш ҳақининг пастлиги ҳамда соҳа ва тармоқларда унинг сезиларли тавофути ҳам меҳнат бозорида норасмий бандлик кўламининг ортишида муҳим роль ўйнамоқда.
Масалан, 2020 йилнинг III-чораги бўйича ўртача иш ҳақи 2,58 минг сўмни, шу жумладан, иқтисодиёт соҳалари ўртача иш ҳақи: банк-молия – 5,8 млн. сўм, ахборот ва алоқа – 4,3 млн. сўм, саноат – 3,8 млн. сўм, қурилиш – 3,2 млн. сўм, таълим – 1,9 млн. сўм, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар – 1,8 млн. сўмни ташкил қилган. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда энг обрўли ва юқори маошга эга бўлган касб эгалари ўқитувчилар ва шифокорлар ҳисобланади. Ўзбекистонда эса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг иш ҳақи миқдори мамлакатдаги ўртача иш ҳақи даражасининг 0,71 фоизига тенгдир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Оддий муаллим 1000 доллар иш ҳақи олмаса, у ишга келиши керак эмас. Шифокор ҳам худди шундай, 1000 доллар олмаса, эртага уйга бориб боласини, набирасини қандай боқади? Қилишимиз мумкинми? Мумкин» дея айни муаммога диққат қаратгани бежизга эмас.
Бугунги кунда меҳнат соҳасига замонавий АКТни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ) идоралараро аппарат-дастурий комплексининг иш бошлаши – меҳнат шартномалари, ходимларнинг иш стажси (электрон меҳнат дафтарчаси) тўғрисидаги маълумотлар, бўш иш ўринлари, ҳудудлар ва тармоқлар шароитида ишчи кучига талаб ва таклифнинг таркибини акс эттирувчи ахборот база ҳисобланади.
Беҳзод ТАГАЕВ, иқтисод фанлари доктори