Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётимизни либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Эътиборлиси, бу борадаги принципиал ёндашувлар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Саноат тузилмасини диверсификация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли ўзгаришларга эришилмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида Бухоро вилоятида ҳам хорижий инвесторларга ўз бизнесини қонунийлик асосида амалга ошириши учун кенг имкониятлар таклиф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон-Германиянинг узоқ йиллар давомидаги кўп қиррали муносабатлари, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги самараси Бухоро вилояти иқтисодий ҳаётида ҳам ижобий натижаларга замин яратмоқда.
Айтиш керакки, ҳозирда вилоятда немис инвестициялари иштирокида бешта корхона фаолият кўрсатаётир. «Buxoroturist», «Wishbone-Bukhara», «Knauf gips Buxara», «Buxorogips», «Еurasia Transportation and Logistics Company» корхоналари шулар жумласидандир. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Олот туманида Германиянинг «Hyper Partners» компанияси томонидан «Еurasia Transportation and Logistics Company» МЧЖ негизида қиймати 20 млн. долларга тенг бўлган логистика марказининг ташкил қилиниши аҳамияти ва кўламига кўра алоҳида диққатга молик.
Германия Федератив Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ўн давлатдан бири саналади. 2019 йилда вилоятимиз ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси қарийб 38,2 млн. долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3 фоизга ўсган. Экспорт ҳажми 100 минг доллар ва импорт ҳажми 38,1 млн. долларга етган. 2020 йилдаги падемия шароитида эса Бухоро вилояти ва ГФР ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 22,7 млн. долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми 500 минг долларлик, импорт ҳажми эса 22,2 млн. долларликни маррани эгаллади. Глобал пандемияга қарамай экспорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми 2019 йилга нисбатан 400 минг доллардан ошди.
Қайд этиш керакки, Германия билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт-логистика йўналишларидаги ҳамкорликдан ташқари маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ҳам бу соҳада салмоқли ютуқларни тақдим этмоқда.
Чунончи, дунёнинг етти шариф шаҳарларидан бири – Бухоронинг Бонн шаҳри билан биродарлашуви фан, таълим, маданият, тиббиёт, туризм, коммунал, шаҳарсозлик соҳаларида ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ қилинишида муҳим роль ўйнаб келмоқда.
2003 йили 18-22 март кунларида Бухорода ўтказилган Наврўз – умумхалқ байрамига қатнашиш учун Бонн шаҳри Обербургомистери Барбел Дикман хоним ташриф буюриши ва ушбу ташриф давомида Бухоро ва Бонн шаҳарлари ўртасида биродарлик шартномаси имзоланиши ўтган йиллар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳақиқий дўстона тус олишига туртки берди. Чиндан ҳам мана 18 йилдирки, икки шаҳар ўртасидаги биродарлик ришталари моҳияти ва аҳамиятига кўра долзарб лойиҳаларнинг ҳаётбахшлигини таъминлаб келмоқда.
Мисол учун, 2017 йили 23-28 май кунлари Бонн шаҳри Мэриясининг халқаро муносабатлар бўйича бўлими ўринбосари Лина Фурх раҳбарлигида «Бухоро – экологик мустаҳкам (барқарор) меҳмонхона ва ресторанлари билан» мавзуидаги лойиҳа асосчиларидан иборат 6 кишилик делегация Бухорога ташриф буюрди. Аслида Бухоро ва Бонн биродарлик алоқалари доирасидаги ушбу лойиҳа 2015 йил ноябридан 2017 йил майигача мўлжалланган бўлиб, мазкур ташриф доирасида лойиҳа якуни эришилган натижалар асосида таҳлил қилинди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, лойиҳа асосида Бухородаги «Азия-Бухара», «Атлас», «New Moon» мехмонхоналари ҳамда «Old Bukhara» ресторанида халқаро меъёрларга мос равишда шарт-шароитлар яратилиб, уларда замонавийлик ва миллийлик уйғунлаштирилгани ҳар қандай сайёҳга завқ ҳамда унутилмас таассуротлар бахш этади. Бу хизмат кўрсатиш масканларида сув, газ, электр энергияси иқтисод қилувчи ускуналарнинг ўрнатилиши эса давр талаби экани сир эмас.
Ботир ЗАРИПОВ,
Бухоро вилояти ҳокими