Bozor mexanizmlari

Korxonalarda elektron hujjat aylanish tizimini takomillashtirish

1/2016

     Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари изчил ривожланишига катта эътибор бе­рилаётгани боис хизматлар ҳажми сўнг­ги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили 24,5 фоизга ўсди. Юқори тезликдаги интернет тармоқ­ларини ривожлантириш учун эса биргина 2015 йилда мам­лакатимиз ҳудудлари­да 1800 км.дан зиёд оптик толали алоқа линиялари ётқи­зилди. Ижобий силжишлар негизини жаҳон бозорида ра­қо­батбардош товарлар тайёрлашга асосланган саноат тар­моқ­ла­рининг етакчи ўринга чиқиши, хизмат кўрсатиш соҳаси юқори суръ­атлар билан ривожланиши ташкил қилади. Иқтисодиёт тар­моқларини таркибий жиҳатдан такомиллаштириш ҳисо­бига мулкдорлар синфи шаклланиб, корхоналар техник ва технологик омиллар бўйича модернизация қи­линмоқда.
     Юртимиздаги қулай ишбилармон­лик муҳити, ишлаб чиқариш ҳамда савдо суръатларининг ўсиши ҳам, ал­батта, соҳа юксалишида муҳим омил бўлди. Бозор муносабатларига бос­қичма-босқич ўтиш жараёнида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис, кичик бизнес субъектлари тизимли ислоҳ қилиниши боис, бугун АКТдан деярли барча тармоқ ва соҳа­ларда кенг фойдаланилмоқда. Ахборот айирбошлашнинг электрон шак­ли орқали интернет тармоғига кенг полосали уланиш, рақамли телекоммуникация тизимига ўтиш тўлиқ таъминланган.
     Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборотлаштириш ва интерактив давлат хизматлари мувофиқлаштирилиб, идоралараро ахборот тизими йўлга қў­йилган. Янги технологиялар жорий этилиши истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга, бу, ўз навбатида, сифат ўзгаришлари яхшиланишига хизмат қилмоқда. АКТнинг ривожланиши ва ҳаётга жадал татбиқ этилиши аҳоли турмуш тарзини ўзгартириб, тадбиркорлик имкониятларини янада кенгайтирди. Хусусан, тижорат битимларини тузишда эски, қоғоз усу­лидан воз кечилиб, янги илғор йў­налиш пайдо бўлди. Бозорнинг ажралмас қисмига айланган электрон тижоратдан бугун нафақат дунё, мос равишда Ўзбекистон ҳам кенг фойда­ланмоқда.
     Ахборот технологияларидан мақ­садли фойдаланиш меҳнат сарфини ка­майишига, салмоқли миқдорда маб­лағ тежалишига ҳам хизмат қила­ди. Ай­ниқ­са, корхона ва ташкилотларда электрон ҳужжат айланиши жорий этилгани сабабли ҳам, иш унуми ортишига, вақтдан самарали фойдаланишга катта имконият яратилди. Жумладан, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонунлар соҳа ривожини таъминлашга хизмат қил­моқда. Электрон рақамли имзо калитларини рўйxатга олиш бўйича рас­мий рўйxатдан ўтган учта марказдан иккитаси Фан-теxника ва маркетинг тадқиқотлари маркази ҳамда Давлат солиқ қўмитасида, яна бири «MultiSoft Solutions» корхонасида фаолият юритиб, улар томонидан шу кунгача берилган электрон рақамли имзо калити сертификатлари сони 10 мингдан ошди.
     Бугун ҳар бир корхона ва ташкилот олдида ахборотга ишлов бериш ва ҳужжатлар ҳаракатини тартибга солиш зарурияти мавжуд. Замонавий технологиялар ҳужжатлар ҳарака­тини ҳужжатлар айланиши шаклида расмийлаштириш имконини беради. Ҳуж­­жатлар айланиши ҳужжатларни йў­налтириш, сақлаш ва назорат қи­лиш вазифасини қамраб олиб, тизим­дан фойдаланиш корхоналарда ҳуж­жатлар билан ишлаш самарадорлиги ва ишончлилиги, ҳужжатлар ижросини бошқариш ҳамда амалий назорат қилиш сифатини оширади. Бош­қарув фаолиятида ҳужжат таъми­ноти билан боғлиқ харажатлар ка­маяди. Бу жиҳат уларнинг янги баҳолари шаклланиши ва тизимли тарзда ортишига хизмат қилади. Яъни, ахборот асосида бошқарув услубининг мавжуд эмаслиги нафақат корхоналарнинг ривожланиши, балки бозорда эгаллаган мавқеининг йўқолишига ҳам сабаб бўлиши ­мумкин.
     Электрон ҳужжат аслида электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг идентификация қилиш имконини берувчи реквизитларига эга электрон ҳужжатдир. У қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва бир хил юридик кучга эга. Электрон ҳужжат айланиши xизматларини қўллашга бўлган эҳтиёж айниқса руxсат берувчи ҳужжатлар, солиқ, молия, статистика ва бошқа ҳисобот­ларни йиғишга оид турли xизматларда давлат органларининг жисмоний ва юридик шаxслар билан ўзаро ҳам­корлигини оширади. Ҳозирда ста­тистика органларида электрон шакл­даги давлат статистика ҳисоботлари­ни қабул қилишга оид тажриба лойи­ҳаси муваффақиятли амалга ошири­либ, эндиликда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизи соддалаш­тирилган солиқ ва статистика ҳисо­ботларини электрон тарзда амалга оширмоқда.
     Электрон ҳужжат айланиши xизмат ва товарларни сотиш, электрон савдони амалга оширишда субъектларнинг интерфаол ҳамкорлигини таъминловчи воситадир. Томонлар ўртасидаги битимлар интернет тар­мо­ғи орқали электрон шаклда тузилади, интерфаол бизнеснинг бу тури ҳамкорларнинг иш самарадорлигини ошириб, кўп вақт ва меҳнат талаб қилувчи операцияларни автоматлаштириш ҳамда даромадни кўпайтириш имконини беради.
     Бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналарининг 98 фоизи ўз сайт­ларига эга бўлиб, 95 фоизида эса локал ком­пьютер тар­моқлари ташкил этил­ган. Ходимларнинг компьютер саводхонлиги даражаси 89 фоизни ташкил этади.
     Кундалик фаолиятимизга ахборот технологияларининг изчил кириб ке­лиши, ахборот оқимининг кўплиги ҳар бир ташкилот, муассаса ва корхонага ҳужжатларни электрон шакл­да сақлаш, махфийлигини таъминлаш ва зарур пайтда тезкор топиш масъулиятини юклайди. Масалан, корхона ва ташкилотларда ходимлар билан биргаликда муайян даражадаги турли хил шартномалар тайёрланади. Тайёрланган шартномаларга баъзи ўз­гартишлар юзасидан бир қан­ча так­лифлар киритилиб, уни ҳар хил вариантларда тузиш ва уларни турли файлларда сақлашга тўғри келади. Ниҳоят, сўнгги вариантдаги шартноманинг қайсидир қис­ми тўғри келмагани учун қарши томонга мос келмайди, ҳуқуқшунос эса уни тўлиқ ўрганиб чиқмагани аниқ­ланади. Давлат тузилмасида ҳам, йирик саноат корхонасида ҳам учрайдиган бу каби муаммоларга электрон ҳужжат айланиши бирдан бир ечим бўлади.
     Электрон ҳужжат техника воситалари ва ахборот тизимлари хизматлари ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилиб, ишлов берилади ва сақланади. Электрон ҳужжат иштирокчиларнинг ушбу ҳужжатни қай даражада идрок эта олиш имконига қараб яратилиши керак. Электрон ҳужжат айланиши электрон ҳужжатларни ахборот тизими орқали жўнатиш ва қабул қилиб олиш жараёнларини умумлаштиради. Электрон ҳужжат айланиши натижасида битимлар тузиш, ҳисоб-китоблар, расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ва бошқа ахборотларни узатишда фойдаланилиб, қоғозбозликка кескин чек қў­йилади.
     Ташкилот ёки корхонанинг электрон ҳужжат айланишини бошқариш жараёнида ишнинг техник томонлари билан бирга, ходимларнинг хавфсизлик рискларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Рискларнинг олдини олиш эса, кўп жиҳатдан ходимларнинг иш малакасига узвий боғлиқ, улардан иш жараёнида компьютер ва ахборот воситаларини тўғри қўллай олиш қобилияти талаб этилади. Асосийси, электрон ҳужжат айланиш тизимидан фойдаланиш катта ҳажмдаги ҳужжатлар билан ишловчи корxоналарда xодимларнинг иш унумдорлигини оширади. Ҳар бир ташкилот ўзига xос тарафлари мавжудлиги боис, электрон ҳужжат айланиш тизимини танлашдан олдин, у ўзига бу тизим орқали қандай масалани ҳал этмоқчилигини аниқ белгилаб олиши шарт.
 
Мақоланинг давоми

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.