Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари изчил ривожланишига катта эътибор берилаётгани боис хизматлар ҳажми сўнгги беш йилда 3,3 баробар, ўтган йили 24,5 фоизга ўсди. Юқори тезликдаги интернет тармоқларини ривожлантириш учун эса биргина 2015 йилда мамлакатимиз ҳудудларида 1800 км.дан зиёд оптик толали алоқа линиялари ётқизилди. Ижобий силжишлар негизини жаҳон бозорида рақобатбардош товарлар тайёрлашга асосланган саноат тармоқларининг етакчи ўринга чиқиши, хизмат кўрсатиш соҳаси юқори суръатлар билан ривожланиши ташкил қилади. Иқтисодиёт тармоқларини таркибий жиҳатдан такомиллаштириш ҳисобига мулкдорлар синфи шаклланиб, корхоналар техник ва технологик омиллар бўйича модернизация қилинмоқда.
Юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, ишлаб чиқариш ҳамда савдо суръатларининг ўсиши ҳам, албатта, соҳа юксалишида муҳим омил бўлди. Бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш жараёнида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис, кичик бизнес субъектлари тизимли ислоҳ қилиниши боис, бугун АКТдан деярли барча тармоқ ва соҳаларда кенг фойдаланилмоқда. Ахборот айирбошлашнинг электрон шакли орқали интернет тармоғига кенг полосали уланиш, рақамли телекоммуникация тизимига ўтиш тўлиқ таъминланган.
Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборотлаштириш ва интерактив давлат хизматлари мувофиқлаштирилиб, идоралараро ахборот тизими йўлга қўйилган. Янги технологиялар жорий этилиши истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга, бу, ўз навбатида, сифат ўзгаришлари яхшиланишига хизмат қилмоқда. АКТнинг ривожланиши ва ҳаётга жадал татбиқ этилиши аҳоли турмуш тарзини ўзгартириб, тадбиркорлик имкониятларини янада кенгайтирди. Хусусан, тижорат битимларини тузишда эски, қоғоз усулидан воз кечилиб, янги илғор йўналиш пайдо бўлди. Бозорнинг ажралмас қисмига айланган электрон тижоратдан бугун нафақат дунё, мос равишда Ўзбекистон ҳам кенг фойдаланмоқда.
Ахборот технологияларидан мақсадли фойдаланиш меҳнат сарфини камайишига, салмоқли миқдорда маблағ тежалишига ҳам хизмат қилади. Айниқса, корхона ва ташкилотларда электрон ҳужжат айланиши жорий этилгани сабабли ҳам, иш унуми ортишига, вақтдан самарали фойдаланишга катта имконият яратилди. Жумладан, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонунлар соҳа ривожини таъминлашга хизмат қилмоқда. Электрон рақамли имзо калитларини рўйxатга олиш бўйича расмий рўйxатдан ўтган учта марказдан иккитаси Фан-теxника ва маркетинг тадқиқотлари маркази ҳамда Давлат солиқ қўмитасида, яна бири «MultiSoft Solutions» корхонасида фаолият юритиб, улар томонидан шу кунгача берилган электрон рақамли имзо калити сертификатлари сони 10 мингдан ошди.
Бугун ҳар бир корхона ва ташкилот олдида ахборотга ишлов бериш ва ҳужжатлар ҳаракатини тартибга солиш зарурияти мавжуд. Замонавий технологиялар ҳужжатлар ҳаракатини ҳужжатлар айланиши шаклида расмийлаштириш имконини беради. Ҳужжатлар айланиши ҳужжатларни йўналтириш, сақлаш ва назорат қилиш вазифасини қамраб олиб, тизимдан фойдаланиш корхоналарда ҳужжатлар билан ишлаш самарадорлиги ва ишончлилиги, ҳужжатлар ижросини бошқариш ҳамда амалий назорат қилиш сифатини оширади. Бошқарув фаолиятида ҳужжат таъминоти билан боғлиқ харажатлар камаяди. Бу жиҳат уларнинг янги баҳолари шаклланиши ва тизимли тарзда ортишига хизмат қилади. Яъни, ахборот асосида бошқарув услубининг мавжуд эмаслиги нафақат корхоналарнинг ривожланиши, балки бозорда эгаллаган мавқеининг йўқолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Электрон ҳужжат аслида электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг идентификация қилиш имконини берувчи реквизитларига эга электрон ҳужжатдир. У қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва бир хил юридик кучга эга. Электрон ҳужжат айланиши xизматларини қўллашга бўлган эҳтиёж айниқса руxсат берувчи ҳужжатлар, солиқ, молия, статистика ва бошқа ҳисоботларни йиғишга оид турли xизматларда давлат органларининг жисмоний ва юридик шаxслар билан ўзаро ҳамкорлигини оширади. Ҳозирда статистика органларида электрон шаклдаги давлат статистика ҳисоботларини қабул қилишга оид тажриба лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилиб, эндиликда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизи соддалаштирилган солиқ ва статистика ҳисоботларини электрон тарзда амалга оширмоқда.
Электрон ҳужжат айланиши xизмат ва товарларни сотиш, электрон савдони амалга оширишда субъектларнинг интерфаол ҳамкорлигини таъминловчи воситадир. Томонлар ўртасидаги битимлар интернет тармоғи орқали электрон шаклда тузилади, интерфаол бизнеснинг бу тури ҳамкорларнинг иш самарадорлигини ошириб, кўп вақт ва меҳнат талаб қилувчи операцияларни автоматлаштириш ҳамда даромадни кўпайтириш имконини беради.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналарининг 98 фоизи ўз сайтларига эга бўлиб, 95 фоизида эса локал компьютер тармоқлари ташкил этилган. Ходимларнинг компьютер саводхонлиги даражаси 89 фоизни ташкил этади.
Кундалик фаолиятимизга ахборот технологияларининг изчил кириб келиши, ахборот оқимининг кўплиги ҳар бир ташкилот, муассаса ва корхонага ҳужжатларни электрон шаклда сақлаш, махфийлигини таъминлаш ва зарур пайтда тезкор топиш масъулиятини юклайди. Масалан, корхона ва ташкилотларда ходимлар билан биргаликда муайян даражадаги турли хил шартномалар тайёрланади. Тайёрланган шартномаларга баъзи ўзгартишлар юзасидан бир қанча таклифлар киритилиб, уни ҳар хил вариантларда тузиш ва уларни турли файлларда сақлашга тўғри келади. Ниҳоят, сўнгги вариантдаги шартноманинг қайсидир қисми тўғри келмагани учун қарши томонга мос келмайди, ҳуқуқшунос эса уни тўлиқ ўрганиб чиқмагани аниқланади. Давлат тузилмасида ҳам, йирик саноат корхонасида ҳам учрайдиган бу каби муаммоларга электрон ҳужжат айланиши бирдан бир ечим бўлади.
Электрон ҳужжат техника воситалари ва ахборот тизимлари хизматлари ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилиб, ишлов берилади ва сақланади. Электрон ҳужжат иштирокчиларнинг ушбу ҳужжатни қай даражада идрок эта олиш имконига қараб яратилиши керак. Электрон ҳужжат айланиши электрон ҳужжатларни ахборот тизими орқали жўнатиш ва қабул қилиб олиш жараёнларини умумлаштиради. Электрон ҳужжат айланиши натижасида битимлар тузиш, ҳисоб-китоблар, расмий ва норасмий ёзишмаларни амалга ошириш ва бошқа ахборотларни узатишда фойдаланилиб, қоғозбозликка кескин чек қўйилади.
Ташкилот ёки корхонанинг электрон ҳужжат айланишини бошқариш жараёнида ишнинг техник томонлари билан бирга, ходимларнинг хавфсизлик рискларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Рискларнинг олдини олиш эса, кўп жиҳатдан ходимларнинг иш малакасига узвий боғлиқ, улардан иш жараёнида компьютер ва ахборот воситаларини тўғри қўллай олиш қобилияти талаб этилади. Асосийси, электрон ҳужжат айланиш тизимидан фойдаланиш катта ҳажмдаги ҳужжатлар билан ишловчи корxоналарда xодимларнинг иш унумдорлигини оширади. Ҳар бир ташкилот ўзига xос тарафлари мавжудлиги боис, электрон ҳужжат айланиш тизимини танлашдан олдин, у ўзига бу тизим орқали қандай масалани ҳал этмоқчилигини аниқ белгилаб олиши шарт.