Banklar va soliqlar hisobi

Soliq imtiyozlarining iqtisodiyotni rag‘batlantirishdagi roli

1/2017

     Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов солиқ сиё­сати тўғрисида қу­йидаги фикрларни билдирган эдилар: «Солиқ сиёсатининг вазифаси – бир томондан, бюджет даромадларининг барқарор сафарбарлигини таьминлашдан, иккинчи томондан, корхоналарни рес­публика учун зарур бўлган маҳсулот­лар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга рағбатлантиришдан иборат».

     Иқтисодиётни солиқ орқали тартибга солишнинг асосий воситаларидан бири солиқ имтиёзлари бўлиб, улардан иқтисодиёт ривожланишининг маълум бир жараёнларига таъсир этишда кенг фойдаланилади. Со­лиқ имтиёзлари ёрдамида давлат иқ­тисодий ривожланишни, янги иш ўринлари яратишни, ишлаб чиқариш­ни кенгайтиришни, инвестициялар жалб этишни рағбатлантиради. Давлат солиқ ставкаларини ўзгартириш ва имтиёзлар бериш орқали иқтисо­диётга самарали таъсир кўрсатади. Солиқ ставкаларини ўзгартириш ва имтиёзлар бериш орқали молиявий оқимлар ҳисобига қўшимча маблағ­лар яратилади. Бундан кўзланган асо­сий мақсад – фойданинг кўпроқ қис­мини хўжалик юритувчи субъект­лар ихтиёрида қолдириш ва уларнинг иқ­тисодий имкониятларини кенгайтириш билан ифодаланади.

     Хўжалик юритувчи субъектларга бериладиган имтиёзларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:

     ● пасайтирилган ставкаларда со­лиққа тортиш;

     ● солиқдан қисман озод қилиш;

     ● солиқдан тўлиқ озод қилиш.

     Буларнинг барчасига хос бўлган умумий жиҳат шундаки, улар иқтисо­дий муносабатлар жараёнини мақ­сад­ли тартибга солишнинг энг самарали воситаси солиқ имтиёзлари тақ­дим этилишида иқтисодий сиёсатнинг туб моҳиятидан келиб чиққан ҳол­да инвестицион фаолиятни рағ­бат­лан­тириш, мамлакат экспорт сало­ҳиятини юксалтиришга таъсир этиш орқали валюта тушумини кўпайтириш, ижтимоий соҳа объектларини молиялаштиришдир.

     Солиқ имтиёзларини қўллашдан мақсад, фақатгина айрим солиқ тўловчиларни солиқлардан тўлиқ ёки қисман озод этиш ёки солиқларни ка­майтириш билан ифодаланиб қол­мас­дан, балки корхона ихтиёрида им­тиёз эвазига қоладиган маблағлар­дан ҳам оқилона фойдаланиш кўзда тутилади.

     Бу борада республикамизда иқ­тисодий муносабатларни либераллаштириш ва кичик бизнес субъект­ларини қўллаб-қувватлаш, иқтисоди­ёт тармоқларини ривожлантиришга қа­ратилган қатор ҳужжатлар қабул қи­линди.

     Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқ­тисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғ­ри­сида»ги қарори ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилди. Бунинг асосий мақсадлари­дан бири – хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳа­си­ни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, мазкур соҳада фаолият юри­тув­чи юридик шаxсларни фойда ва ягона со­лиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзида солиқ имтиёзлари белгиланган:

     ● қишлоқ жойларда пойабзал ва чармдан тайёрланган буюмларни таъ­мирлаш xизматлари;

     ● қишлоқ жойларда соат таъмирлаш бўйича xизматлар;

     ● қишлоқ жойларда маиший элект­рон ва электр ускуналарни таъмирлаш ва уларга теxник xизмат кўрсатиш бўйича xизматлар;

     ● қишлоқ жойларда сартарошxоналар ва гўзаллик салонлари томонидан кўрсатиладиган xизматлар;

     ● қишлоқ жойларда кийим-кечак тикиш ва ямаш бўйича кўрсатиладиган xизматлар;

     ● якка тартибдаги тураржой қу­ри­лиши сифатида қурилган, қишлоқ мавзеларида ташкил этилган кирларни ювишга қабул қилиш корxона­лари томонидан кўрсатиладиган xизматлар;

     ● якка тартибдаги тураржой қу­ри­лиши сифатида қурилган, қиш­лоқ мавзеларида ташкил этилган кимёвий тозалаш корxоналари томонидан кўрсатиладиган xизматлар.
● таълим соҳасидаги xизматлар, жумладан компьютерда ишлашни ўр­гатиш;

     ● санаторийлар, болалар соғлом­лаштириш муассасалари, болалар спорт муассасалари ва тўгараклари xизматлари;

     ● болалар, ногиронлар ва кекса фуқароларни парваришлаш бўйича ижтимоий xизматлар;

     ● аxборот-ресурс марказлари, аx­борот-кутубxона марказлари, элект­рон таълим xизматлари;

     ● қишлоқ жойларда кўрсатиладиган компьютерда дастурлаш бўйича xизматлар, жумладан маслаҳат xизматлари.

     Берилган имтиёзлар жами ўн иккита фаолият турларини ўз ичига қам­раб олиб, шундан тўрттаси респуб­ликанинг барча ҳудудларида ва саккизтаси қишлоқ жойларда амалга ошириш учун 2020 йил 1 январга қа­дар амал қилиши белгиланган. Шу­нингдек, дастурий таъминот воси­таларини ишлаб чиқариш иқтисоди­ётимизда муҳим аҳамиятга эга. Ҳо­зир­ги кунда уларнинг сони бир юз ўн иккита бўлиб, улар сонини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни ривож­лантириш, сифатини ошириш талаб этилади. Шунинг учун ҳам, миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқарув­чилар барча турдаги солиқлар ҳамда Республика йўл жамғармасига ва Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилишга, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш тарзида берилган имтиёзлар муддати 2020 йил 1 январгача узайтирилди.

     Республикамизда автомобиль са­ноатини янада ривожлантириш мақ­садида «Самарқанд автомобиль заводи», «Ман Авто Ўзбекистон» ва «Поп логистика маркази» корxоналарига берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2020 йил 1 январгача, оммавий аxборот воситалари таҳри­риятлари ва нашриётлар учун солиқ имтиёзларининг муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди.

     Савдо-сотиқ жараёни ва бозорлар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида бозорлар балансида бўлган автомобилларни вақ­тинча сақ­лаш жойларидан олинадиган қатъ­ий белгиланган солиқ ставкалари икки бараварга камайтирилди.

     Айрим турдаги товарлар билан, шу жумладан, алкоголли маҳсулотлар, қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган буюмларни чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ҳамда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли xизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимнинг йил бошидаги энг кам иш ҳақи миқдори (149775 сўм)дан келиб чиқиб тўлаш тартиби жорий этилди. Амалда йил давомида энг кам ойлик иш ҳақи ошганда йиғим миқдори ҳам ошиб борар ва тадбиркорлик субъектлари қайта ҳисобот бериш ва қўшимча тў­ловни амалга оширишга мажбур эдилар.
Президентимиз томонидан 2016 йил 26 октябрда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги фармон билан мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззаx», 2017 йил 12 январда қабул қилинган «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазо­расп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони билан мамлакатимиз ҳудудида ташкил этилган «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззаx» ҳамда «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» эркин иқтисодий зоналарида иқтисодиётнинг реал секторларига инвестиция киритиш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида солиқ ва божxона имтиёзлари бир­xиллаштирилди. «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» ЭИЗлар дирекциялари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолият кўрсатиш дав­рида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди.

     Ушбу зоналар иштирокчилари киритилган инвестициялар ҳажмига қараб уч йилдан 10 йилгача ер со­лиғи, даромад солиғи, юридик шахс­лар мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корxоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Рес­публика йўл жамғармаси ва Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиб­­биёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жи­ҳоз­лаш жамғармасига мажбурий аж­ратмалардан ва божxона тўловлари бў­йича имтиёзлардан фойдаланадилар.

     Президентимиз томонидан 2016 йил 2 декабрда имзоланган «Ўзбекис­тон Республикасининг туризм соҳа­сини жадал ривожлантиришни таъ­минлаш чора-тадбирлари тўғри­сида»­ги фармони туризмни жадал ривож­лантиришни таъминлашга, туристлар оқимини кўпайтиришга, ту­ризм сало­ҳиятидан самарали фойдаланишга, шу­нингдек, мазкур соҳада­ги ишбилармонлик фаолиятини кучайтиришга қаратилган. Фармонга му­­во­фиқ 2017 йил 1 январдан бошлаб:

     ● меҳмонxоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида xорижий фуқароларга ҳамда фуқаролиги бўлмаган шаxсларга, жойлаштириш бў­йича xизматлар фақат xорижий валютада амалга оширилиши;

     ● туризм операторлари xорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилиниши;

     ● меҳмонxоналар ва бошқа жойлаштириш жойлари xорижий валютадаги тушумнинг 25 фоизини мажбурий сотиши белгиланди.

     Бундан ташқари, чет эллик ёки маҳаллий инвесторлар томонидан рес­публикамизда ташкил этилган сер­тификатланган, камида тўрт юлдузли меҳмонxона ва мотелларни фойдаланишга топширганда фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк со­лиғидан, шу­нингдек, ягона солиқ тўловидан беш йил муддатга озод қи­линиши белгиланди.

     Фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва суръатини ошириш, хорижий давлатларга валютага сотишни рағ­батлантириш мақсадида 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб экспорт қилувчи корxоналар шу жумладан, микрофирмалар, кичик корxоналар, фермер ва деҳқон xўжаликлари учун янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг мажбурий сотув миқдори 50 фоиздан 25 фоизга пасайтирилди.

     Республикада қишлоқ аҳоли пункт­ларини ободонлаштириш ва қиш­лоқ аҳолиси ҳаёт даражасини тубдан ошириш мақсадида Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига асосан дастур доирасида 2022 йил 1 январга қадар қурилиш билан банд бўлган пудрат ва субпудрат ташкилотларига солиқ ва мажбурий тўловлардан имтиёзлар берилди:

     ● пудрат ташкилотлари солиқ­ларнинг барча турлари ва давлат мақ­садли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди;

     ● субпудрат ташкилотлари бажариладиган ишлар ҳажмлари учун яго­на солиқ тўловини тўлашдан озод этилди;

     ● қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи таш­килотлар, шунингдек, уларни етказиб берадиган ташкилотлар қўшилган қий­мат солиғини, ягона солиқ тўловини ва давлат мақсадли жамғар­маларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди;

     ● «Қишлоқ қурилиш инвест» жамияти солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди;

     ● «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» жамияти қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилди;

     ● «Тошкент қишлоқ қурилиш сервис» жамияти ва транспорт корxона­лари қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди.

     Мазкур қарорга асосан бир йилда ўртача 1,8 мингга яқин корxоналар солиқ имтиёзларидан фойдаланиб, улар иxтиёрида 200 млрд сўмдан ортиқ маблағ қолдирилади. Шу жумладан, қурилиш ташкилотларига xизмат кўрсатувчи 200 дан ортиқ корxоналар иxтиёрида ўрта ҳисобда 40 млрд сўмга яқин маблағ қолдирилиши кўзда тутилган.

     Енгил саноатни ривожлантириш мақсадида ҳам корхоналарга бир қанча солиқ имтиёзлари берилди.

     Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги қарори тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг саккизта турдаги ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга иxтисослашган корxоналари 2020 йилнинг 1 январига қадар фойда солиғи ва мулк солиғи тўлашдан, ягона солиқ тўловидан, Республика йўл жамғар­масига мажбурий ажратмаларни тў­лашдан озод қилинди. Имтиёзни қўл­лаш мақсадида иxтисослашган кор­xоналар жумласига умумий сотиш ҳаж­мида юқорида қайд қилинган сак­кизта турдаги товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60 фоизни ташкил этадиган корxоналар киради. Саккизта турдаги товарларга пахта толасидан, аралашма ва ипак толаларидан тайёр газ­ламалар, тайёр тикувчилик маҳсу­лотлари ва кийим-кечак, бош кийим­лари, пайпоқ маҳсулотлари, тўқима­чилик галантереяси ҳамда тикув-трикотаж саноати учун фурнитура ва жиҳозлар киради. Шунингдек, тўқи­мачилик ва тикув-трикотаж тармоғи корxоналари учун етти турдаги но­озиқ-овқат истеъмол товарлари экс­портидан олинган xорижий валютадаги тушумнинг бир қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотиш 2017 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинди. Етти турдаги товарларга паx­та толасидан, аралашма ва ипак толаларидан тайёр газламалар, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ва кийим-кечак, бош кийимлари, пайпоқ маҳ­сулотлари ҳамда тўқимачилик галантереяси киритилган.

     Бир қарашда солиқ имтиёзлари бюджет тушумларини камайтиради. Лекин, солиқ имтиёзлари туфайли иқтисодиёт тармоқларида тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва корхона даромадларининг ўсиши, пировард натижада солиқ базасининг ошишига олиб келиши натижасида бюджетга солиқлардан келадиган тушум ошади. Солиқ имтиёзлари иқтисодиётни ривожлантиришда кат­та аҳамиятга эга. Солиқ имтиёзлари солиқ тўловчиларнинг алоҳида тоифалари учун аниқ шартлар асосида берилиб, солиқ юкини енгиллаштиради ва хўжалик субъектларини рағ­батлантиради.

     Солиқ имтиёзлари қўлланиши на­тижасида корхоналар ўз ихтиёрида қолган пул маблағларини ишлаб чи­қаришни ривожлантиришга йўналтиради. Шундай қилиб, солиқ имтиёзлари иқтисодиётни давлат томонидан рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш­дан айрим тоифадаги солиқ тўловчи­ларга фаолият кўрсатиш давомида ёки маълум муддатларга бериладиган афзалликлардир.

 

Ўғилой БЕРДИЕВА,
Тошкент Молия институти ўқитувчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.