27 сентябрь 2021, Тошкент, Ўзбекистон – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Глобал Экологик Жамғарманинг молиявий кўмаги билан амалга оширилаётган «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида қишлоқ аҳолисини ижтимоий-иқтисодий, техник қўллаб-қувватлаш тадбирлари давом этмоқда. Ўзбекистонда лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Яқинда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Бухоро вилоятига замонавий қишлоқ хўжалиги жиҳозлари, шу жумладан, 10 та бурғулаш ускунаси, 10 та қўл пуркагич ва 10 та сув насосларини юборди.
«Лойиҳанинг муҳим вазифаларидан бири – томорқа ер участкаларидан янада самаралироқ фойдаланиш ва кўпроқ даромад олишлари учун уй хўжаликларига кўмаклашиш. Шу мақсадда, янги жиҳозлар Бухоро туманидаги томорқа ер эгаларига беғараз ёрдам сифатида топширилди. Бенефициарлар маҳаллий ҳокимият тавсияи бўйича танлаб олинди», – дея таъкидлади лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Бурғулаш ускунасидан фойдаланиш томорқа участкаларида мевали дарахтларни экишни анча осонлаштиради ва бу жараёнларни тезлаштириш имконини беради. Бу эса вақт ва ресурсларни тежайди, қурилманинг тузилмаси бурғулашнинг осон ва унинг юқори сифатли бўлишини таъминлайди.
Қулайлиги ва енгиллиги туфайли қўл пуркагичлардан ҳар хил иш шароитларида фойдаланиш мумкин. Қўл пуркагичлар томорқа ерларида экинлар зараркунанда ва касалликларига қарши курашишни осонлаштиради.
Сув насосларидан фойдаланиш томорқа участкаларини сув билан кафолатли таъминлаш имконини беради.
Яқин кунларда лойиҳа доирасида Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани аҳолисига ҳам шундай қишлоқ хўжалиги жиҳозлари беғараз ёрдам сифатида етказиб берилиши кўзда тутилмоқда.
Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ўзбекистонда бу лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.