«Коммерсантъ» хабарига кўра, платформа Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади. У ҳукуматга нафақат муҳожирларнинг ҳисобини юритиш, балки мамлакат бўйлаб кўчиб юришини назорат қилиш имконини ҳам беради.
Платформа давлат хизматлари портали билан интеграция қилинади ва муҳожирларга мобил илова шаклида тақдим этилади. Улар шахсий кабинет орқали давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади. Сервисдан Россия ҳудудида ҳам, ташқарисида ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Платформа доирасида хориж фуқароларининг умумий маълумотлар базаси яратилади. Идоралар эса хорижликларга электрон хизматларни кўрсатиш мақсадида ахборот алмашиш имкониятига эга бўлишади.
Муҳожирларни мониторинг қилиш тизими уларнинг Россияга кириш ва чиқиш санаси, жойи ҳақидаги маълумотга асосланади.
Softline компаниясининг миллий лойиҳалар бўйича раҳбари ўринбосари Андрей Шолохов сўзларига кўра, бундай маълумотларни электрон кўринишда тўплаш дунё амалиётида бор нарса. Аммо муҳожирларнинг мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракати ҳақидаги маълумотлар халқаро актлар нуқтаи назаридан ноқонуний ҳисобланади. Шу туфайли, мутахассис муҳожирларга gosuslugi.ru сайти ва «Многофункциональный центр» (МФЦ) хизматларини қисман очишни таклиф қилмоқда.
Россия ИИВ маълумотига кўра, ҳар йили мамлакатга 16,5 – 17 млн муҳожир келади ва платформа 2020-2022 йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсатини амалга ошириш учун яратилмоқда.
Меҳнат ресурсларини ҳисобга олиш ва ягона меҳнат бозорини шакллантириш масаласи – Евроосиё иқтисодий иттифоқининг йўналишларидан биридир. Аммо уни яратиш муҳожирларни рўйхатга олишнинг шаффоф тизимисиз мумкин эмас, деб таъкидлади «Цифровые процессы» компанияси раҳбари Виктор Смирнов.
Платформанинг ишга туширилиши натижасида давлат хизматлари порталига ўхшаш сервис пайдо бўлади. У муҳожирларга турли ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклигини эслатади, масалан, рус тили курсларини қаерда ўтиш мумкинлигини, деб қўшимча қилди Смирнов.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, платформани ишлаб чиқиш ва ишга тушириш учун камида 1 йил муддат ва 200-500 млн рубль талаб қилинади.
Манба: Kun.uz