Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳлари илмий даражалар бериш ҳуқуқига эга бўлади

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 7 апрелдаги «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4666 сонли қарори имзоланди.

Президент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 1 сентябрдан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида жойлашган тиббиёт олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллаган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қуйидаги таклифларига ҳам розилик берилган:

  • Тошкент врачлар малакасини ошириш институтини Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этиш;
  • Тошкент шаҳридаги 1-сон Республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникасини тузиш;
  • тиббиёт олий таълим муассасалари мавжуд бўлмаган ҳудудларда (Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятларида) ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида Марказ филиалларини очиш;
  • Марказда 2021 йилги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув-симуляцион марказини ташкил қилиш.

Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг тузилмаси тасдиқланган.

Тиббий-санитария ва фармацевтика кадрларининг узлуксиз касбий малакасини ошириш тизимида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб аккредитациядан ўтмасдан, ССВ томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида ўқитиш ҳуқуқи қуйидаги муассаса ва ташкилотларга тақдим этилади:

  • Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ва пуллик асосда – республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги илмий-тадқиқот институтлари ва ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари;
  • пуллик асосда – нодавлат тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда тегишли тиббий-санитария мутахассисликлар бўйича ўқув-симуляцион маркази (шу жумладан мобил ўқув-симуляцион марказ) ва илмий даражага эга мутахассислари мавжуд бўлган хусусий тиббиёт ташкилотлари.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шу жумладан бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасалари ходимларининг узлуксиз касбий малакасини ошириши мазкур бандда белгиланган муассаса ва ташкилотлар томонидан жойларда ташкил этиладиган сайёр цикллар ва масофадан туриб ўқитиш асосида амалга оширилиши белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги узлуксиз касбий малака ошириш тизимида тиббиёт ходимларини ўқитиш билан шуғулланадиган ташкилотларга юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда махсус ўқув курсларини ташкил қилишда яқиндан кўмаклашади.

Белгиланмоқдаки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • шифокорлар учун ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтиш тартиби киритилади ҳамда уларга қулайлик яратиш ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестацияни онлайн тартибда аудио ва видеокузатув остида ташкил этиш тизими жорий этилади;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш учун тўлов бекор қилинади.

Тиббий-санитария ва фармацевтика кадрлари учун малака оширишни назарда тутувчи узлуксиз касбий таълим тизимини жорий этган тиббиёт олий таълим муассасалари (шу жумладан нодавлат тиббиёт олий таълим муассасалари), республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига малака оширишдан муваффақиятли ўтган мутахассисларга ўтилган ўқиш кредитлари кўрсатилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган намунадаги сертификат расмийлаштириш ҳуқуқи берилади.
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.