2021 йилнинг 2-3 декабр кунлари Тошкент шаҳрида CADI (Марказий Осиё чўллари бўйича ташаббус) лойиҳаси доирасида Мўътадил чўллар бўйича биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Германиянинг Грайфсвальд университети ва Майкл Зукков жамғармаси тадбирнинг асосий ташкилотчилари бўлдилар.
Конференцияда тадқиқотчилар, илмий доиралар ва илмий муассасалар вакиллари, шунингдек, манфаатдор шахслар, маҳаллий ва халқаро университетлар талабалари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Конференция мўътадил чўл ҳудудларини ривожлантириш ва сақлаш имкониятларини муҳокама қилиш, шунингдек, ерларни барқарор бошқариш бўйича илғор технологиялар ҳақида хабардорликни ошириш, мўътадил чўл ҳудудлари экотизимларида биохилма-хилликни сақлаш бўйича билимларни тарқатиш учун яхши платформага айланди.
Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг мўътадил чўллари Марказий Осиёнинг биологик хилма-хилликни сақлаш учун глобал аҳамиятга эга бўлган минтақалар қаторига киради ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи маълумотларига кўра Жаҳон мероси объектлари мақомини олиш учун даъвогар бўлиши мумкин. Бу ўзига хос ландшафтлар, ҳайвонларнинг ноёб турлари, жумладан, ёввойи жайрон, қулонларнинг яшашини таъминлайди. Улар, шунингдек, бургут, тувалоқ ва лочин каби қуш турлари учун муҳим уя қуриш ва кўчиб ўтиш жойлари бўлиб хизмат қилади. Лекин ҳозирги вақтда табиий ресурслардан ҳаддан ташқари фойдаланиш ва кенг кўламли инфратузилмалар қурилиши сабабли ушбу ҳудудлар хавф остида қолмоқда.
Айнан мана шу жойлар Марказий Осиё чўллари ташаббусининг мақсадли ҳудудлари ҳисобланади. Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилган CADI лойиҳаси 2016 йилдан буён Грайфсвальд университети, Майкл Зукков жамғармаси ва ФАО томонидан Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда амалга оширилмоқда.
«Марказий Осиё Ер шарининг энг катта қитъаси марказида жойлашган биологик хилма-хилликнинг глобал ўчоғи ҳисобланади. Бу минтақада кўплаб ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвон ва қуш турларининг яшаш ҳамда кўпайиш жойлари, миграция йўлаклари ва учиш йўналишлари мавжуд. CADI лойиҳаси глобал аҳамиятга эга ноёб экотизимлари бўлган мўътадил чўлларни сақлаш ва барқарор фойдаланишга қаратилган», – дея таъкидлайди CADI лойиҳасининг Ўзбекистондаги Миллий координатори Наримон Нишонов.
Лойиҳа доирасида мўътадил чўлларнинг қийин шароитларида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган аҳоли қўллаб-қувватланади. Жумладан, лойиҳа фаолияти жунни қайта ишлаш, тикувчилик, сутни қайта ишлаш, оилаларни асаларичилик учун ускуналар билан таъминлаш, шунингдек, уруғлик ва кўчатлар тарқатиш каби тадбирларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, CADI лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, хотин-қизлар ўртасида ҳунармандчиликнининг ҳар хил турларини ривожлантириш, иссиқхоналарда кўчатчилик ташкил қилиш, асаларичиликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ўқув тренинглари ўтказилмоқда. Бунда, хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалигига қўшаётган беқиёс ҳиссаларини инобатга олган олган ҳолда лойиҳа тарафидан гендер тенглигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.