Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши электр энергиясига талабнинг ортиши билан чамбарчас боғлиқ. Саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат кўрсатиш соҳалари, шунингдек, тиббиёт, илмий ва таълим муассасалари ва албатта, турар-жой мажмуалари ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси – буларнинг барчаси электр энергиясининг энг йирик истеъмолчилари ҳисобланади. Бу ҳолат эса, шубҳасиз, дунёдаги экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки анъанавий усуллар билан электр энергияси ишлаб чиқариш атмосферага жуда кўп миқдорда газларни чиқаришга ва оқибатда атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келади. Бу эса муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, шунингдек, атом энергияси маҳсулотларига мурожаат қилишнинг асосий сабабларидан биридир.
Ядро энергияси қайта тикланадиган энергия манбаларидан кўра кўпроқ эмиссия ҳосил қилмайди, шунинг учун уни тоза энергия манбаи, деб ҳисоблаш мумкин. Ядро энергияси узлуксиз, яъни у шамол ёки қуёшга таянмайди ва атом электр станциялари бир йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида узилишларсиз ёки техник хизмат кўрсатмасдан ишлаши мумкин. Бу эса уларни янада ишончли энергия манбаига айлантиради.
Бу омиллар, шубҳасиз, мамлакатимиз ҳукумати томонидан атом энергетикасини ривожлантириш негизида ишлаб чиқарилаётган Ўзбекистон уран саноатини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътиборнинг тасдиғи ва асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган «Навоийуран» давлат корхонаси ташкил этилди. Ҳозирги вақтда корхонанинг Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги таркибий бўлинмалари томонидан уран қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда. Уран оксиди кўринишидаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспортга жўнатилади.
«Навоийуран» давлат корхонаси мустақил фаолият бошлаганининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимиз ҳукуматининг алоҳида эътиборида бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 14 июлда имзоланган «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уран ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва трансформация қилиш ҳажмини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор корхонанинг келажакдаги истиқболларида муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур қарорда уран хомашё базасини барқарор ривожлантириш, уни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни кўпайтириш, трансформация қилиш, саноатга инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш вазифалари билан бир қаторда 2030 йилгача уран минерал-хомашё базасини 100 минг тоннага етказиш ҳамда янги конларни ўзлаштиришга жалб этиш, шунингдек, уран хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмини икки баравар оширишга қаратилган геология-қидирув ва экспериментал саноат ишларини янада кенгайтириш вазифалари белгилаб берилди.
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида 2023 йилда уран қазиб олишнинг ўсиш суръати 114 фоизни ташкил этди. 2023 йилги Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида 7 та лойиҳага 62,1 млн. доллар сарфланди ва қиймати 4,95 млн. доллар бўлган «Ақтау» конида ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш лойиҳаси ишга туширилди.
Корхонада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажариш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида барча технологик жараёнларни ташкил этишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Технологик бурғилашнинг ўсиш суръатларига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири бу бурғилаш ускуналари ишлашини самарали ташкил этишдир. Мазкур йўналишда ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари натижасида 2023 йилда технологик бурғилаш ишларининг умумий ҳажми 1,7 млн. метрдан ортиқни, 1 дона бурғилаш ускунасидан ишлаб чиқариш кўрсаткичи 1,8 минг метрни ташкил этди.
2022 йилда уран қазиб олиш ҳажми ундан олдинги йилга нисбатан 102,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 8 фоизга ошган. 2023 йилда маҳсулдор эритмалар ишлаб чиқариш ҳажми 251 миллион куб метрни ташкил этди.
Технологик жараёнлар ишини бирлаштириш ва ташкил этишни такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 1 ноябрдан Нурота, Букантау ва Зирабулоқ геология-қидирув экспедициялари «Навоийуран» давлат корхонасининг бўлинмалари таркибига киритилиб, бу билан мустақил равишда геология-қидирув ишларини юритиши белгиланди. «Навоийуран» ДК раҳбарияти томонидан амалга оширилган ташкилий-техник чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2023 йилда битта қурилманинг ишлаб чиқариш унумдорлиги 1,8 минг метрни ташкил этди ёки аввалги йилга нисбатан 50,2 фоизга кўп бўлди.
«Навоийуран» ДК ишлаб чиқариш қувватларида уран ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини қамраб олувчи саноат кластерини ташкил этишнинг асосий шартларидан бири бу корхона таркибида сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи ҳамда пластмасса қувурлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехининг мавжудлигидир. Бу агрегатлар компаниянинг уран қазиб олиш технологияси учун муҳим бўлган сульфат кислота ва қувурли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжининг асосий қисмини таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, «Навоийуран» давлат корхонаси технологик жараённи сульфат кислота ва қувурли маҳсулотлар билан таъминлайдиган дунёдаги ягона уран қазиб олувчи корхона хисобланади. Бундан 30 йил муқаддам фойдаланишга топширилган сульфат кислота ишлаб чиқариш корхонаси бугунги кунда корхонанинг сульфат кислотага бўлган эҳтиёжининг 60 фоизини қондирмоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш 2014 йилдан бошлаб цехнинг ишлаб чиқариш унумдорлигини йилига 500 тоннадан зиёдга ошириш имконини берди. Бу эса лойиҳа қувватидан 50 тоннага юқоридир. Шундай қилиб, 2023 йилда сульфат кислота ишлаб чиқариш ҳажми 525,4 минг тоннани ташкил этди.
Сульфат кислота ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини такомиллаштириш мақсадида қуввати 6 МВт бўлган буғ турбинали генератордан фойдаланилмоқда. Бу сульфат кислота ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган буғни электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатиш имконини беради. Шундай қилиб, буғ турбинаси генераторининг ўртача йиллик электр энергия ишлаб чиқариши 35 миллион кВтни ташкил этади. Бу эса устахона электр энергиясининг деярли 80 фоизини таъминлайди. Олтингугурт кислотасини ишлаб чиқариш жараёнида технологик жараёнларни ташкил этишда инновацион ёндашув ҳам қўлланилади. Хусусан, асосий хомашё бўлган олтингугурт аралашмаларини тозалашда патентланган технология қўлланилади. Бундан ташқари қимматбаҳо диатомли тупроқ кукуни сарфланган ванадий катализаторининг силикат базасидан тайёрланган арзонроқ ноорганик адсорбент билан алмаштирилади.
Асрор ТЎРАБОЕВ, «Навоийуран» ДК Бош директорнинг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари
Назира ЭРГАШЕВА, «Навоийуран» ДК бюджетлаштириш, харажатлар ва рискларни
бошқариш бўлими бошлиғи
Fikr bildirish