Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ишлаб чиқаришни самарали жойлаштириш янгича кўринишга, ўзига хос иқтисодий ўсиш ва мутаносибликни таъминлаш шаклига айланади. Ушбу жараён саноат корхоналарини рақобатбардошлик даражаси, минтақаларнинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан унумли фойдаланиш, энг асосийси, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, фаровонликни сифат жиҳатдан янада юқори кўтаришда муҳим роль ўйнайди. Юртбошимиз таъкидлаб ўтганларидек: «Биз учун асосий вазифа – ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттиришдан иборат бўлиши зарур».
Республикада саноатни ўрта ва узоқ муддат давомида барқарор ривожлантиришга мўлжалланган давлат дастурларини амалга оширишда минтақаларга тўғридан-тўғри жалб қилинадиган хорижий инвестициялар муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, минтақаларда тизимли тарзда йўлга қўйиладиган ва параллел ривожлантириладиган корхоналарни жойлаштириш сиёсати мутаносиб равишда иқтисодий ўсиш билан узвий боғлиқдир. Шу сабабли ҳам, мамлакатимизда ривожланишнинг миллий моделига мос келувчи ишлаб чиқаришни жойлаштириш сиёсати шакллантирилишининг илмий-услубий жиҳатларини таҳлил қилиш асосида назарий ва услубий таклифлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Бунда минтақавий иқтисодиётнинг шаклланиш давридаги классик назарияларни чуқурроқ ўрганиш ҳамда умумлаштирилган ҳолда таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ жиҳатлар, дейиш мумкин. Классик қарашларга мувофиқ минтақавий ривожланишнинг учта асосий йўналиши мавжуд:
Биринчи йўналиш – корхоналарни жойлаштиришнинг энг қулай вариантларини таклиф қилиш, яъни жойлаштириш сиёсати.
Иккинчи йўналиш – минтақа ёки алоҳида марказларнинг оптимал таркибини шакллантиришга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш.
Учинчи йўналиш – юқоридаги иккита йўналишга ягона назария ва услуб сифатида қараш.
Бизнинг фикримизча, корхоналарни минтақавий тарзда мутаносиб жойлаштириш сиёсати билан саноатни ривожлантириш ўзаро бир-бирига боғлиқ яхлит жараён бўлиб, уларни сунъий равишда ажратиб бўлмайди. Минтақавий ривожланиш ва жойлаштириш сиёсатини таҳлил қилиш ва прогнозлаштиришни миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда мамлакат (минтақалараро даражада), шунингдек, алоҳида минтақа (ҳудудий таркибини шакллантириш) доирасида амалга ошириш минтақавий иқтисодиёт фанининг ривожланиш концепциясига тўғри келади.
Жаҳон тажрибасида минтақавий барқарор ривожланиш назариясининг турли кўринишлари ва шакллари мавжуд (1-расм). Ушбу назариялар (Кейнс, неоклассик, институционал, эволюцион, мослашув назариялари) таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар орасидаги асосий фарқ минтақавий иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда давлатнинг ўрни қай даражада бўлиши билан боғлиқ. Жумладан, мамлакатимизда мустақиллик йилларида минтақаларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бевосита давлатнинг иштирокида амалга оширилганлигини таъкидлаш лозим. Ўз навбатида, йирик саноат корхоналарини мутаносиб тарзда ва самарали шаклда жойлаштиришда ҳам давлатнинг фаол иштирокини кузатиш мумкин.
Минтақаларни ривожлантириш назарияси биринчи бўлиб, Европада шаклланган ва кейинчалик такомиллаштирилган кўринишда ишлаб чиқаришни жойлаштириш назариялари билан ўзаро боғланган.
Марказий ҳудудларнинг параметрларини қуйидаги Бекменн-Парра тенгламаси ёрдамида аниқлаш мумкин:
Pm – марказий ҳудуддаги аҳолининг ўртача сони;
P(m+1) – кейинги даражадаги марказий ҳудуддаги ўртача аҳоли сони;
K – турли даражадаги марказий ҳудудларнинг умумий сони;
k – алоҳида марказий ҳудуднинг аҳолига умумий хизмат кўрсатиш улуши.
Таҳлил қилинган ишлаб чиқаришни жойлаштириш назариялари ва услубларини умумлаштирган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, уларнинг аксарияти ХХ асрда шаклланган бўлиб, ушбу назарияларни ҳозирги глобаллашув ва информацион технологиялар даврида тўғридан-тўғри татбиқ этиб бўлмайди ҳамда уларни абсолютлаштириш ҳам мумкин эмас. Шу сабабли, жойлашув назарияси ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олинган ҳолда танқидий жиҳатдан ўрганилиши ва ижобий томонларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ тарзда амалга оширилиши лозим.
Бозор муносабатлари шароитида ишлаб чиқариш омиллари, жумладан, саноатни жойлаштириш принциплари шаклланишига муҳим эътибор берилади. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришга бағишланган хориж ва мамлакатимиз олимлари томонидан чоп этилган мақолалар, назарий ва услубий ёндашувлар, шунингдек, тўпланган амалий тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, корхоналарни мутаносиб шаклда жойлаштириш ва минтақавий ривожланиш ўртасидаги муносабатлар ўзига хос тизим, тамойиллар кўринишида намоён бўлади.
Биз, юқорида таъкидлаб ўтган ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштириш, энг аввало, самарадорлик омилларини ошириш (юқори даражада фойда олиш, маҳсулот таннархини камайтириш)га ва мавжуд минтақанинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилган ҳолда, экологик вазиятни тубдан яхшилашга, аҳоли турмуш даражасини янада юқори даражага кўтаришга имкон беради.
Олиб борилган таҳлилларимиз натижасида ишлаб чиқаришни жойлаштиришда вужудга келган принциплар қуйидаги 2-расмда ўз аксини топди.
Ишлаб чиқаришни оқилона ва самарали жойлаштиришдан кўзда тутилган асосий мақсад – маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш учун кетадиган харажатларини максимал даражада камайтириш, минтақада рақобатбардош корхоналарни жойлаштиришдан иборат.
Минтақаларни мажмуали ривожлантириш қонунияти турли соҳа ва тармоқлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мувофиқлаштириш жараёнида намоён бўлади ҳамда у барқарор иқтисодий ўсиш омилларини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз ўрнида минтақа иқтисодиёти таркиби, табиий иқтисодий салоҳияти, реал сектор ва ижтимоий соҳалар уйғунлигини яратиши, инфратузилмалар фаоллашувини, аҳолининг турмуш даражаси мутаносиблигини таъминлаш каби жиҳатлар тизимли шаклда йўлга қўйилиши ва ишлаб чиқаришнинг оқилона жойлаштирилиши билан бевосита боғлиқ.
Минтақалараро ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тафовутларини камайтириш ишлаб чиқаришни жойлаштириш сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу эса, мавжуд тафовутларни маълум даражада қисқартириши, айниқса, аҳоли қайси ҳудудда яшашидан қатъий назар, бу жиҳат унинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бунда, биринчи навбатда, инвестицияни минтақалар бўйича тақсимланишига эътибор қаратиш, яъни ишлаб чиқариш субъектлари ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштиришга энг муҳим зарурият сифатида қараш талаб этилади.
Бозор муносабатлари шароитида ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг асосий тамойилларини умумлаштирган ҳолда тўртта йўналишга ажратиш мумкин (3-расм).
Биринчидан, ишлаб чиқаришни энергия, хомашё, ёқилғи манбаларига ва истеъмол жойларига яқинлаштириш тамойили амалга оширилганда узоқ масофага юкларни ташиш жараёнидаги харажатларни камайтириш билан боғлиқ муаммоларни ечиш кўзда тутилади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий самарадорлик ошишига олиб келади.
Иккинчидан, мамлакатимизда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали саноатни модернизациялашга устувор йўналиш сифатида қаралмоқда.
Ушбу жараён хориж давлатлари билан иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, халқаро меҳнат тақсимотининг афзалликларидан унумли фойдаланишни тақозо қилади. Хорижий инвестициялар мавжуд рақобатбардошлик афзалликларини юзага чиқаришда ва табиий-иқтисодий салоҳиятдан оқилона фойдаланишда кенг имкониятлар очиб беради.
Учинчидан, мамлакатимизда мавжуд бой табиий захираларнинг, авваламбор, энг рақобатбардош тармоқларни ўзлаштириш, улардан мажмуали тарзда фойдаланиш кўзда тутилади.
Тўртинчидан, экологик вазиятни соғломлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш ишлаб чиқаришни жойлаштиришдаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Минтақада жойлаштирилиши таклиф этилаётган корхоналар мажбурий равишда экологик экспертизадан ўтказилиши, унинг табиатга салбий оқибатларини йўқотиш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш жиддий зарурият сифатида қабул қилиниши лозим.
Обидхон САЙДАХМЕДОВ,
катта илмий ходим-изланувчи