(O´zbek) Mintaqalarda ishlab chiqarishni mutanosib joylashtirish omillari

1/2016

Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Иқтисодиётни модерниза­циялаш шароитида иш­лаб чиқаришни самарали жойлаштириш янгича кўринишга, ўзига хос иқ­тисодий ўсиш ва мутаносиб­ликни таъминлаш шаклига айланади. Ушбу жараён саноат корхоналарини рақо­батбардошлик даражаси, минтақа­ларнинг табиий-иқтисодий салоҳи­ятидан унум­ли фойдаланиш, энг асосийси, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш, фаровонликни сифат жиҳатдан янада юқо­ри кўтаришда муҳим роль ўйнайди. Юртбошимиз таъкидлаб ўтганларидек: «Биз учун асосий вазифа – ишлаб чиқа­ришни техник ва тех­нологик жиҳат­дан узлуксиз янгилаб бориш, доимий равишда ички имконият ва захираларни излаб топиш, иқтисо­диётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш­ни изчил давом эттиришдан иборат бўлиши зарур».
     Республикада саноатни ўрта ва узоқ муддат давомида барқарор ривожлантиришга мўлжалланган давлат дастурларини амалга оширишда минтақаларга тўғридан-тўғри жалб қилинадиган хорижий инвестициялар муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, минтақаларда тизимли тарзда йўлга қўйиладиган ва параллел ривожлантириладиган корхоналарни жойлаштириш сиёсати мутаносиб равишда иқтисодий ўсиш билан узвий боғлиқдир. Шу сабабли ҳам, мамлакатимизда ривожланишнинг миллий моделига мос келувчи ишлаб чиқаришни жойлаштириш сиёсати шакллантирилишининг илмий-услубий жиҳатларини таҳлил қилиш асосида назарий ва услубий таклифлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
     Бунда минтақавий иқтисодиёт­нинг шаклланиш давридаги классик назарияларни чуқурроқ ўрганиш ҳам­да умумлаштирилган ҳолда таҳ­лил қи­лиш мақсадга мувофиқ жиҳат­лар, дейиш мумкин. Классик қарашларга мувофиқ минтақавий ривожланишнинг учта асосий йўналиши мавжуд:
Биринчи йўналиш – корхоналарни жойлаштиришнинг энг қулай вариантларини таклиф қилиш, яъни жойлаштириш сиёсати.
     Иккинчи йўналиш – минтақа ёки алоҳида марказларнинг оптимал таркибини шакллантиришга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш.
Учинчи йўналиш – юқоридаги иккита йўналишга ягона назария ва услуб сифатида қараш.
     Бизнинг фикримизча, корхоналарни минтақавий тарзда мутаносиб жойлаштириш сиёсати билан саноатни ривожлантириш ўзаро бир-бирига боғлиқ яхлит жараён бўлиб, уларни сунъий равишда ажратиб бўлмайди. Минтақавий ривожланиш ва жойлаштириш сиёсатини таҳлил қилиш ва прогнозлаштиришни миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда мамлакат (минтақалараро даражада), шунингдек, алоҳида минтақа (ҳудудий таркибини шакллантириш) доирасида амалга ошириш минтақа­вий иқтисодиёт фанининг ривожланиш концепциясига тўғри келади.
     Жаҳон тажрибасида минтақавий барқарор ривожланиш назариясининг турли кўринишлари ва шакллари мавжуд (1-расм). Ушбу назариялар (Кейнс, неоклассик, институционал, эволюцион, мослашув назария­лари) таҳлили шуни кўрсат­моқ­даки, улар орасидаги асосий фарқ минта­қавий иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда давлатнинг ўрни қай даражада бўлиши билан боғлиқ. Жумладан, мамлакатимизда мустақиллик йилларида минтақалар­ни барқарор ижтимо­ий-иқ­ти­содий ривожлантириш бевосита давлатнинг иштирокида амалга оширилганлигини таъкидлаш ло­зим. Ўз навбатида, йирик саноат корхоналарини мутаносиб тарзда ва самарали шаклда жойлаштиришда ҳам давлатнинг фаол иштирокини кузатиш мумкин.

 

Saydaxmedov_2

     Минтақаларни ривожлантириш назарияси биринчи бўлиб, Европада шаклланган ва кейинчалик такомиллаштирилган кўринишда ишлаб чи­қа­ришни жойлаштириш назариялари билан ўзаро боғланган.
     Марказий ҳудудларнинг параметрларини қуйидаги Бекменн-Парра тенгламаси ёрдамида аниқлаш мумкин:

Saydaxmedov_1
 
     Pm – марказий ҳудуддаги аҳолининг ўртача сони;
     P(m+1) – кейинги даражадаги марказий ҳудуддаги ўртача аҳоли сони;
     K – турли даражадаги марказий ҳудуд­ларнинг умумий сони;
     k – алоҳида марказий ҳудуднинг аҳо­лига умумий хизмат кўрсатиш улуши.
     Таҳлил қилинган ишлаб чиқариш­ни жойлаштириш назариялари ва ус­лубларини умумлаштирган ҳолда шу­ни таъкидлаш лозимки, уларнинг аксарияти ХХ асрда шаклланган бўлиб, ушбу назарияларни ҳозирги глобал­лашув ва информацион технологиялар даврида тўғридан-тўғри тат­биқ этиб бўлмайди ҳамда уларни абсолютлаштириш ҳам мумкин эмас. Шу сабабли, жойлашув назарияси ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олинган ҳолда танқидий жи­ҳатдан ўрганилиши ва ижобий томонларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ тарзда амалга оши­рилиши лозим.
     Бозор муносабатлари шароитида ишлаб чиқариш омиллари, жумладан, саноатни жойлаштириш принциплари шаклланишига муҳим эътибор берилади. Ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришга бағишланган хориж ва мамлакатимиз олимлари томонидан чоп этилган мақолалар, назарий ва ус­лубий ёндашувлар, шунингдек, тўп­ланган амалий тажрибалар шуни кўр­сатмоқдаки, корхоналарни мутаносиб шаклда жойлаштириш ва мин­тақавий ривожланиш ўртасидаги муносабатлар ўзига хос тизим, тамойил­лар кўринишида намоён ­бўлади.
     Биз, юқорида таъкидлаб ўтган ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштириш, энг аввало, самарадорлик омилларини ошириш (юқори даражада фойда олиш, маҳсулот таннархини камайтириш)га ва мавжуд минтақанинг табиий-иқтисодий са­ло­ҳиятидан самарали фойдаланишга хизмат қилган ҳолда, экологик вазиятни тубдан яхшилашга, аҳоли турмуш даражасини янада юқори даражага кўтаришга имкон беради.
     Олиб борилган таҳлилларимиз натижасида ишлаб чиқаришни жойлаштиришда вужудга келган принциплар қуйидаги 2-расмда ўз аксини топди.
Ишлаб чиқаришни оқилона ва самарали жойлаштиришдан кўзда тутилган асосий мақсад – маҳсулот­ларнинг ишлаб чиқариш учун кетадиган харажатларини максимал даражада камайтириш, минтақада ра­қобатбардош корхоналарни жойлаш­тиришдан иборат.
 
Saydaxmedov_3
 
     Минтақаларни мажмуали ривож­лантириш қонунияти турли соҳа ва тар­моқлар ўртасидаги ўзаро боғлиқ­ликни мувофиқлаштириш жараёнида намоён бўлади ҳамда у барқа­рор иқтисодий ўсиш омилларини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз ўрнида минтақа иқти­содиёти таркиби, табиий иқтисо­дий салоҳияти, реал сектор ва ижтимоий соҳалар уйғунлигини яратиши, инфратузилмалар фаоллашувини, аҳо­ли­нинг турмуш даражаси му­таносиб­лигини таъминлаш каби жиҳатлар тизимли шаклда йўлга қўйилиши ва иш­лаб чиқаришнинг оқилона жойлаштирилиши билан бевосита боғ­лиқ.
     Минтақалараро ижтимоий-иқти­содий ривожланиш тафовутларини камайтириш ишлаб чиқаришни жойлаштириш сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бу эса, мавжуд тафовутларни маълум даражада қис­қартириши, айниқса, аҳоли қайси ҳудудда яшашидан қатъий назар, бу жиҳат унинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Бунда, биринчи навбатда, инвестицияни минта­қалар бўйича тақсимланишига эътибор қаратиш, яъни ишлаб чиқариш субъектлари ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштиришга энг муҳим зарурият сифатида қараш талаб этилади.
     Бозор муносабатлари шароитида ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг асосий тамойилларини умумлаштирган ҳолда тўртта йўналишга ажратиш мумкин (3-расм).
 
Saydaxmedov_4
     Биринчидан, ишлаб чиқаришни энергия, хомашё, ёқилғи манбаларига ва истеъмол жойларига яқинлаш­тириш тамойили амалга оширилганда узоқ масофага юкларни ташиш жараёнидаги харажатларни камайтириш билан боғлиқ муаммоларни ечиш кўзда тутилади. Бу эса, ўз нав­батида, иқтисодий самарадорлик ошишига олиб келади.
     Иккинчидан, мамлакатимизда тўғ­ридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали саноатни модернизациялашга устувор йўналиш сифатида қаралмоқда.
     Ушбу жараён хориж давлатлари билан иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, халқаро меҳнат тақси­мотининг афзалликларидан унумли фойдаланишни тақозо қилади. Хорижий инвестициялар мавжуд рақо­бат­бардошлик афзалликларини юзага чиқаришда ва табиий-иқтисодий са­­лоҳиятдан оқилона фойдаланишда кенг имкониятлар очиб беради.
     Учинчидан, мамлакатимизда мав­жуд бой табиий захираларнинг, авваламбор, энг рақобатбардош тар­моқларни ўзлаштириш, улардан маж­муали тарзда фойдаланиш кўзда ту­тилади.
     Тўртинчидан, экологик вазиятни соғломлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш ишлаб чиқаришни жойлаштиришдаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Минтақада жойлаштирилиши таклиф этилаётган кор­хоналар мажбурий равишда экологик экспертизадан ўтказилиши, унинг табиатга салбий оқибатларини йўқо­тиш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш жиддий зарурият сифатида қабул қилиниши лозим.
 
Обидхон САЙДАХМЕДОВ,
катта илмий ходим-изланувчи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.