Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш масалаларига устувор аҳамият берилди. Айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, эркин фаолият кўрсатиши учун яратиб берилган шарт-шароитлар ўзининг юқори самарасини кўрсатмоқда. Яъни, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, реал даромадларни ошириш, иш билан таъминлашда муҳим йўналиш эканлигини амалда исботламоқда.
Дарҳақиқат, бу каби ижобий ўзгаришлар Сурхон воҳаси агросаноат тармоғида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Бу ерда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган «Абдураҳмон Абдуғаффор давр» фермер хўжалиги иқтисодий имкониятларини тобора кенгайтириб бораётган нуфузли меҳнат жамоаларидан бири сифатида танилган. Чунки, А. Аҳмедов раҳбарлик қилаётган мазкур хўжалик аъзолари ер билан тиллашадиган, сидқидилдан меҳнат қиладиган тажрибали миришкорлар эканлигини ҳар йили исботлаб келишмоқда. Аҳил жамоа бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилаётганлиги туфайли, воҳанинг намунали, кўп тармоқли фермер хўжаликларидан бирига айланди.
Агар натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар бир жабҳада фермер хўжалиги самарали фаолият кўрсатаётганини кузатиш мумкин. Бу ерда деҳқончилик, боғдорчилик ва тадбиркорлик ишлари ҳам замонавий бошқарувга асосланаётганлигига гувоҳ бўласиз.
Жумладан, фермер хўжалигига «Агробанк» филиалининг 660 млн сўм кредити жалб этилиб, харажатларни қисқа фурсатда қоплаш имконини берадиган 10 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди ҳамда 12 та иш ўрни яратилди. Қолаверса, хўжаликда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани шакллантириш, ирригация тизимини барпо қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу жиҳат экинлар ҳосилдорлигига, етиштирилган маҳсулотларнинг сифати тубдан яхшиланишига хизмат қилаяпти.
Бу муваффақиятларда, албатта, аграр ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчиликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани муҳим омил бўлмоқда. Бу эса, кўп тармоқли фермер хўжаликларини шакллантиришга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, тўкин-сочинликни таъминлашга, муқим иш ўринлари яратишга сабаб бўлмоқда.
Ўз фаолиятини тўлиқ оқлаётган фермерлик ҳаракати юртимизда жуда қисқа давр ичида нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий ишлаб чиқарувчиси, балки аграр соҳани ва у билан боғлиқ бошқа тармоқларни ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланди. Масалан, мазкур хўжаликда ўз маблағи ҳисобига 80,3 минг доллар қийматга эга бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари учун зарур бўлган пластмасса қутилар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Бунинг натижасида яна бешта янги иш ўрни яратилди.
Қишлоқ мулкдорлари ўз олдига қўйилган улкан мақсадларини босқичма-босқич амалга ошираётгани туфайли, юртимиздаги кўплаб фермер хўжаликлари шаклланиш давридан ўтиб, бугун тўла маънода саноат мажмуи сифатида фаолият юритмоқда. Энди, бу хўжаликлар фақат хомашё маҳсулотлари ёки мева-сабзавот етиштириш билан чекланаётгани йўқ, балки уларни чуқур қайта ишлаб, бежирим қадоқларда истеъмолчига етказиб бермоқда. Бу таърифу тавсифлар «Абдураҳмон Абдуғаффор давр» фермер хўжалиги фаолиятига ҳам тааллуқли, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Халқимизда «Қаловини топсанг қор ҳам ёнади», деган ибора бежиз айтилмайди. Мазкур хўжалик меҳнат жамоаси ҳам ана шу иборанинг маъно-мазмунини теран англаб, янги-янги лойиҳаларга дадил қўл урмоқда. Мисол учун, яқинда бу ерда 450 млн сўм эвазига катта бир лойиҳа амалга оширилди. Натижада, бир гектару 30 сотих ер майдонида иссиқхона қад ростлади. Иссиқхонага 1100 туп лимон кўчатлари экилиб, бешта янги иш ўрни яратилди.
Фермер хўжалигида маҳсулотларни хориж бозорларига чиқариш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўтган йили Россия ва Қозоғистонга олти млн 640 минг доллар қийматидаги турли хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, самарадорлик ва рентабеллик изчиллигини таъминлайдиган моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ер майдонларини оптималлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қўлланишига муҳим эътибор берилмоқда.
Айни пайтда қишлоқларда фермерларга кенг кўламли хизмат кўрсатувчи замонавий ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси яратилмоқда. Масалан, «Ўзсаноатқурилишбанк» филиали томонидан 2011 йилда ажратилган 2,5 млрд сўм кредит маблағи эвазига 2000 тонна сиғимга эга бўлган музлаткичли омборхона ташкил этилди. Замон талабларига тўла жавоб берадиган ушбу иншоотда ҳозир 10 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Айни пайтда, бу ерда «Микрокредитбанк» кредити ҳисобига 249 минг долларга 1000 тонналик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлайдиган яна бир музлаткичли омборхона қурилмоқда. Ушбу лойиҳа шу кеча-кундузда ишга туширилади ва яна бешта янги иш ўрни яратилади.
Хулоса қилиб айтганда, дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора ўткир муаммога айланиб бораётган бугунги кунда мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар нақадар долзарб ва муҳим эканлигини англаймиз. Шу билан бирга, деҳқон ва фермерларимизнинг самарали меҳнати эвазига яратилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари халқимиз эҳтиёжини тўла-тўкис таъминлаётгани кишига мамнуният бағишлайди.
Саидмурод РАҲИМОВ,
«O‘zIA» мухбири