(O´zbek) Aloqa va axborotlashtirish xizmatlarining buxgalteriya hisobi

3/2016

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

    Бугунги жамият тараққиё­тини ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, глобаллашув жараёнлари айнан алоқа ва ахборот алмашиш соҳасининг жадал суръатда тараққий этиши билан боғлиқ. Зеро, глобаллашув жараёнида ахборотнинг аниқлиги ва тезкорлиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Ахборот ёрдамида жамият аъзолари, таркибий бўлинмалар фаолияти бошқари­лади, келгуси режалар белгиланади, бажарилиши эса назорат ва таҳлил қили­нади. Ахборотсиз жамият аъзоларининг маънавий, маърифий, маданий ва бошқа талабларини тўлиқ қонди­риш­нинг имкони бўлмайди. Шу сабабли алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасини доимий ривожлантириб бориш объектив зарурат бўлиб, айтиш мумкинки, мазкур соҳани ривожлантириш мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи­ни таъминлашда ўта муҳим омиллардан биридир.
    Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятларига эга бўлган ҳамда бош­қа тармоқлардан турли жиҳатлари бў­йича фарқ қиладиган таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Ушбу ўзига хос хусусиятлар ҳамда фарқли жиҳат­лар ахборот ва ахборотлаштиришнинг мазмун ва моҳиятида, техника ва технологиясида, яратилаётган маҳ­сулот турларида, сотишдан олинадиган даромадларининг ўзига хослигида, тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилишида намоён бўлади. Айни пайтда, кўрсатилаётган хизматларга қилинаётган харажатлар таркибида, улар таннархини шакллантиришда, ҳисоб маълумотларини ҳи­соб ва ҳисобот моддаларида акс эттирилишида, буюртмачилар билан ҳисоблашишларда, соҳа субъектларини солиққа тортиш бўйича давлат сиёсатининг ўзига хослигида акс этади. Ушбу ва бошқа жиҳатлардаги хусусиятлар ҳамда фарқли жиҳатлар бир томондан алоқа ва ахборотлаш­тириш хизматлари кўрсатувчи субъ­ектларни ўзига хос ҳисоб бирликлари борлиги, иккинчидан, ушбу субъектларда соҳа хусусиятларини ўзида мужассамлаштирувчи бухгалтерия ҳи­соби тизими мавжудлигидан дарак бе­ради. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасини ривожлантиришнинг устуворлиги мазкур соҳа субъектларида бошқарувнинг муҳим дастаги бўлган бухгалтерия ҳисобини ҳам доимий равишда такомиллаштиришни, муаммоларни чуқур тадқиқ этишни, шу асосда уларни ҳал қилиш йўлларини илмий асослашни объектив зарурат қилиб қўяди.
    Таъкидлаш жоизки, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳаси субъектларида бухгалтерия ҳисоби­нинг назарий, методологик ва ташкилий муаммолари етарлича тадқиқ этилмаган ҳамда адабиётларда ҳам етарлича ёритилмаган. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари субъектларида бухгалтерия ҳисобининг ҳозирги ҳолатини амалий жиҳатдан ўрганиш уларда ўз ечимини кутаётган қатор долзарб муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Қуйида ушбу муаммоларнинг айримларига ва ҳал қилиш йўлларига қисқача тўхталамиз.
    Муҳим ва долзарб муаммолардан бири алоқа ва ахборотлаштириш хиз­матларини ҳисоб объектлари сифатидаги яхлит таснифий асосларини яратиш ҳисобланади. Ҳозирги пайт­да алоқа ва ахборотлаштириш хизматларини ҳисоб объектлари сифатидаги таснифий асослари респуб­ликада амалда бўлган бухгалтерия ҳи­собига оид меъёрий ҳужжатларда махсус белгиланмаган. Қолаверса, ушбу хизматларнинг ҳисоб объект­лари сифатидаги таснифий асос­лари, улар ҳисо­бини юритиш тартиблари бухгалтерия ҳисобига оид адабиётларда ҳам етарлича ўрганилмаган.
 
Shirinov1
    Бизнингча, алоқа ва ахборотлаш­тириш хизматларининг ҳисоб объект­лари сифатида таснифлаш негизига уларнинг республикамизда қа­бул қи­линган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар тўғри­си­даги қонунларда белгиланган қу­йи­даги иккита туркуми ва уларни таш­кил қилувчи хизмат турлари олиниши лозим (чизма).
    Аниқ макон ва замонда амалга оширилаётган алоқа ва ахборотлаш­тириш хизматларининг ҳар бир туркуми ва турлари ўз таърифига ва тавсифига эга. Ушбу таъриф ва тавсифлардан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби объектлари ҳисобланган ало­қа ва ахборотлаштириш хизматларига махсус ихтисослашган корхоналарнинг фаолияти, макон ва замонда амалга ошираётган хўжалик жараёнлари ва операциялари сифатида таърифлар бериш лозим, деб ҳи­соб­лаймиз. Бухгалтерия ҳисобига оид меъёрий ҳужжатлар ва махсус адабиётларда қуйидаги таърифлар бериш фойдадан ҳоли бўлмайди.
    Почта алоқаси хизматлари – бу, тармоқ оператори ёки провайдерларининг мижозларга ҳақ тўлаш шарти билан амалга оширадиган почта, куръерлик ва бошқа универсал хизматлар кўрсатиш бўйича фаолияти.
    Почта хизматлари – бу, мижозларга почта жўнатмаларини, шунингдек, пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш)га доир кўрсатиладиган хизматлари.
    Курьерлик хизматлари – бу, мижозларга курьерлик жўнатмаларини, шу жумладан, халқаро курьерлик жў­натмаларини жўнатиш ва етказиб беришга доир кўрсатиладиган хизматлари.
    Универсал хизматлар – мижоз­ларга мамлакат ҳудудида мақбул нарх­ларда кўрсатиладиган ва белгиланган талабларга мос келадиган сифатдаги почта хизматлари, жумладан, фойда­ланувчиларга почта ва­рақлари, хат­лар, бандероллар ва май­да пакетларни мамлакат ҳудудида мақбул нарх­ларда жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш)га доир почта хизматлари, шунингдек, кўзи ожизларга ва муассасаларига улар эҳ­тиёжларини қаноатлантиришда секограммалар алмашинуви бўйича кўрсатиладиган почта хизматлари.
    Телекоммуникация хизматлари бу, операторлар ва провайдерларнинг сигналлар ҳамда бошқа ахборот турларини телекоммуникация тар­моқлари орқали қабул қилиш, узатиш, қайта ишлашга доир фаолияти.
    Телекоммуникациялар тармоғи деганда, узатишларнинг бир ёки бир неча турини, шунингдек, телефон, телеграф, факсимиль турларини, маъ­лумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи тушунилади.
    Телефон алоқаси хизматлари – те­лекоммуникация тармоқларига улан­ган мобиль ва стационар гўшак­лар орқали мижозларга ҳақ тўлаш шарти билан ўзаро сўзлашувларни таъминлашга доир хизматлар.
    Телевидение хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқлари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги тасвирий эшиттиришларни таъминлашга доир хизматлар.
    Радоиэшиттириш хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқлари ор­қали фойдаланувчиларга турли мазмундаги овозли эшиттиришларни таъ­минлашга доир хизматлар.
    Телеграф хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқлари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги хат-хабарларни узатиш, қабул қилиш ва етказиб беришни таъминлашга доир хизматлар.
    Факсимиль узатиш хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқларига уланган стационар факсимиль узатиш қурилмалари орқали фойдаланувчиларга турли мазмундаги ёзма хабарларни узатиш, қабул қилиш ва ет­казиб беришни таъминлашга доир хизматлар.
    Интернет хизматлари – бу, телекоммуникация тармоқларига уланган замонавий компьютер қурилмалари орқали фойдаланувчиларга турли маз­мундаги ёзма ва тасвирий ахборотларни узатиш, қабул қилиш ва етка­зиб беришни, шунингдек, ўзаро сўзлашувни таъминлашга доир хизматлар.
    Алоқа ва телекоммуникация хизматлари, юқорида таъкидланганидек, уларнинг операторлари ёки провайдерлари орқали амалга оширилади.
    Алоқа ва телекоммуникация хизматлари операторлари – бу, мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида ушбу соҳаларга эгалик қи­лувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида номлари юқорида зикр этилган хизматларни кўрсатиш ҳуқу­қига эга бўлган юридик шахслар.
    Алоқа ва телекоммуникация хизматлари провайдерлари бўлиб фойдаланувчиларга алоқа ва телекоммуникация хизматлари операторларининг тармоқлари орқали ушбу те­гишли хизматларни кўрсатувчи юри­дик шахслар ҳисобланади.
 
Мақоланинг давоми

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Вышел в свет

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.