(O´zbek) Motellarni tashkil qilish istiqbollari

3/2017

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистонда туризм ривожланиши билан биргаликда бир қанча янги ус­луб­даги меҳмонхоналар муассасаларини бунёд этиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланиб бор­моқ­да. Жумладан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Рес­публикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2016 йил 2 декабрдаги фармони мазкур соҳада дастурий лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда.
     Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 6 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Туризм фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғ­рисида»ги Низоми қабул қилинди. Ушбу низомга мувофиқ, меҳмонхона хизматлари энди лицензияланмайди, балки мажбурий сертификатланади. Бу, ўз навбатида, меҳмонхона фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорга ортиқча оворагарчилик ҳамда расмиятчиликдан воз кечиш имконини яратди. Сабаби, аввалги ни­зом­га мувофиқ меҳмонхона фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган субъект ҳам лицензия, ҳам сертификат олишга мажбур эди.
     Мотель автомобиль ва юк машиналари эгалари учун мўлжалланган (парковка) ўз майдончасига эга бўл­ган меҳмонхонанинг бир туридир. Одатда, бундай турдаги меҳмонхона­лар номерлари умумий битта бинода жойлашган бўлиб, ҳар бир номернинг эшиги (автомашиналар тураржойи)га қаратилган бўлади. Улар ак­са­рият ҳолларда якка фирма шак­лида бошқарилади.
     1920 йилларда АҚШда кенг ва равон йўлларнинг қурилиши билан узоқ муддатли транспорт қатновлари ҳам авж ола бошлади. Бу эса, йўл бўйидаги арзон, бир кечага мўлжалланган меҳмонхоналарга эҳтиёжлар ортиши билан мотеллар ташкил топишига ва 1960 йиллардан бошлаб оммалашишига олиб келди.
     Мотеллар ривожлантирилиши на­тижасида уларнинг атрофида турли хил даражадаги инфратузилма объектлари бунёд этилишини юзага келтирди. Масалан, ёқилғи шохобчаси, истироҳат боғи, дўкон, ресторан ёки ошхона кабилардан иборат бўлган мотеллар «I», «L», «U» шаклида қу­рила бошлади. Унинг таркибига номерлар, ходимлар хонаси, қа­бул­хона ва ошхона, имкони бўлган жойларда эса бассейн ҳам қурилди. Мотелларда асосан икки кишилик хоналар мавжуд бўлиб, бир қаватдан иборат мотеллар қурилишида маданий ёдгорликлар намуналари, ковбойлар сурати, ҳиндуларнинг ўзига хос бўл­ган миллий безакларидан би­но пеш­тоқларида реклама сифатида фойдаланилди.
     Турли оилалар томонидан бошқа­ри­ладиган мустақил мотеллар ҳозирги кунда ҳам мавжуд. Айниқса, бундай мотелларни эски трассаларда уч­ратиш мумкин. Уларнинг хизмат кўр­сатиш фаолияти чекланган бўлиб, рес­торан ёки бари бўлмайди. Хоналари асосан икки кишилик ва 15 тагача номердан иборат бўлади.
     «Journey’s End» корпорациясининг икки қаватли меҳмонхоналари­даги нарх ва шарт-шароит худди мотеллардаги каби эди. Хоналар фонди ва дизайн стандарти меҳмонхоналар­га хос бўлса-да, аммо бассейн, ресто­ран, бар ва конференц зал мавжуд эмас эди. Бундай меҳмонхонани қу­риш­дан мақсад – мотелларда ташкил қилинган услубдагидек, стандарт меҳ­монхоналарда ҳам арзон ва индивидуал сайёҳлар учун қулайликлар яратиш кўзда тутилди.
     Халқаро корпорациялар ҳам тез­да ушбу услубни ўз меҳмонхоналари­да қўллай бошлади. «Choice Hotels» занжири 1982 йилдан бошлаб «Com­fort-Inn» номи билан чекланган эконом классдаги брендларини таклиф қила бошлади. Шундай қилиб, аэропорт ва вокзаллар, шаҳарларга яқин ҳудудларда эконом классдаги бренд меҳмонхоналарини қуриш урфга киритилди. Ушбу ҳолат меҳмонхоналар­нинг халқаро бозорида корпорация­лар брендлари учун катта фойда олиш имконини берди ва улар ўртасидаги рақобатни кучайтирди.
     1990 йилгача «Motel 6» ва «Super 8» стандарт меҳмонхоналаридагидек ички коридорларга эга мотеллар қурила бошланди. «Ramada» ва «Holi­day Inn» ўз меҳмонхоналарида мотель услубини қўллаётган бир пайтда, йирик мотель занжирлари ҳам стандарт меҳмонхоналар услубини, яъни мотелларга хос бўлмаган қў­шимча қулайликларни соҳага жорий қилди. Ички коридорлар мотеллар ривожланишида янги қадам бўлди ва мижозларни жалб қилишнинг му­ҳим омилига айланди.
     ХХ асрда инновацион технология­ларнинг ривожланиши мотелларга ҳам таъсир кўрсатди. Мотеллар ўз ми­жозларини кўпайтириш мақсадида турли технологиялардан фойдалана бошлади. Масалан, ҳозирги кундаги аксарият мотеллар LCD телевизори, Wi-Fi интернет зоналари, микротўл­қинли печлар каби турли хил ускуналар билан жиҳозланган. Мотелни банд қилиш учун эса, онлайн тўлов тизимига мурожаат қилишнинг ўзи кифоя. Мотеллар занжирли брендлар билан рақобатда замонавий техноло­гия имкониятларидан қўшимча қу­лайлик сифатида фойдаланмоқда. Бун­дай қулайликларнинг яратилганлиги мотеллар ва люкс меҳмонхона­лари ўртасидаги фарқни деярли йўқ­қа чиқарди.
     Юқорида келтирилган мотелларнинг барчасида никоҳ кечалари каби турли хил тадбирларни ҳам ўтказиш мумкин. Ушбу тажрибаларда ўзига хос тарзда мамлакатимизда қўллаш мумкин бўлган жиҳатлар мавжуд бўлиб, улар туризм ривожига ҳисса қў­шади. Хусусан, «Motel 6»да оддийликдан қочган ҳолда юқори даража­даги люкс меҳмонхоналари қулай­лик­ларини яратишга ҳаракат қилин­ган. Яъни, ушбу мотель мутасаддила­ри шунчаки бир кеча дам олиш учун мўлжалланган йўлбўйи меҳмонхона­сини эмас, балки айнан ушбу мотелда дам олиш кунларини ўтказмоқчи бўлганлар сонини кўпайтиришни мақ­сад қилишган. Чунки, «Motel 6»­даги қулайликлар бир неча кун ҳор­диқ чиқармоқчи бўлган йўловчиларни тўлиқ қониқтиради.
     «Wigwam» бренди остидаги мотеллар Америка тарихига назар таш­лаш имконини беради. Яъни, ўтмиш­да ҳиндулар истиқомат қилган тураржойлар ҳам деярли шу шаклда бўл­ган. Демак, бундай архитектура услуб­лари орқали мотель раҳбарлари кўп­лаб сайёҳларни жалб қилишга му­ваффақ бўлишмоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай услубни қўллаш имкониятлари мавжуд.
     «El bonita», «Chateau Bleu» вa «Loveless Café&Motel» брендлари эса таклиф қилаётган хизматлари, шинам хоналари, ноодатий дизайни, барлари ва таомлари билан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ҳам, ушбу мотелларда мижозлар доимо гавжум бўлади. Улардаги романтик, табиий ландшафтнинг нафасини ҳис қилиш имконини берувчи ва бошқа дизайнерлик услублари ҳар қандай мижозларни ҳам оҳанрабодек ўзига жалб қилади. Республикамизда мотелларни ташкил қилишда бу каби омилларни эътиборга олиш зарур.
     Бу борада мамлакатимизда, хусусан, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг йирик магистралларига яқин қис­мида мотель типидаги меҳмонхо­на­лар бунёд этилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳуду­дидаги «Дарбент Мотель»ни мисол келтириш мумкин. Ушбу мотель ҳақи­қатан ҳам кенг ва узоқ масофали трасса ёнида қад ростлаган икки қа­ватли бинодан иборат бўлиб, нар­хи ҳам арзон, машиналарни қўйиш майдонига эга. Ҳозирги кунда ушбу мотель кўрсатаётган хизмат турлари­дан мижозлар мамнун бўлмоқда.
     Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда яратилаётган юқори даражадаги имконият ва шарт-шароитлар мотеллар бунёд этишда муҳим қадам бўлиши мумкин.
 
 
Абдулазиз СУЯРОВ,
мустақил тадқиқотчи

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • Скоро

    2/2019

    № 2/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.