Norma’нинг ёзишича, қарор билан Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури тасдиқланди. Унда:
850,5 трлн сўм инвестициялар, шу жумладан 35,5 млрд АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини назарда тутувчи 2020-2022 йилларда капитал қўйилмаларни ўзлаштиришнинг йиғма прогноз параметрлари, шунингдек. 2020-2022 йилларда инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш ҳамда жалб қилишнинг прогноз параметрлари;
206 та янги ишлаб чиқариш қувватлари ва 31 мингдан зиёд иш ўринлари яратилишини назарда тутувчи 2020 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш манзилли дастури кўрсатилган.
Шунингдек қуйидагилар тасдиқланди:
2020 йилда инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича йиғма манзилли дастур, шунингдек, унинг чораклар кесимида ижросининг прогноз кўрсаткичлари;
2020 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида хорижий кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури;
2020 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури;
2020 йилда лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш талаб этиладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати;
2020 йилда ишлаб чиқиладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати.
Лойиҳалар (объектлар) бўйича тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар Ҳукумат қарорларига асосан киритилади.
Қурилишга ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнларига тегишли ваколатга эга бўлмаган шахсларнинг аралашувига йўл қўйилмайди.
Манба: Kun.uz