Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Халқимиз, айниқса, навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, она тилимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлишда Алишер Навоий маънавий меросининг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, ёшларимизни баркамол инсонлар этиб вояга етказишда асарларидан кенг фойдаланиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Анъанага кўра, 9 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 574 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, навоийшунос олимлар, адиб ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, навоийшунос олим О.Давлатов, ёш шоир Ш.Салом ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бой маънавий меросини ўрганиш, уни дунёда кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1991 йил Алишер Навоий йили, деб эълон қилинган эди. Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда ва хорижий давлатларда улуғ бобокалонимиз ҳайкаллари қад ростлади. Шоир ижоди тўла қамраб олинган йигирма жилдли тўплам нашр этилди. Навоийнинг ижодий хазинаси битмас-туганмас уммон янглиғ бугунги кунда ҳам юртимиз ва жаҳон олимлари, тадқиқотчилар томонидан ўрганилиб, туркум илмий асарлар, монографиялар, рисолалар нашр этилмоқда.
Шоир ўз асарларида тараннум этган инсонпарварлик, адолат, юрт равнақи, халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, саховат, меҳр-мурувват, ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муҳтожларга мурувватли бўлиш, ёшларни ҳар жиҳатдан комил инсон этиб вояга етказиш каби ҳаётбахш ғоялар Ватанимизнинг бугунги тараққиёт одимларида,
ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотларда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Тадбирда Алишер Навоий асарларидан намуналар ўқилди. Улуғ мутафаккир маънавий мероси, ижоди, фаолияти ҳақида жаҳон адабиёти намояндаларининг қимматли фикрларидан парчалар Тошкент давлат шарқшунослик институти талабалари томонидан ўзбек, рус, инглиз тилларида ижро этилди.
Ўзбекистон халқ ҳофизи М.Тожибоев ижросида Алишер Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлар янгради.
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов иштирок этди.
Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида ҳам буюк бобокалонимиз таваллудига бағишланган мушоира бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, талабалар қатнашди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С.Саййид, навоийшунос олим Ҳ.Болтабоев, шоира Ф.Афрўз ва бошқалар шоирнинг ўлмас мероси ёшларни Ватанга садоқат, фидойилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этишини таъкидлади.
Алишер Навоий асарларидан намуналар ўқилди.
Буюк шоир таваллудига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири