Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Илм-фан ривожи ҳар қандай давлатнинг барқарор равнақ топишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу соҳадаги ютуқлар мамлакатга тараққиёт йўлидан бориш, жамият ҳаётининг барча жабҳасига илғор ечимларни жорий этиш имконини беради. Зотан, Президентимиз фан ва маорифни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни соҳага жалб этиш, жаҳоннинг ривожланган давлатлари билан инновацион фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш Янги Ўзбекистон олдида турган устувор вазифалар сифатида белгилагани бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатида қуйидаги фикрларни илгари сурган эди: «…биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз. Бунинг учун, авваламбор, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур».
Мамлакатимизда миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва самарадорлигига эришиш, янги тармоқларни яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимини таъминлаш мақсадида фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ишлаб чиқилмоқда. 2021 йил 29 октябрда эса Президент Шавкат Мирзиёев «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ушбу концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга, фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини шакллантириш орқали давлат билан илмий ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган миллий рейтинг тизимининг жорий этилишини, шунингдек, бу борадаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини назарда тутади.
Илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш учун замонавий лаборатория мажмуаларини ташкил этиш ва уларни халқаро GMP ва GLP стандартларига мос келадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, илмий даражага эга бўлган кадрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизимини яратиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланувчи иқтидорли ёшларни кенг қўллаб-қувватлашга қаратилган «Академик мобиллик» дастури жорий этилди.
ОКМК инновацион ишланмаларининг асосий манбалари, албатта, илмий-технологик марказлар ҳисобланади. Улардан бири Чирчиқ шаҳридаги нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар билан ишлашга ихтисослашган марказ бўлиб, у нодир металлар асосида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқиладиган бешта лаборатория ва тажриба-саноат цехига эга.
Олмалиқ шаҳрида ОКМКнинг ҳар бир бўлинмасида ўз лабораториялари ҳамда тажриба бойитиш фабрикасига эга бўлган технологик марказ ишлаб турибди. Унинг асосий вазифаси фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Марказ ҳозирда илмий ишланмаларни тижоратлаштиришни ва технологиялар трансферини ривожлантириш мақсадида трансформация қилинмоқда. Трансформация якунларига кўра, марказ тоғ-кон саноатини технологик ривожлантиришнинг пешқадамларидан ҳисобланган Финляндиянинг OUTOTEC компанияси аналогига айланади.
Бундан ташқари комбинатда фаолият кўрсатаётган фан ва инновациялар бўлими илмий муассасаларнинг комбинатнинг ишлаб чиқариш тузилмалари билан ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда илм-фанни ОКМКнинг ишлаб чиқаришига интеграциялаш жараёнларида ўзига хос йўл бошловчи ҳисобланади.
Амир АБИДОВ,
инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш
техномаркази директори вазифасини бажарувчи