Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
2018 йил февраль ойида Ўзбекистон Президентининг фармони билан Маданият ва туризм вазирлиги таркибида «Миллий PR маркази» ДУК ташкил этилди, бу эса мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳиятига янгича нигоҳ, Ўзбекистоннинг мутлақо янги брендини яратиш ва уни республика ташқарисида кенг намойиш этиш имконини берди.
Ёш ва шижоатли раҳбар Дилфуза САМАНДАРОВА раҳбарлигидаги марказ жамоаси ўз Ватанини чин дилдан севадиган, унинг сайёҳлик имкониятларини намойиш этувчи 40 нафар иқтидорли ва ижодкор мутахассис, янги ғоялар ташаббускорларидан иборат. Раҳбар ўз интервьюсида биз билан ташкилотнинг вазифалари ва мақсадлари ҳақида ўртоқлашиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик брендини хорижда намойиш этиш билан боғлиқ фаолиятнинг турли йўналишларидаги муваффақиятлар ҳақида сўзлаб берди.
– Барчамиз Ўзбекистоннинг жаҳон аренасидаги сайёҳлик имиджи йилдан-йилга ортаётганини кузатмоқдамиз. Президентимизнинг Миллий PR марказини барпо этиш ташаббуслари жуда узоқни кўзлаган. Бу ҳақда фикрингиз?
– Ҳақиқатан ҳам шундай. Туризм жаҳон ялпи миллий маҳсулоти (ЯММ)нинг ўндан бир қисмини ташкил этган ҳолда жаҳон иқтисодиётида бош роллардан бирини ўйнайди. Иқтисодиётнинг ушбу тармоғи жадал суръатлар билан ривожланмоқда ва яқин йилларда унинг энг муҳим секторига айланади. Туризм саноатига инвестицияларнинг йиллик ўсиши тахминан 30 фоизни ташкил қилади.
Хусусан сўнгги йилларда туризм дунёда бизнеснинг энг даромадли турларидан бирига айланди. Бундан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас.
Миллий PR марказини барпо этишда имкон қадар кўпроқ одамлар бу гўзал мамлакат ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари ва унга ташриф буюришлари учун чет элда «Ўзбекистон» брендининг қулай сайёҳлик имиджини шакллантириш мақсади кўзланган эди.
Ўзингизга маълум, бугун PR ёки «жамоатчилик билан алоқа» кўпинча ташкилотлар ўртасида ва уларнинг жамоатчилиги билан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатувчи стратегик алоқа жараёни, шунингдек, қулай рекламани олиш, яхши корпоратив имиджни яратиш орқали компания билан яхши муносабатларни ўрнатиш жараёни, деб аталади. Саёҳатлар ва туризм саноати саёҳат қилиш истагини муваффақиятли яратганингиздагина ривожланади, жамоатчилик билан алоқалар эса қулай имидж яратиб, катта ёрдам бериши мумкин. Мамлакатимиз бизнинг ташкилотимиз тимсолида ўз PR менежерига эга эканлиги ўз вақтидаги ва стратегик ўйланган қарордир.
– PRнинг самарадорлиги муайян натижалар бўйича аниқланади. Самарадорлик мезонларини рақамларда айтсангиз…
– Ходимнинг фаолиятини сифатли баҳолашнинг асосий усули – унга юкланган вазифаларнинг бажарилишини текшириш.
Марказимизда ходимларни рағбатлантириш ва мотивациялаш учун KPI тизими («Key Performance Indicators» – асосий самарадорлик кўрсаткичлари) ишлатилади. Унинг асосида муайян ходим олдига қўйилган мақсадларни бажарган тақдирда, оладиган тўловлар ҳисоблаб чиқилади.
Дарҳақиқат, бу шахсан мен учун раҳбар сифатида жуда қулай: ҳар қандай вақтда мен жамоамиздаги ходим нима қилгани, нима қилаётгани ва нима қилишини, вазифа кимга топширилгани ва қайта топширилгани, у қандай бажарилаётгани, қандай натижаларга эришилгани ёки нима учун мақсадга эришиб бўлмаслигини биламан.
Ҳар бир бўлим учун бизда ўз навбатида, бутун мамлакатни самарали намойиш этиш учун мўлжалланган KPI белгиланган.
Масалан, рақамли намойиш этиш бўлимининг бир ходими учун қуйидаги KPI бир ойга белгиланган:
● Uzbekistan.travel портали учун 10 та туристик мақола;
● Uzbekistan.travel порталида 3 та чет тилига (ҳинд, итальян, малай ёки б.) таржима қилинган 12 та контент нашр;
● ижтимоий тармоқларда намойиш этишни тайёрлаш учун контентнинг 4 та режаси;
● ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сонини 350 нафарга ошириш;
● сайёҳларни жалб қилиш учун ижтимоий тармоқларда (Telegram, Instagram, Facebook, OK, VK, Tik-Tok, Pinterest, Twitter) 280 та пост жойлаштириш.
Кўриб турганингиздек, бу ерда мақсадли (қанча обуначиларга кўпайиши керак) ва амалий кўрсаткичлар (бунинг учун қанча пост ва мақолалар тайёрланиши керак) мавжуд.
Ушбу KPIлар асосида, биз мамлакатимиз ҳақида қанча одам билди, уларнинг қанчаси аллақачон биз ҳақимизда ижобий фикрда каби мамлакатга хос йирик PR кўрсаткичларни чиқара оламиз.
– Бу йилги маданий тадбирлар ҳақида сўзласангиз. Пандемия билан боғлиқ «жимжитлик» даврини ҳисобга олган ҳолда ушбу тадбирлар сайёҳлар оқимини қанчалик кўпайтирди?
– Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги «Миллий PR маркази» ДУК пандемиядан кейин Ўзбекистонга сайёҳлик оқимини тиклаш учун кўп саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бутун дунё бўйлаб халқаро сайёҳлик кўргазмаларида «Ўзбекистон» ягона миллий стенди билан иштирок этишини ана шундай саъй-ҳаракатлардан бири, дейиш мумкин. Ҳар йили кўргазмалар рўйхати Туркия, БАА, Германия, Франция, Япония, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда камида 10-12 тадбирдан иборат бўлади. Стенд иштирокчилари – бу мамлакат сайёҳлик бизнесининг субъектлари (сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар, транспорт компаниялари ва б.).
Марказимиз сайёҳлик кўргазмаларида иштирок этишдан ташқари хорижий мамлакатларда «Ўзбекистон кунлари»нинг ўтказилишини мувофиқлаштиради. Бундай тадбирлар Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари кўмагида ўтказилади ва дастурга, одатда, ўзбек таомларини татиб кўриш, ўзбек мусиқачилари ва раққосаларининг чиқишлари, ҳунармандларимиз томонидан ишланган халқ амалий санъати намойишлари киради. Шунингдек, Ўзбекистон кунлари доирасида мезбон мамлакатларнинг бизнес тузилмалари ва оммавий ахборот воситалари учун музокара ва тақдимотлар ўтказилади.
Шуни айтиш керакки, кўргазмаларда ҳам, маданий тадбирларда ҳам потенциал сайёҳлар компаниялар билан суҳбат чоғида Ўзбекистон виза олиши шарт бўлмаган мамлакатларнинг бундай катта рўйхатига эгалигидан ҳайратда қолишади. Шундай қилиб, Ўзбекистонга ташриф буюришга қизиқиш янада ортмоқда.
Статистик маълумотларга кўра гуруҳ-гуруҳ бўлиб уюштириладиган саёҳатлар ҳамон етакчи ўринда ва маълумки, гуруҳларни сайёҳлик компаниялари олиб келади.
Шу билан бирга муҳим тадбирлар ҳақида гапирганда, йил сайин тобора кўпроқ хорижий компанияларни жалб этаётган «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасини таъкидлаш жоиз. 2022 йилда 27-ярмарка (30 ноябрдан 2 декабргача) бўлиб ўтди ва бу ўз тарихидаги энг йирик ярмаркалардан бири бўлди. Ярмаркада иштирок этиш учун Беларусь, БАА, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Франция, Тожикистон, Миср, Корея, Малайзия ва бошқа мамлакатлардан 400 нафарга яқин хорижлик ташриф буюрди.
– Соҳа бўйича чет элда қандай муҳим воқеалар содир бўлди? Масалан, бизнинг хаёлимизга Лувр музейида бўлиб ўтган «Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги» кўргазмаси ва Берлинда бўлиб ўтган «New Uzbekistan» форуми келади….