Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Темир йўл соҳаси ходимлари ҳар йили август ойининг биринчи якшанбасида нишонланадиган касб байрамларини каттагина ютуқлар билан кутиб олишни анъанага айлантиришган. Улар жорий йилда ҳам шу анъанани давом эттиришиб, арзигулик ишлар қилишда давом этишмоқда. Хусусан, 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига киритилган лойиҳаларни жадал амалга ошириш бўйича самарали меҳнат қилишди. Шу қаторда, Самарқанд-Қарши темир йўл линияси участкаларида тез ҳаракатланадиган йўловчи поездлар қатновини йўлга қўйиш, Мароқанд-Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш, Қарши вокзалини реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилди.
Айни пайтда 140,8 километрлик «Мароқанд — Қарши» участкасида электрлаштириш жараёнининг сўнгги босқичи кетмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти матбуот хизматининг хабар беришича, унда тармоқ тасарруфидаги ўндан ортиқ корхонанинг 120 га яқин мутахассислари, энг аввало, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб, меҳнат муҳофазасига қатъий риоя этишмоқда. Бу эса белгиланган режани ўз вақтида бекаму-кўст бажарилишига омил бўлмоқда.
«Мароқанд — Қарши» участкасида электр туташтирувчи тармоқнинг лойиҳаси бўйича жами 3781 темир-бетон устун, 936 та маҳкамлаш мосламаси ўрнатилган. Шунингдек, бир-бирига қўшни станциялардаги масофаларда 3192 та бирлаштириш мосламаси, участка станцияларига эса 240 та мустаҳкам темир конструкцияси монтаж қилиниб, 140,8 километр масофага электр симлари тортилган.
Участкадаги темир йўлнинг эгри қисмларини тўІрилаш учун 1 миллион 448,5 минг куб тупроқ ишлари бажарилиб, 17 километр узунликда йўлнинг устки қурилмаси алмаштирилди ва 8 комплект янги стрелкали ўтказгич ўрнатилди. Шунингдек, «Гумбаз», «Улус», «Жом», «Айритом», «Алатун», «Некўз», «Қашқадарё» ва «Қарши» станцияларидаги электр марказлари, «Мароқанд», «Айритом» ва «Қашқадарё» станцияларидаги электр тортиш станцияси ва туташтирувчи тизим навбатчиларининг пунктлари бинолари қурилиши якунланиб, уларга замонавий қурилмалар ўрнатилмоқда.
Ушбу участка оралиғида ҳаракатланадиган электровозларга «Қарши» локомотив депосида техник хизмат кўрсатилади. Бунинг учун депо цехларини электр поездларини таъмирлашга мослаштириш ишлари ҳам олиб борилди. Депода янги 2 та цех қурилиб, замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди.
— Электр поездларни қабул қилишга ҳар томонлама тайёргарлик кўраяпмиз, — дейди «Қарши» локомотив депоси бош муҳандиси Акмал Жабборалиев. – Деподаги цехларимиз нафақат электровозларни қабул қилишга пухта тайёрланмоқда, балки ходимларимизнинг бу борадаги малака ва кўникмасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. Бир қатор малакали мутахассисларимиз хориж мамлакатларида ўқиб қайтишди.
Электрлаштириш ишлари 325,7 километрлик «Қарши — Термиз» участкасида ҳам давом эттирилмоқда. Хусусан, бу ердаги «Деҳқонобод», «Оқрабод» ҳамда «Бойсун» станцияларида тупроқ ишлари бажарилмоқда. «Тошгузар» ва «Деҳқонобод» станцияларига ҳамда «Қарши — Дашт», «Дашт — Шўртан», «Шўртан — Тошгузар», «Қайирма — Бўзахўр», «Жарқудуқ — Деҳқонобод» каби станциялар оралиқ масофаларида темир-бетон устунлар пойдеворлари қўйилди. Мазкур участкаларнинг электрлаштирилиши келгусида мамлакатимиз иқтисодиёти ва темир йўл ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, темирйўлчилар байрамдан байрамгача Қарши вокзалини ҳам тубдан реконструкция қилиб, фойдаланишга топширишди. Бу билан вилоятимиз марказидаги миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида акс эттирган обод масканлар сони яна биттага ортди.
Таъкидлаш лозимки, таъмирлаш жараёнида вокзалнинг кутиш зали юксак меъморий кўринишга эга бўлди. Бу ерда йўловчилар учун матбуот дўкони ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ишлаб турибди. Вокзалнинг кириш-чиқиш йўлагига эса янги рентген аппарати ўрнатилди. Унинг афзаллиги йўловчиларнинг буюмлари ва сумкалари рентген тизимидан ўтказилиб, мавжуд барча жиҳозлар махсус экранда аниқ кўринади. Бу аввало, хавфсизликни таъминласа, иккинчидан, йўловчиларнинг вақтини тежаш имконини беради.
Умуман, темир йўлларни модернизация қилиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Қолаверса, йўловчи ташиш соҳасида ҳам темир йўл транспорти етакчиларидан саналади. Шу боис мустақиллик йилларида мамлакатимиз темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.