Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ва кооперация биржаси бўлиб ўтди. Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, геология ва минерал ресурслар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорларидан. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ва ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Хитой ишбилармонларининг ҳам ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 704 фирма ва компания фаолият кўрсатмоқда. Улар нефть-газ, нефть-кимё, кон-металлургия, машинасозлик, савдо, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, электр техникаси каби соҳаларда иш юритаётир. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,7 миллиард АҚШ долларини, жорий йилнинг биринчи чорагида 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Форумда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Мазкур бизнес-форум икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради. Бизнес-форумда мамлакатимизнинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, нефть-кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика каби соҳалардаги имкониятлари хусусида сўз юритилди. Хитой ишбилармонлари мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари, «Навоий», «Жиззах», «Қўқон», «Ургут», «Ғиждувон», «Ҳазорасп» ва «Ангрен» ИЗлардаги катта қулайлик ва имтиёзлар билан таништирилди. Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Хитой ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржада икки мамлакат тадбиркорлари ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.
Манба: «ЎзА»