Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маълумки, сув билан қориштирилганда тез қотиб, тошсимон массага айланадиган цемент энг зарур қурилиш материалларидан бири сифатида эътироф этилади. У бинокорликда жуда кўп ишлатиладиган бетоннинг асосий таркибий қисмини ташкил қилади. Шу боис бу маҳсулотга ҳамиша талаб-эҳтиёж катта. Ўзбекистон эса Марказий Осиё минтақасида энг кўп ва энг сифатли цемент ишлаб чиқарадиган мамлакат сифатида тан олинган.
Зеро, ҳозир юртимизда олтита йирик цемент заводи ишлаб турибди. Улар орасида «Оҳангаронцемент», «Қувасойцемент», «Бекободцемент» ва «Қизилқумцемент» корхоналари йириклиги ҳамда ўзига яраша нуфузга эгалиги билан ажралиб туради. Умуман олганда эса, сўнгги йилларда республикамизда мазкур тармоқни янада ривожлантириш чоралари кўрилди. Натижада цемент ва цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш бир неча бараварга кўпайди. Мавжуд цемент корхоналари ўз мижозлари ва истеъмолчиларига ҳар йили 9 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот етказиб бериш имконини қўлга киритишди. Айни дамларда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ҳар йили 1,5 миллион тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга янги цемент заводи фойдаланишга топширилмоқда. Жиззахда ҳам шу соҳага ихтисослашган корхона қурилмоқда,
Цемент ишлаб чиқариш кўп энергия талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Шу боис бу корхоналарни тез-тез реконструкция қилиш, модернизациялаш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми ошишига, маҳсулот сифати яхшиланишига ва таннархи пасайишига ижобий таъсир кўрсатувчи замонавий энергия тежовчи асбоб-ускуналарни жорий этиш керак. «Бекободцемент» акциядорлик жамияти ана шу тамойилларга қатъий риоя қилиб келаётган қалдирғоч цемент корхоналаридан бири. У 1926 йили иш бошлаган. Ўша кезлар йилига 25 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган. Эндиликда бу кўрсаткич 1,1 миллион тоннани ташкил этади. Шунингдек, заводда замонавий клинкер линияси ҳам барпо этилган. Унда «қуруқ» ишлаб чиқариш усули билан ҳар йили 750 минг тонна клинкер (куйдириб тошга айлантирилган цемент) тайёрланади.
«Бекободцемент»нинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, жисмонан ва маънан эскирган ишлаб чиқариш воситаларини янгиларига алмаштириш эвазига меҳнат унумдорлигини оширишга йўналтирилган илғор компания саналади. Уни барқарор ривожлантириш – мамлакатимизнинг сифатли цемент маҳсулотларига, юқори қийматли қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжларини қондиришга, ишлаб чиқаришни диверсификациялашга ва энергия самарадорлигини оширишга, корхона ходимларининг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга йўналтирилган стратегиядир.
Дарвоқе, бугунга келиб, завод энг илғор ишлаб чиқариш технологиялари билан жиҳозланган. Улар ёқилғи-энергетика ресурсларини сезиларли даражада тежаб, цемент таннархини пасайтиришда қўл келади. Масалан, «қуруқ» усулни қўллаш натижасида тошқол ишлаб чиқариш учун аввалгига нисбатан 40 фоиз камроқ табиий газ сарфланмоқда. Лойиҳа бошида цементнинг 50 фоизи шу йўсинда тайёрланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 68 фоизга етди. Ўз навбатида, корхона маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлиги анча ошди.