Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлактлар учун норасмий иқтисодиётнинг кенгайиши энг долзарб муаммо ҳисобланиб, у сифат жиҳатдан турли хил фаолият турларини бирлаштириб, давлат бошқарувига ва статистика ҳисобига олинмайдиган ҳамда қонунчиликка бўйсунмайдиган иқтисодий воқелик ҳисобланади. Унинг ажралмас таркибий қисми бўлган аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги айниқса, ривожланаётган мамлакатларга хос бўлиб, кенг маънода ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва жамиятнинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам мавжуд бўлиб, у баъзи муҳим ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни бажаради. Биринчидан, иқтисодиётнинг расмий секторида иш топа олмаган меҳнат ресрусларини иш билан таъминлайди ва норасмий сектор фавқулодда даромад олиш имкониятини тақдим этган ҳолда, ночор қолганлар учун ҳақиқий ижтимоий ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади. Иккинчидан, норасмийлик кўпинча бизнес бошлашнинг бир усули сифатида расмий секторга ўтишга қадам ҳисобланади. Бироқ солиқ тушумлари, меҳнат самарадорлигининг пастлиги, ижтимоий таъминотнинг йўқлиги юқорида айтиб ўтилган яширин ижтимоий фойдалардан юқори бўлиб, аҳолининг расмий меҳнат билан бандлигига ўтказиш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш унинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.
Норасмий иқтисодиёт жаҳондаги меҳнат ресурсларининг ярмидан кўпини ва 90 фоиздан ортиқ микро ва кичик корхоналарни қамраб олади. Норасмийлик дунёда меҳнат бозорларининг муҳим хусусиятларидан ҳисобланиб, у миллионлаб иқтисодий бирликлар ва юз миллионлаб ишлаётган шахсларни қамраб олади.
«Норасмий иқтисодиёт» ибораси жуда катта маънони англатиб, турли хил вазиятлар ва ҳодисаларни ўз ичига олади. ХМТнинг 2002 йилдаги Халқаро меҳнат конференцияснинг 90- сессиясида норасмий иқтисодиётни аниқлаш бўйича ёндашувидаги Резолюциясига мувофиқ норасмий иқтисодиёт «қонунчилик ёки амалда расмий ҳуқуқий қамраб олинмаган ёки тўлиқ қамраб олинмаган ишлаётган шахслар ёки фаолият юритаётган иқтисодий бирликларнинг барча иқтисодий турларини ўз ичига олади».
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги масаласи ва унинг даражасининг юқорилиги мамлакатимиз иқтисодиёти ва ҳаётида анча жиддий муаммоларга сабаб бўлаётганлиги соҳа мутахассислари олдига унинг кўламини аниқлаш ва самарали тартибга солиш вазифасини қўймоқда.
Норасмий бандлик долзарб муаммо сифатида бутун дунё олимлари ва амалиётчилари томонидан ўрганилиб, ушбу ҳодисанинг манбаси ва сабабларидан: иқтисодий ўсиш сифатининг пастлиги, мамлакат иқтисодий хавфсизлигининг етарли даражада юқори эмаслиги, демографик ўсишнинг юқори даражаси, ходимлар ижтимоий ҳимоясининг пасайиши, тенгсизлик ва қашшоқликнинг ўсиши, ислоҳотларга меҳнат бозорининг мослашувчанлиги, давлат даромадларининг камайиши, глобаллашув шароитида компанияларнинг адолатсиз рақобатлашувининг тарқалиши каби ҳолатлар, деб ҳисобланади.
Юқори даражадаги норасмий бандлик ишчига, корхонага ва жамиятга кўплаб салбий таъсир кўрсатиши сабабли ушбу муаммо БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (инг. Sustainable Development Goals, SDGs) кўрсаткичлари тизимига киритилган ва БМТга аъзо барча давлатлар Барқарор ривожланиш мақсадларини имзолаб, 2030 йилгача бўлган даврда cамарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга эришиш мажбуриятини олганлар.
Кўп ҳолларда меҳнат бозоридаги норасмий секторда бандликнинг пайдо бўлиши иқтисодиётнинг расмий секторида иш ўринларининг етишмаслиги натижаси, деб қаралади. Одатда, норасмий бандлик уч турга бўлинади: ўзини ўзи иш билан таъминлаш, ёлланган норасмий бандлик ва нотурғун бандлик. Норасмий бандликнинг энг кенг тарқалган соҳаси савдо, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш секторига тўғри келади. Кўп мамлакатларда норасмий сектордаги фаолият иккинчи иш сифатида амалга оширилади.
Илк бор «норасмий бандлик» термини ХМТнинг йўлланмаси билан Африканинг қолоқ мамлакатларида тадқиқот олиб борган англиялик социолог Кейт Харт 1973 йилда «Норасмий даромад олиш имкониятлари ва Гана шаҳарларида иш билан бандлик» асарида муомалага киритган.
Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлигини аниқлаш ва уни қонунчиликка риоя этишини таъминлаш амалда анча муаммоли масала бўлиб қолмоқда. Яширин иқтисодий фаолият натижасида юзага келган молиявий йўқотишлар ва норасмий фаолиятнинг салбий иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари туфайли кўплаб давлатлар аҳолининг расмий меҳнат билан бандлигини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз маърузаларида: «Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган «яширин иқтисодиёт»га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди» деб таъкидлаган ва ушбу ҳодисанинг келиб чиқиш омилларини чуқур таҳлил қилган ҳолда унга қарши курашиш дастурини тасдиқлаш ҳақида топшириқ берганлари ушбу муаммонинг мамлакатимиз учун ҳам ўта долзарблигини кўрсатади.
Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги кўплаб салбий оқибатлар билан боғлиқ: солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, коррупция, ноқонуний фаолият, инвестицияларнинг паст даражаси, тақсимланмаган ресурслар, ижтимоий суғурта қилинмаган ходимлар ва бошқалар. Кўп ҳолларда давлатнинг дастлабки ёндашуви норасмий фирмалар ва тадбиркорларни таъқиб қилиш, шунингдек, расмий ижтимоий ҳимоя тизимига эга бўлмаган норасмий меҳнат билан бандларга ёрдам бериш эди.
Норасмий фаолият – бу бозорларни тенглик, мос равишда ёки ҳаддан ташқари тартибга солиш ва давлат суғурта тизимларининг паст сифатига бўлган муносабатдир. Баъзи одамлар норасмий бандликни касбни танлаш билан бир хил тарзда танлайдилар: бу уларнинг кўникмалари, маълумотлари ва умидларини ҳисобга олган ҳолда мавжуд бўлган энг яхши имкониятдир.
Бу норасмий секторнинг моҳиятини аниқлаш учун ҳам аҳамиятлидир. Биринчидан, аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги ноиложликдан ҳисобланади. Норасмий меҳнат билан банд фуқаролар, агар расмий иш ўринлари мавжуд бўлганида расмий бандликни афзал кўрган бўлар эди, чунки расмий иш ўринларида кўпроқ иш ҳақи тўланади ва меҳнат қонунчилигида мажбурий имтиёзлартаклиф қилинади.
Иккинчидан, айниқса, шаҳарларда расмий секторда иш ўринларини яратишга рағбатлантиришга уриниш аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлигининг янада ошишига олиб келиши мумкин. Бунинг сабаби оддий. Расмий иш ҳақи қишлоқ жойларига нисбатан юқори экан, аҳолининг расмий меҳнат билан бандлигининг кенгайиши қишлоқ жойларидан шиддат билан шаҳарларга миграция қилишига сабаб бўлади.
Шундай қилиб, норасмий бандликни ва шаҳарда ишсизликка қарши курашнинг ягона ҳақиқий воситаси – бу қишлоқ жойларини ривожлантириш ҳисобланади. Қишлоқ жойларининг катта салоҳият ва меҳнат ресурсларига эга эканлигини ҳисобга олиб, ҳудудларда зарур инфраструктураларни ривожлантириш ишсизлик ва аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлигини камайтиришга, ҳудудларнинг тенг, мутаносиб ривожланишини таъминлайди ҳамда қишлоқ жойларидан шаҳарларга миграция оқимининг сезиларли камайишига сабаб бўлади.
Бироқ норасмий даромаднинг катта қисми, бу ёки бошқа йўл билан расмий иқтисодиётда сарфланиши яширин ялпи талабнинг бир қисмига айланади ва натижада, расмий иқтисодиёт ялпи талабнинг ўсиши ҳисобига иқтисодий ривожланишга қўшимча имконият пайдо бўлади.
Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги жамиятда ижтимоий амортизатор сифатида хизмат қилади ва маълум даражада ижтимоий зиддиятларни юмшатиши мумкин. Бозор иқтисодиёти шароитида давлат аҳолини ишсизликдан самарали ҳимоя қила олмаслигисабабли норасмий бандлик ишсизларга маълум бир кўмак вазифасини бажаради.
Норасмий иқтисодий фаолиятда иштирок этолмай қолган фуқароларга ҳеч бўлмаганда бир оз бўлсада даромадга эга бўлишга имкониятини беради. Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги ишсизликдан кўра афзал бўлиб, фуқаролар даромадларининг мақбул даражада ушлаб туришига ёрдам беради.
Бироқ бошқа томондан, аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги ижтимоий ҳимояланмаган аҳолининг кўпайишига олиб келади. Аҳолининг норасмий меҳнат билан бандлиги эса ўз навбатида уларнинг даромадлари солиққа тортилмаслиги сабабли турли даражадаги бюджетларга ва жамғармаларга маблағлар тушумларининг камайиши кузатилади.
Бюджет даромадларининг пасайиши қатор салбий оқибатларга олиб келади. Бу эса ўз навбатида давлат институтлари ва дастурларини молиялаштириш имкониятларининг пасайишига олиб келади ва натижада келгусида, давлатнинг аҳоли олдидаги мажбуриятларни бажара олмаслиги, ижтимоий дастурлар ва маошларнинг кечикишига ҳамда даромадлар тенгсизлигининг ошишига олиб келади.
Иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар кўплаб меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум бўлганлари сабабли расмий ишлайдиганларга нисбатан ёмон аҳволга тушиб қолишади. Аксарият ҳолларда норасмий бандларнинг ўртача иш ҳақи расмий ишлайдиганларга нисбатан анча паст бўлади.
Таҳлил қилиш мақсадида барча норасмий иш билан банд бўлганларни уч гуруҳга бўлиш мумкин:
1) расмий корхоналарнинг норасмий ходимлари;