Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Соғлиқ инсонга ато этилган энг бебаҳо неъматлардан бири. Уни фоний дунёдаги бойликларнинг бирортасига тенглаштириб ҳам, алмаштириб ҳам бўлмайди. Халқимиз шуни назарда тутиб «Соғлиғинг – бойлигинг», «Тан саломати – жон роҳати«, «Соғлом танда – соғ ақл», «Тотли ҳаёт танисоғлиқда» дейди. Шу тариқа одамларни саломатликнинг қадрига етишга, уни ҳар доим асраб-авайлашга чақиради. Мабодо аксинча бўлса, соғлиққа жиддий путур етса-чи?.. Аввало, бемор қаттиқ азоб чекади, яқинлари ташвиш-хавотирга тушади, пировардида жамият ҳам зарар кўради. Шу боис барча жамиятларда ва барча давлатларда эл соғлиғини муҳофаза қилишга ҳар доим устувор вазифа сифатида қаралади.
Албатта, бундан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Масалан, 2016 йилдан ҳозирга қадар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга оид кўплаб директив ҳукумат ҳужжатлари қабул қилинди.
2019 йил 16 апрелда давлатимиз раҳбари томонидан «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (ССББ) унинг ижросини таъминлаш, ўз тасарруфидаги тиббиёт муассасалари билан биргаликда давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига 4 та даволаш-профилактика муассасасидаги маълум жойни ёки бўш турган хоналарни гемодиализ хизмати учун ажратиш, 6-шаҳар клиник шифохонаси ҳудудида Инсультдан кейинги реабилитация маркази очиш ва гинекология хизматларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритди.
Ҳозир ДХШ асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро Молия корпорацияси билан ҳамкорликда гемодиализ хизматини ташкил этиш мақсадида тендер эълон қилган. Шунингдек, 5-шаҳар клиник шифохонасининг бўш турган биносида Буюк Люксембург герцоглигида рўйхатдан ўтган «АЖ SYNTEСO GROUP S.A.» компанияси томонидан шифохона негизида ва ДХШ асосида кўп тармоқли реабилитация маркази очиш ва уни жиҳозлашга 5 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш режалаштирилган.
Шаҳар ССББ тасарруфида бўлган ва Чилонзор туманининг Новза кўчасида жойлашган бинони ҳукуматимизнинг 2018 йил 19 октябрдаги 835-сонли қарорига мувофиқ замонавий гемодиализ ва лаборатория диагностика марказини ташкил этиш учун МЧЖ шаклидаги «ALLES Sag’lik Group» хорижий корхонасига 12 ой ичида 5 млн. доллар миқдоридаги ўз маблағларини жалб этиш, объектни жаҳон стандартларига мувофиқ реконструкция қилиб, капитал таъмирлаш, янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб, 50 ўринли стационар очиш, камида 150 та иш ўрни яратиш, аҳолининг ижтимоий кам таъминланган қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш шарти билан 11 йил муддатга ижара тўловининг «ноль» ставкасида ижарага бериш хусусида 2019 йилда шартнома тузилди.
Шунингдек, эксперимент тариқасида «Аутсорсинг» йўналиши бўйича марказлашган стерилизация хизматлари Олмазор, Шайҳонтохур ва Юнусобод туманларининг даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши кўзда тутилганди. Бугунги кунда кўрсатилаётган стерилизация хизматларининг ҳажми, автоклавлар, қуритиш шкафлари, бикслар, материаллар, ходимлар сони ва бошқалар таҳлил қилиниб, тегишли молиявий ҳужжатларнинг барчаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди.
«Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун талабларидан келиб чиқиб, МЧЖ шаклидаги «LABCENTER» хорижий корхонаси Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали ҳудудидаги бўш ерда икки қаватли бино қуриши ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида биохимик лаборатория хизматини жорий этиши лозимлиги режалаштирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам ҳудуддаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича талай ижобий ишлар амалга оширилди. Чунончи, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги давоелаш-профилактика муассасаларига 2019 йил якуни бўйича бюджетдан 843,9 млрд. сўм, яъни ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 245 млрд. сўм кўп маблағ ажратилди. Шундан 677,9 млн. сўми ёки ажратилган жами бюджет маблағларининг 78,6 фоизи иш ҳақи ва иш ҳақидан ажратмаларга йўналтирилди. Умуман олганда иш ҳақига ажратилган маблағлар харажатлари 543,1 млрд. сўмга етди ва ўтган йилгига нисбатан 143,8 фоизга ошди.
Стационар тиббиёт муассасаларида беморлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишга 27,6 млрд. сўм (ўтган йилгидан 4,5 млрд. сўм ортиқ), тизимга қарашли даволаш-профилактика муассасаларига бюджет ҳисобидан дори-дармон воситалари харид қилиш учун 58 млрд. сўм (аввалги йилгидан 8,1 млрд. сўм кўп), тиббиёт муассасаларини жорий таъмирлаш ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун шаҳар ва туман молия бўлимлари томонидан 42 та тиббиёт муассасасига 13,9 млрд. сўм ажратилди.
* * *
Ҳозир пойтахтимизда 1200 та хусусий тиббиёт муассасаси мавжуд. Уларнинг 1103 таси амбулатор ва 97 таси стационар шароитда фаолият юритмоқда. 104 таси 2019 йилда очилди ва шу даврда 39 тасининг фаолияти кенгайтирилди. Шаҳарда чет эл инвесторлари иштирокидаги 13 та хусусий тиббиёт муассасаси ҳам ишлаб турибди.