Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Харажатларни бошқариш ва уларни ҳисобга олиш муаммоси ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектнинг бутун фаолиятини қамраб оладиган мураккаб ва муҳим жараён. Миллий иқтисодиётимизни модернизациялаш, унинг барча тармоқларида чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилаётган ҳозирги пайтда, фикримизча, ана шу муаммо моҳиятини белгилайдиган талай омиллар яққол намоён бўлмоқда. Уларнинг энг асосийлари қуйидагилар:
● хўжалик юритувчи субъектларда харажатларни бошқариш ва ҳисобга олишда уларнинг шаклланишига таъсир қилувчи бир қатор ташқи омиллар умуман инобатга олинмайди ёки уларнинг таъсирига етарлича эътибор қаратилмайди;
● хўжалик юритувчи субъект фаолиятига дахлдор муҳим стратегик бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнида ахборот тақдим этишнинг амалдаги тизими самараси сезилмайди ёки шундай ҳолларда унинг умуман фойдасиз эканлиги аниқ-равшан кўзга ташланади;
● анъанавий шаклда ахборот тақдимоти вазифасини бажариб келаётган ҳисоб тизимлари томонидан берилаётган маълумотлар аксарият ҳолларда деярли яроқсизлиги, кеч тақдим этилгани ёки аниқ эмаслиги туфайли уларнинг самараси кескин пасайиб кетган.
Бу масаладаги мулоҳазаларимизни дунёнинг машҳур иқтисодчи олимлари ҳам тасдиқлашмоқда. Хусусан, бошқарув ва стратегик бошқарув ҳисоби соҳасининг етук билимдони К.Друри шундай деб ёзади:
● анъанавий тарзда шаклланган ва юритилаётган бошқарув ҳисоби ишлаб чиқариш ва рақобатнинг замонавий даражаси талабларига жавоб бермаяпти;
● анъанавий йўналишда шаклланган ва юритилаётган ишлаб чиқариш харажатлари ҳисоби эса қарорлар қабул қилиш учун яроқсиз бўлган ноаниқ ва чалғитувчи ахборотларни тақдим этмоқда;
● бошқарув ҳисоби амалиёти кўпроқ молиявий ҳисоб талабларини қондириш билан шуғулланиб, ўз мустақиллигини йўқотмоқда, охир-оқибат ёрдамчи ҳисоб тизимига айланиб қолмоқда;
● амалдаги бошқарув ҳисоби компанияларнинг фақат ички фаолияти жараёнлари билан шуғулланади ва бизнесга бевосита таъсир қилувчи ташқи муҳим омилларнинг бирортасини ҳам ҳисобга олмайди.
Анъанавий равишда шаклланган ва амалиётда қўлланиб келинаётган бошқарув ҳисобининг қуйидаги муаммолари мавжуд:
● харажатларнинг бошқарув ҳисоби манфаатлари нуқтаи назаридан шартли-ўзгарувчан ва шартли-ўзгармас гуруҳларга нотўғри классификация қилиниши;
● хўжалик юритувчи субъект фаолияти ҳажми кескин ошган вақтларда таннархнинг ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ бўлмаган ҳолда нотўғри шакллантирилиши;
● билвосита (иккиламчи, эгри ва бошқа) харажатларни тақсимлашда фойдаланиладиган усулларнинг самарасизлиги;
● стратегик бошқарув қарорларини олинадиган ахборотлар асосида қабул қилиб бўлмаслиги;
● ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бирлиги таннархини аниқлашда қўлланилаётган харажатлар ҳисобининг норматив усули самарасиз эканлиги.
Вужудга келган бу вазият ўз-ўзидан хўжалик юритувчи субъектларда харажатларни бошқариш ва уларни ҳисобга олишнинг янги ва самарадор механизмларини яратишни талаб қилмоқда. Фикримизнинг далили сифатида харажатларни ҳисобга олиш жараёнида қўлланиладиган меъёрий усулнинг қуйидаги энг заиф жиҳатларини кўрсатишимиз мумкин:
● биринчидан, харажатларнинг меъёрга нисбатан рўй бераётган оғишларини бевосита оператив жараёнда ҳисобга олишнинг иложи йўқ, шу боис бундай оғишлар пайдо бўлаётган пайтларда уларни бевосита тўғрилаш имкони мавжуд эмас;
● иккинчидан, маҳсулот ишлаб чиқаришда бевосита банд бўлган ва унинг таннархи учун масъул ҳисобланган мутахассислар ҳамда менежерлар амалиётда ана шу меъёрлар билан бухгалтерияда шаклланадиган ҳисобот рақамлари ўртасидаги боғлиқлик, юзага келаётган оғишлар ва уларнинг натижалари ҳақида тўғридан-тўғри ахборотга эга бўла олишмайди, таҳлил учун тақдим қилинаётган бошқарув ҳисоби маълумотларини кўриб, бу жараёнлар моҳиятини тушунишмайди ёки уларга тушунишлари учун шароит ҳам яратилмайди;
● учинчидан, амалиётда, яъни бевосита ишлаб чиқариш жараёнларида меъёрлар доимо эскирган ва реал ҳолатга мос келмайдиган даражада бўлиб келган;
● тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида моддий-техник ресурслар сарфи бўйича меъёрлар миқдори раҳбарият қарори билан тасдиқланади. Ишлаб чиқариш фаолияти давомида баъзи тасодифий омиллар сабабли меъёрлар миқдорига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурияти туғилса, ишлаб чиқаришнинг айнан ўша участкасига тааллуқли қарорлар бу меъёр миқдорларининг маълум давр (олдинги икки-уч чорак)даги динамикаси таҳлил этилгандан кейин қабул қилинади ва расмий ҳужжатлар билан тасдиқланади. Бу жараён жорий ҳолатда бевосита масъул мутахассис томонидан оператив қарор қабул қилиш имконини бермайди, боз устига, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнида моддий-техник ресурслар сарфига салбий таъсир кўрсатади.
Харажатларни ҳисобга олишнинг меъёрий усулида асосий эътибор хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий кўрсаткичларини ҳисоблашга қаратилади, лекин бу жараёнда унинг фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган муҳим номолиявий мезонлар, яъни кўрсаткичлар эътиборга олинмайди. Бундай ёндашув ҳисоб-китоблар тўлиқ бўлмаслигига ва якуний ахборотлар хато кўрсаткичлар асосида шаклланишига олиб келади.
Бинобарин, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти бевосита бозор тамойилларига боғлиқ бўлган ҳозирги шароитда фақатгина субъектнинг ички молиявий кўрсаткичларини ҳисобга олиб, хулосалар чиқариш нотўғри иш эканлиги тайин. Аслида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги асосий кўрсаткичларнинг шаклланиши бевосита доимий тарзда ўзгариб турадиган ташқи муҳит, бозор тамойиллари билан чамбарчас боғлиқ. Айни ҳолатда харажатларни ҳисобга олишнинг норматив усули ўз аҳамиятини йўқотади. Бизнингча, бундай вазиятда харажатларни бошқариш ва уларни ҳисобга олишнинг энг самарали усули сифатида стратегик бошқарув ҳисобига мурожаат қилиш фойдадан холи бўлмайди.
Ҳозир жаҳон амалиётида харажатлар, даромад ва молиявий натижаларнинг стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш ва юритишнинг учта устувор йўналиши қўлланилмоқда:
1. Қиймат занжирини шакллантириш орқали корхона фаолияти йўналишлари бўйича (М.Портер).
2. Маҳсулот ҳаракати давомида харажатларнинг ўсиб бориши асосида (Б.Райан).
3. Харажатларни стратегик бошқариш орқали (Ж.Шанк ва В.Говиндараджан).
Мазкур йўланишлар талаблари асосида харажатларнинг стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш тўртта муҳим тамойилга асосланади:
● харажатларни стратегик бошқариш механизмларидан фойдаланиш;
● корхона фаолияти йўналишлари бўйича қиймат занжирини шакллантириш;
● маҳсулот ҳаракати давомида харажатлар ўсиб бориши тўғрисидаги ахборотни шакллантириш;
● қарорлар қабул қилиш учун маҳсулотнинг бутун ҳаракати давомида уни кузатиб бориш тамойилидан фойдаланиш.
Қиймат занжирини шакллантириш концепцияси М.Портер томонидан ишлаб чиқилган. Унинг замирида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини асосий ва ёрдамчи гуруҳларга ажратиш (бўлиш) тамойили ётади.
Қиймат занжирини шакллантириш – ҳар бир хўжалик юритувчи субъект томонидан маҳсулотнинг охирги истеъмолчиси талабларини қондиришга қаратилган ва мувофиқлаштириб бориладиган ҳаракатлар йиғиндисидан иборат бўлади. Лўндароқ қилиб айтганда, хомашё етказиб берувчилар билан шартномалар тузишдан бошлаб, ишлаб чиқарилган товарни то энг охирги истеъмолчисига етказиб беришгача бўлган барча жараёнларни қамраб олади. Қиймат занжирини шакллантираётган ҳар бир занжир бўғини ўзидан кейинги бўғин учун сифатли маҳсулот етказиб бериш, харажатларни имкон қадар камайтириш ва якуний маҳсулот рақобатбардош бўлиши учун масъул эканлигини ҳис қилиш керак. Стратегик бошқарув ҳисобида М. Портернинг қиймат занжиридан фойдаланиш хўжалик юритувчи субъектларнинг алоҳида фаолият йўналишларини аниқ ажратиб олиш, улар бўйича ҳам ички, ҳам ташқи харажатларни ҳисобга олиб бориш ва уларни самарали бошқариш имконини яратади.
Биз юқоридаги ўртага ташланган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, хўжалик юритувчи субъектларда стратегик бошқарув ҳисобини самарали ташкил қилиш учун уларнинг фаолият йўналишларини асосий ва ёрдамчи йўналишга бўлишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади: