Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
19 апрель куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳининг йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати
хабар берди.
Хабарда айтилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо-мамлакатлар вакиллари Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний раҳбарлигидаги делегация билан биргаликда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдилар. “ШҲТ – Афғонистон” шаклидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон Афғонистонда зиддиятни ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни маъқуллаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади, дейилади хабарда.
“Биз Афғонистондаги сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва афғон халқи бошчилигида амалга оширилиши шарт деган асосий тамойил тарафдори бўлиб қоламиз. Курашувчи томонлар ўртасида келишувга эришишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳалар бўйича давлат институтларини сақлаб қолиш муҳим ҳисобланади” , – деди Исматулла Иргашев.
Қайд этилганидек, томонларни яраштириш бўйича саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий келажагига, мамлакатдаги ижтимоий барқарорликка ва Афғонистоннинг ёш авлодига инвестиция киритмоқда. Афғонистонда транспорт ва логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон томонидан “Сурхон–Пули-Хумри” электр узатиш тармоғининг қурилиши, Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ва божхона терминалига эга бўлган “Термиз-Карго” логистика марказининг очилиши, “Мозори-Шариф–Ҳирот темир йўли қурилиши” лойиҳасининг ишлаб чиқилиши шулар жумласидандир.
Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон афғон халқи учун муҳим бўлган бошқа лойиҳа – “Мозори Шариф–Кобул–Пешавор” темир йўли қурилишида Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мазкур темир йўли Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайди ҳамда турли мамлакатлар, жумладан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида яқин иқтисодий алоқа ўрнатишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, жорий йилда Тошкент шаҳрида Минтақавий иқтисодий ҳамкорликка бағишланган саккизинчи халқаро конференциянинг вазирлар учрашувини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Мажлисда Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатишда “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирилди.
Бишкек шаҳрида бўлиш чоғида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи мажлисида иштирок этаётган делегациялар раҳбарлари – Хитой ТИВнинг ташқи хавфсизлик бўйича махсус вакили Чен Гопин, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Гитеш Шарма билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Афғонлараро тинчлик жараёнини бошлаш ва Афғонистонда инфратузилмавий, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Источник: Kun.uz