(O´zbek) Millat dahosining timsoli

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мустақиллик йилларида халқимизнинг асрий орзулари амалга ошди. Фахру ифтихори, миллий ғуруримиз бўлган Алишер Навоийнинг руҳи шод этилди. Маънавий юксалиш миллий тараққиёт билан чамбарчас олиб борилди. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан бири – бу Алишер Навоий бобомиздир. Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.
 

                                                                Энг чиройли метро бекати 

     Тошкент метрополитенининг “Алишер Навоий” бекатидан ҳар куни минглаб юртдошларимиз кундалик юмушлари билан ўз манзилига ошиқади. Кимдир ишга, кимдир ўқишга – ҳамманинг дилида эзгу мақсадларга интилиб яшаш, яхши ният билан эртанги куни, ёруғ келажагининг пойдеворини яратиш тилаги мужассам. Учқур поездларга шошилаётган одамлар миллий меъморлик ва замонавий архитектуранинг ноёб намунаси бўлган ушбу бекатдаги нақшларга, уларда тасвирланган Навоий асарлари қаҳрамонларига назар ташлаб, халқимизнинг бунёдкорлик даҳосига, улуғ сўз санъаткорининг бадиий закосига таҳсин айтади.

 
     Нақшинкор гумбазлар, савлатли устунлар кишини хаёлан Навоий дунёсига, шоирнинг маънавий куч-қуввати ва жаҳон бадиий тафаккурига қўшган ҳиссасини англашга етаклайди.
 
     Йўловчилар оқими сусаймайди. Бекатда поезд кутаётган киши беихтиёр давр шиддати шошилтираётган ўз умри, бугуни ва эртаси ҳақида ўйлайди. Балки Навоий достонлари қаҳрамонларини кўриб, ёшларда саволлар туғилар, кексалар болалигини эслар, ота-оналар оиласи, фарзандлари тарбияси ҳақида ўйлар… Бу – кундалик ҳаёт манзараси. Бироқ шу манзара замирида ўз турмушини обод қилиш, халқ ғами билан яшашни эзгу мақсад деб билган одамларнинг бугунги куни ва эртаси мужассам.
 
     Тошкент метрополитени – азим пойтахтимизнинг кўрку жамолини ўзида намоён қилувчи бетакрор кўзгудир. «Алишер Навоий» бекати дунёдаги энг чиройли метро бекатларидан биридир.
 
     2014 йил ноябрь ойида Distractify электрон нашрида чоп этилган «Метро бекатлари сизни жамоат транспортидан фойдаланишга илҳомлантирадиган дунёдаги 17 шаҳар» рўйхатига Тошкент шаҳри ҳам киритилгани фикримиз далилидир.
 
     Метрополитеннинг “Пахтакор” бекатидан “Алишер Навоий” бекатига ўтаркансиз, дастлаб улкан паннога кўзингиз тушади: бепоён само бағрида ёрқин юлдузлар – улуғ шоир тасаввури ва тафаккури қудрати жилваланади. “Хамса” достонларига бағишлаб ишланган нақшлар комил Инсон манзилига элтажак муборак йўл тимсоли мисол кишида ҳайрат уйғотади. Мармар саҳндаги саккиз қиррали бурчаклар халқимиз жипслиги ва бирдамлиги ифодасидир.
 
     – Ҳар гал шу бекатдан ўтаётганимда, Навоий бобомиз даҳосидан ҳайратга тушаман, – дейди Тошкент банк коллежи катта ўқитувчиси Розия Асраева. – Шоир илгари сурган ўлмас умуминсоний ғоялар бизни ҳанузгача тарбия қилса, унинг ижодига хос буюк санъат бизни ҳар сафар ҳайратга солади. Навоий шеърияти сеҳрининг қудрати шу қадарки, гоҳида бундай сатрларни битиш инсон қўлидан келадиган ишга ўхшамайди. Навоийнинг буюклигини англаш учун унинг исталган байтини ўқиш кифоя. Зеро, мутафаккирнинг ҳар бир байтида комил инсон ғояси, дастури мужассам.
 
     – Бу бекатдаги нақшларни томоша қилганимда ич-ичимдан фахрланаман, – дейди Тошкент архитектура қурилиш институти талабаси Ҳусан Мадумаров. – Бекат халқимизнинг улуғ шоир меросига эҳтироми сифатида дид билан безатилган. Навоий асарларини ўқиганимда Камолиддин Беҳзод ишлаган миниатюраларни ҳам мириқиб томоша қиламан. Навоийнинг нафақат асарлари, балки ҳаёт йўли ҳам биз, ёшларга ибратдир. Бобомиз бир неча тилни билган, шаҳарларни обод қилган, одамларни яхшиликка даъват этган. Юртимиздаги ҳар бир ёш ана шу ўгитларга амал қилса, катта муваффақиятларга эришади.
 
                                                                            Ўзликни англаш
 
     Мамлакатимиз ҳали ўз мустақиллигини қўлга киритмаган, собиқ тузум ҳукмрон бўлиб турган бир даврда, яъни 1991 йилнинг январида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1991 йил Алишер Навоий йили, деб эълон қилинган эди. Ўша пайтда бешинчи-олтинчи синфда ўқиётган биз, болалар учун бу англаб-англаёлмайдиган ҳолат бўлган. Бутун йилнинг шоир номи билан аталиб, кейинчалик бу мамлакатимизда ҳар бир йилга ўзига хос чуқур маъно-мазмунга эга ном беришдек эзгу анъанага айланишини нафақат биз, катта авлод вакиллари ҳам тўла тасаввур қила олмаган эди ўшанда.
 
     Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий маънавиятимизни тиклаш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш борасида беқиёс ишлар қилинди ва бу ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Маънавиятимизни янада юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ишлар, бу соҳада эришилган марралар халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан, кўпгина манаман деган давлатлардан ҳам ўзиб кетганини бутун дунё тан олмоқда.
 
     Тобора тараққий этаётган бугунги даврда ҳам ҳаётнинг мураккаб йўллари қаршисида дуч келадиган ҳар қандай саволларимизга миллий меросимиз хазинасидан жавоб топамиз. Алишер Навоийнинг замон ва сарҳад билмас адабий мероси халқимиз учун ана шундай бебаҳо маънавий хазина, битмас-туганмас бойликдир. Умрида лоақал бир марта бўлсин, Навоий ҳикматини эшитмаган, унга амал қилиш ҳақида ўйлаб кўрмаган ўзбекни топиш мушкул. Халқимизнинг бахти бутун, толеи баланд экани ҳам шунда.
 
                                                                                Энг сўлим боғ
 
     Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан бундан йигирма тўрт йил муқаддам пойтахтимизда Алишер Навоий номи билан юритилувчи Миллий боғ барпо этилди ва улуғ шоирнинг салобатли ҳайкали қад ростлади. Мазкур муаззам боғ ёшлар, пойтахтимиз меҳмонлари ва хорижлик сайёҳлар билан ҳамиша гавжум. Энди оила қураётган келин-куёвларнинг улуғ мутафаккир бобомиз ҳайкали пойига гул қўйиши ҳам юртдошларимизнинг у зотга бўлган эҳтироми ифод асидир.
 
     – Ўша йили Навоий номи билан юритилувчи боғ ва унда буюк бобомиз ҳайкалининг очилиши биз зиёлиларни айниқса руҳлантириб юборди, – дейди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти Равшан Жомонов. – Дўстлар билан ҳайкални зиёрат қилгани ошиқдик. Маҳобатли гумбаз остида ғазал мулкининг султони мағрур боқиб турарди. Унинг юзидан қандайдир кўз илғамас нур ёғиларди, биз авлодларга кўп нарсаларни уқтираётганини сезиш мумкин эди. Кўзимиз гумбаздаги ёзувларга тушди. Ёзувлар ғоят бежирим, нафис ва бетакрор бўлиб, зарҳал ҳарфларда битилган эди:
 
                                        Олам аҳли, билингизким иш эмас душманлиғ,
                                         Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш
.
 
Айни шу мисралар рус, инглиз ва араб тилларида ҳам ёзилган. Сал кейинроқ лотин алифбосида ҳам ёзиб қўйилди. Ўшанда шундай савол туғилди: нега айнан мазкур мисралар танлаб олинган? Чунки ҳазрат Навоийда бунақа ажойиб мисралар беҳисоб. Навоий наздида, инсон – олам сарвари сифатида яхлит бир тушунча. Шу сабабли ҳам инсонлар бир-бири билан дўсту биродар бўлиб умр кечирмоғи шарт. Аксинча, душманлик қилиш одамзод учун мақбул иш эмаслиги бот-бот такрорланмоқда. Инсонларнинг аҳил, тотув, иноқ яшаши лозимлиги Яратган томонидан буюрилгани уқтирилмоқда. Зеро, тинчлик ва осойишталик энг олий неъмат. Тинчлик бор жойда тараққиёт, фаровонлик, байрамлар, тўю тантаналар бўлади.
 
     Навоийнинг мазкур байтидан яна олам-олам маъноларни уқиб олиш мумкин. Асосий гап ана шундай дурдоналарнинг мағзини англаш, илмий-назарий жиҳатдан тўғри талқин этиш ҳамда ёш авлодга ўз вақтида тушунтириб беришда. Йиллар, асрлар ўтса-да, Навоий даҳоси, тафаккур олами бизни ўзига оҳанрабодек тортишининг боиси шунда!
 
     Ободлик – юрт равнақи ва эл-улус фаровонлиги буюк бобомиз куйлаган муҳим сифатлардан. Азим пойтахтимизда амалга оширилган беқиёс бунёдкорликларга ҳамоҳанг равишда Миллий боғда ҳам катта ҳажмда ободонлаштириш ишлари бажарилди. Боғнинг асосий дарвозаси арка шаклида миллий услубда бунёд этилди. Тўққиз гектарли кўл атрофи обод этилди. Боғ ҳудудига дарахт кўчатлари, манзарали ўсимликлар экилиб, ўн минг квадрат метрдан ортиқ майдонда майсазор барпо этилди. Уларни суғориш ва кўлни узлуксиз равишда сув билан таъминлаш мақсадида сувни тиндириш мосламаси қуриб битказилди. Бундай ишлар самарасида Миллий боғ пойтахтимиздаги энг сўлим, осуда ва сокин масканга айланди. Боғни бир айланиб чиққан киши барча чарчоқларини унутиб, бу ердаги манзаралардан завқ олади.
 
     Яна бир эътиборга молик жиҳати, мустақиллик туфайли ҳар йили 9 февраль кунини юртимизда улуғ бобомизнинг таваллуд айёми сифатида кенг тантана қилиш, ушбу сана муносабати билан таълим масканлари, маънавият-маърифат даргоҳларида навоийхонлик кечалари, мутафаккир ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланди.
Шу кунларда ҳам Миллий боғдаги улуғ бобокалонимизнинг ҳайкали пойи гуллар билан безанган. Бобомиз руҳи бу ерга келаётган ёшлар, шеърият ихлосмандлари, таълим масканлари ўқувчиларини маънавий камолотга даъват этмоқда. Навоий даҳоси, комиллик матлаби қалбларни нурга тўлдирмоқда.
 
                                                     Навоий кўчасининг бугунги жамоли 
 
Пойтахтимизнинг Алишер Навоий кўчасида бундан беш-олти йил илгари бўлган киши бугун уни таниёлмайди. Боиси, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари кўчанинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Мустақиллик майдони, Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонани ўз ичига олган “Маърифат маркази”, Хадра майдони, Миллий театр, уларга туташ ҳудудларда олиб борилган реконструкция ишлари жараёнида йўллар кенгайтирилиб, коммуникация тизимлари тўлиқ янгиланди. Бу ҳудудларда очиқ майдонларга майса экиш, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг муҳими, кўчада Навоий бобомиз номига монанд равишда маъмурий бинолар билан бирга санъат, маданият ва маърифат кошоналари тобора кўпайиб бормоқда.
 
     Бундан икки йил муқаддам Алишер Навоий шоҳ кўчасида барпо этилган кўпқаватли замонавий уйлар кўчанинг улуғворлигини янада оширди.
 
     Мамлакатимизда, жумладан, пойтахтимизда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жараёнида инсон манфаатларини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Яъни, аҳолининг яшаши, меҳнат қилиши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилмоқда. Янги турар жой биноларида ҳам бу ҳар томонлама ҳисобга олинган.
 
     – Юртбошимиз ташаббуси билан Навоий кўчасида кўпқаватли уйлар қурилаётганда бу уйлардан бизга ҳам насиб этармикан, деб ҳавас қилгандик, – дейди янги уй соҳибаларидан бири Манзура Мусахўжаева. – Шукрки, орзумизга етдик. Янги хонадонимиз олдинги уйимиздан бутунлай фарқ қилади. Кенг, шифтлари баланд, ёруғ ва шинам, яйраб яшаш учун ҳар жиҳатдан қулай. Меҳмонхона, ётоқхона, болалар хонаси, ошхона, ювиниш хонаси халқимиз турмуш тарзига мос тартибда лойиҳалаштирилган. Уй олдида хиёбон барпо қилинган. Шу ўринда бу ерлар илгари қандай эди, бугун қанақа, деган савол туғилади. Бундан бир неча йиллар олдин янги уйлар ўрнидаги бир-биридан хунук, бетартиб қурилган дўконлар, улар ортидаги жарлик одамларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатарди. Айниқса, дўконлардан чиқаётган чиқиндилар, машиналарнинг тирбандлиги аҳолига катта ноқулайлик туғдирарди. Кўчанинг янги қиёфаси одамларнинг нафақат турмушини, қарашларини ҳам ўзгартириб юборди. Одамлар янги уйларни кўриш, кўча ҳавосидан баҳра олиш, неваралари билан Навоий ҳайкалини зиёрат қилиш учун келмоқда. Буларнинг ҳаммаси истиқлол шарофатидан, Юртбошимизнинг халқимиз манфаатларини ўйлаб юритаётган изчил сиёсати самараларидандир.
 
     Улуғ бобомиз Алишер Навоий номи билан аталувчи кўчани безаб турган кўркам уйлар – обод турмушимиз, фаровон ҳаётимиз ифодасидир. Шу уйларда улғаяётган ёшлар, шу кўчадан ҳар куни эзгу юмушлари сари отланаётган юртдошларимиз бугунги кунимизга шукроналик, эртанги ёруғ келажагимизга ишонч руҳи билан яшамоқда. Зеро, Ватанимиз буюк бобокалонимиз орзу қилганидек тобора юксалиб бормоқда.
 
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА шарҳловчиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.