Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Жаҳон иқтисодиётининг бугунги глобаллашуви шароитида юқори марраларга эришиш учун салмоқли моддий, молиявий, меҳнат ресурслари ва иқтисодий-сиёсий омиллар даркор. Мамлакатда кечаётган иқтисодий ислоҳотлар ва иқтисодий сиёсатни яхши билганлар бундай асослар мавжуд ва кўзланган мақсадга эришиш мумкин, деб ҳисоблашади.
Дунёдa кечaётгaн глoбaллaшув жapaёни тaъcиpи вa бoзop paқoбaтининг кучaйиши нaтижacидa хўжaлик юpитувчи cубъектлapдa caмapaли cтpaтегик бoшқapувгa эҳтиёж тобора opтмоқда. Стратегик бошқарувни амалга ошириш жараёни бир қанча инструментлардан кенг фойдаланишни ўз ичига олган бўлиб, бугун улардан энг долзарби – форсайт усулидир.
Форсайт термини инглизчадан таржима қилинганда «келажакка назар», маъносини англатиб, маълум бир жараён ва ҳодисанинг келажакдаги ҳолатини кўра билишдир.
Форсайт усули ҳар қандай ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий шароитидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар томонидан кенг кўламли олиб бориладиган сўров асосида аниқланадиган бир калит сифатида ишлатилади. Бу, ўз навбатида жамият ва давлатга улкан ижтимоий ва иқтисодий фойда келтиради. Европа мамлакатларида корпоратив форсайт нафақат йирик корпоратив тузилмаларда, ўрта ва кичик бизнесда ҳам кенг қўлланилади.
Тадқиқотларга кўра, европалик экспертлар форсайтни келажакни ўрганиш учун фаол восита сифатида қўллашади. Компаниялар фаолияти бўйича келажакни режалаштиришда корпоратив форсайт муҳим омил сифатида қаралади .
Хўш, унинг қандай муҳим жиҳатлари мавжуд? Европа Комиссиясининг сайтидаги маълумотларига кўра, форсайтнинг компанияларни бошқаришда қуйидаги ўзига хос муҳим жиҳатлар бор:
● компанияда қабул қилинадиган қарорларнинг таъсирини бошқа ўзгаришлар билан бирлаштириш имкониятини кўриб чиқиш;
● компания раҳбариятини тезкор маълумотлар билан таъминлаш, қўллаб-қувватлаш ва турли соҳаларда амалга ошириладиган сиёсатни ишлаб чиқиш;
● келажакдаги устувор йўналишлар, яратилаётган янги технологиялар, замонавий ижтимоий талаблар ва муаммоларни аниқлаш ва ҳ.к.
Корпоратив форсайт компанияларда бизнесни бошқаришнинг янги кўринишидаги механизмларидан бири бўлиб, рақобат муҳитини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўзгаришларга мослашишга ва динамик равишда ўзгарувчан глобал бозордаги позициясини узоқ муддат мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, корпоратив форсайт компаниялар учун келажакдаги ўзгаришларни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаш, уларни мониторинг ва таҳлил қилиш, вужудга келиши мумкин бўлган ташқи омиллар таъсирини ўз вақтида аниқлаш ва тегишли чоралар кўришни қамраб олади.
Форсайт технологияси башорат қилиш методологияси асосланадиган тизим ҳисобланади. Сўнгги 10 йил ичида башорат бутун дунё бўйлаб сиёсий, стратегик режалаштириш ва бошқарувда кенг қўлланиладиган воситага айланди.
Шуни айтиш лозимки, форсайтдан фойдаланишдан аввал ундан кўзланган мақсадни аниқ белгилаб олиш зарур. Бу билан форсайтнинг самарали усулларини танлаб олиб, амалий ҳаракатларни бошлаш мумкин. Бу жиҳатни БМТ томонидан чоп этилган «Форсайт – ривожланаётган мамлакатлар учун стратегик узоқ муддатли режалаштириш воситаси сифатида» номли қўлланмада келтирилган мисоллардан ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 1998 йили Бразилия форсайт бўйича ўзининг илк тажрибасини амалга оширди. 1996 йили Ҳиндистон ҳукумати ҳам ушбу дастурни амалга оширишга киришди. Иккала мамлакатда мазкур дастур «Технология 2020» деган ном билан аталиши, ривожланиш бўйича 23-25 йилллик режаларнинг форсайт усулидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилганлиги бугунги кундаги ушбу давлатларнинг амалдаги ривожланиш босқичларидан ҳам билиб олсак бўлади.
Ривожланган давлатларда форсайт методларидан энг кўп қўлланиладигани «Делфи», «Муҳим технологиялар», «Экспертлар панели» каби усуллардир. Ушбу усуллар асосий тенденцияларни ўзгарувчан драйверларнинг ўзаро таъсирини ўрганишга қаратилган таҳлил – STEEPV ёрдамида аниқлаш имконини беради.
Масалан, бозорда ўзгарувчан тенденцияни ўз вақтида сеза олмаган «Nokia» компанияси билан боғлиқ ҳолатни кўриб чиқиш мумкин. Яқин ўтмишда мобиль технологиялар бозорида ўз позициясига эга бўлган ушбу компания соҳани ўзгартириш шароитида дунё бозорида ўз ўрнини сақлай олмади. Европа мамлакатларида энг илғор корпоратив форсайт тизимларидан бирига эга бўлган «Nokia» компанияси 2000 йилларнинг ўрталарида Американинг «Apple» компанияси билан уяли алоқа бозорида рақобат қила олмади. Бундай шартсиз мағлубият Финляндия компаниясининг ўзи бошқараётган бизнес келажагини белгилай олмаганлиги, корпоратив форсайт бирлиги учун аниқ жавобгарлик ва маъсулиятни белгилашда хатога йўл қўйганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Сўнгги йилларда форсайтнинг энг оммабоп усулларидан бири сифатида делфи башорат қилиш усули кенг тарқалганлганлиги кўрсатиш мумкин. Мазкур усул маълум соҳадаги мутахассислар (2-3 минг) ўртасида сўровнома ўтказиш, шунингдек, сўровноманинг иккинчи босқичида улар билан қайта алоқа ташкил этишга асосланади. Ушбу башорат қилиш усули тадқиқотлар ўтказиш жараёнида ҳам кенг қўлланилади. Делфи усули Германия, Япония, Буюк Британия ва бошқа баъзи мамлакатларда фаол қўлланилмоқда. Ижобий натижага эришиш мақсадида сўровнома ўтказиш учун юқори малакали мутахассислар танлаб олинади, маълум ҳудудларда эксперт комиссиялари тузилади ҳамда узоқ муддатли (йигирма беш йилдан ўттиз йилгача) даврда вужудга келиши мумкин бўлган ижтимоий, иқтисодий, илмий ва технологик ютуқларнинг рўйхати ишлаб чиқилади.
Тадқиқотда қатнашадиган мутахассислар ҳар бир мавзуни баҳолаб, керакли манбалар мавжудлигини аниқлайди. Муҳим йўналишни амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган тўсиқлар белгиланади.
Бугунги кунда келажакдаги ўзгаришларни башорат қилишнинг яна бир «Муҳим технологиялар» деб номланган усули асосан Франция, AҚШ, Чехия ва бошқа мамлакатларда кенг қўлланилмоқда. Ушбу усулнинг моҳияти шундаки, компания учун зарур маълумотларни шакллантириш юқори малакали мутахассислар билимига асосланади. Улар тадқиқот соҳаларида муҳим технологияларни санаб ўтади. Одатда, бундай башоратни амалга оширишга кўплаб мутахассислар жалб этилмайди. Бундан ташқари, башорат қилиш истиқболлари беш йилдан ўн йилгача бўлган даврга мўлжалланган.
Келажак ўзгаришларини башорат қилишнинг яна бир усули бу «Экспертлар панели» саналади. Кейинги пайтларда аксарият башоратли лойиҳа «экспертлар панели» усули ёрдамида тузилиб, уни амалга ошириш учун 12 кишидан 20 кишигача бўлган мутахассислар гуруҳи тузилади. Экспертларга маълум бир мавзу таклиф қилинади ва келажак учун мумкин бўлган вариантлар ишлаб чиқиш учун муддат (масалан, бир ой) берилади. Бу сўнгги ахборот-таҳлилий ишланмалар ва материаллардан фойдаланиш имконини яратади.
«Экспертлар панели» услубининг ўзига хос хусусияти шундаки, башорат жараёнининг ўзи кўпчилик учун очиқ маълумотлар тизими ҳисобланади. Усулнинг асосий афзаллиги – бу бошқа шароитларда ташкил қилиш жуда қийин бўлган турли хил фаолият соҳалари ва илмий фанларнинг ўзаро алоқасини ифодалайди.
1970 йилларнинг сўнгида «Motorola» компанияси янги башорат қилиш усулини ишлаб чиқди. Буни «йўл харитаси» ҳам деб номлаш мумкин. Бу услубнинг моҳияти бизнеснинг барча асосий таркибий қисмларини режалаштиришдан иборат бўлиб, мазкур усулдан молия, маркетинг, технологиялар, муҳандислик инфратузилмалари, бозорлар ва хизматлар соҳасини ривожлантиришда самарали фойдаланиш мумкин. Йўл хариталарини тузишнинг асосий афзаллиги компания томонидан амалга ошириладиган узоқ муддатли ривожланиш мақсадлари тўғрисида доимий тасаввур шакллантирилади ва уни мониторинг қилиш имкони туғилади.
Бугунги глобаллашув даврида йирик компаниялар ўзгарувчан бозор шароитига мослашувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш борасида бир қатор ижобий ишларни амалга оширмоқда. Мамлакатимизда мазкур соҳада комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишда стратегик режалаштиришдан кенг фойдаланиш, унинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалалари кўриб чиқилаётгани диққатга сазовор. Ривожланган давлатлар тажрибаси мамлакатнинг мувафаққиятли ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан стратегик режалаштиришни давлат бошқаруви инструменти сифатида фойдаланишга боғлиқлигини кўрсатади. Стратегик режалаштиришнинг асосини ҳар бир мамлакат, унинг ҳудудлари ва тармоқлари бўйича ишлаб чиқилган ўрта ва узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозлари, стратегиялари ва концепциялари ташкил қилади.
Мамлакат иқтисодий ривожланишини стратегик режалаштиришда узоқ истиқболга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим омил. Ривожланиш стратегияси – бу миллат келажагини яратиш инструменти саналиб, у мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлиги ва келгуси авлод манфаатларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий сиёсатнинг аниқ мақсади, устувор йўналиши ва вазифаларини белгилайди. Бундай дастур давлат бошқарув органларининг ҳаракати ва салоҳиятларини бирлаштириш имкониятини яратади.
Биз стратегиянинг янги даврига кириб, стратегик режалаштиришдан стратегик менежментга ўтяпмиз. Форсайт комбинацияси стратегик режалаштиришни амалга оширишда ўз ичига нафақат компания раҳбарлари, балки бошқарувчи ва мутахассисларни ҳам қамраб олади. Бу форсайт стратегияси ёрдамида муаммоларни батафсил ўрганиш, мақсадларни аниқ белгилаб олиш ҳамда муқобил вариантларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Барча корхона, ташкилот ва компаниялар ўзларининг узоқ муддатли стратегияларини ишлаб чиқиши ва стратегик режалаштиришни босқичма-босқич амалга ошириши зарур. Бу ўз навбатида тез ўзгарувчан бозор шароитида узоқни кўра билишликни таъминлайди. Умуман, корпоратив форсайт стандарт воситалар ёрдамида аниқлаб бўлмайдиган ўзгаришлар ва сигналларни аниқлашга хизмат қилади, яъни мавжуд стратегияни шакллантириш воситаларига нисбатан қўшимча рол ўйнайди.
Стратегик режалаштиришда яна бир муҳим йўналиш – бу маркетинг. Негаки, мазкур циклни амалга оширишда маркетинг компанияга зарурий маълумотларни ва унга бўлган эҳтиёжни қондиришни таъминлайди. Стратегик режалаштириш корпоратив форсайт билан чамбарчас боғлиқ. Сабаби – форсайтни келажакдаги ривожланиш йўналишининг бир инструменти десак, стратегик режалаштириш мана шу ривожланишнинг тизимли ишлар кетма-кетлигини ўз ичига олган комплекс дастур сифатида жорий қилиниши мумкин.
2020-2021 йилларда жаҳоннинг барча давлатлари кўзда тутилмаган (форс мажор) вазият билан юзлашди. Оқибатда кўпчилик мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръати кескин пасайгани ҳеч кимга сир эмас.
Жаҳонга машҳур, автомобиль ишлаб чиқарувчи «Ford» компанияси пандемия даврида GE Healthcare билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасига оид бир қанча жиҳозлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, жумладан, нафас олиш тизими, айниқса COVID-19 билан касалланган беморларга ёрдам берувчи мослама, юзни тўсиб турувчи шитлар ва бошқа тиббий шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқармоқда. Бу билан компания ўзгарувчан бозор шароитида ўзининг эгилувчанлик хусусиятини таъминлай олди.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда инвестиция оқимларнинг ўсишини жаҳон иқтисодиётидаги сусайиш ва иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши, Европа минтақасидаги қарздорлик ва бюджет тақчиллиги муаммолари, хорижий валюталар курси тақдирининг ноаниқлиги ва молия бозорларидаги рискларнинг ортиши каби чегаралаши мумкин бўлган омиллар таъсири кучаймоқда. Ривожланган давлатларда инвестицияларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишга оид қуйидаги учта йўналишга алоҳида эътибор қаратилади:
● импорт ўрнини босиш стратегиясини ривожлантириш;
● таянч тармоқлар ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш;
● илм-фан соҳаси ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш.
Хусусан, Жанубий Корея Республикасининг инвестиция стратегияси бу борада диққатга сазовор. Ушбу мамлакат хорижий инвестициялардан самарали фойдаланишда шундай сиёсат олиб борганки, ривожланган мамлакатлардан, жумладан АҚШ ва Япониядан инвестициялар жалб қилиш жараёнига мазкур давлатлардаги самарали менежмент услублари ва ишлаб чиқариш технологиясини татбиқ қилишга интилган.
Шунингдек, ривожланган мамлакатлар инвестиция фаолиятида бой тажриба тўпланган бўлиб, ундан Ўзбекистон амалиётида самарали фойдаланиш хорижий инвестицияларни жалб қилиш амалиётини такомиллаштириш ва инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш имконини беради. Айниқса, Япония инвестиция сиёсатининг тажрибаси алоҳида устуворликларга эга экани билан ажралиб туради. Бу борада мамлакатимизда ҳам инвестиция сиёсатининг муҳим устуворликларидан бири айнан хорижий инвестицияларни жалб қилишда узоқ муддатли лойиҳалар асосида илғор техника ва технологиялар киритишга қаратилган.
Хулоса сифатида айтиш лозимки, стратегик режалаштириш ва форсайт ҳозирги кунда долзарб ҳисобланган масалалар ечимини ишлаб чиқишда энг самарали инструмент ҳисобланади. Мамлакатимизда стратегик режалаштириш билан бир қаторда келажак методикаси сифатида баҳоланаётган ва ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ўтган форсайт усули ва унинг янги механизмларининг меъёрий асосларини яратиш жамият тараққиётининг муҳим талабидир.
Умид КОСТАЕВ,
«НКМК» АЖ Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи,
иқтисодиёт фанлари доктори, доцент;
Ибодилла ОРТИҚОВ,
«НКМК» АЖ Корпоратив молия бўлими мутахассиси;
Ботиржон ЭРГАШОВ,
«НКМК» АЖ Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими иқтисодчиси