Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш соҳасида иш олиб бораётган барча давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолат ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлари бизнес-форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
– Вилоят Ёшлар марказида ўтган бизнес-форумда юз нафардан зиёд 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган тадбиркорлар ўз таклифлари билан иштирок этди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими матбуот хизмати ходими Аҳрор Содиқов. – Қатнашчилар олдидаги асосий вазифа мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигининг ривожланиши бугунги ҳолатини таҳлил қилиш, муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал қилиш бўйича имкониятларни ўрганиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Бизнес-форум қатнашчиси Шаҳноза Эрназарова ҳам замон билан ҳамнафас, ташаббускор ёш тадбиркор қизлардан. Шу боис истеъдодли дизайнер раҳбарлик қилаётган Қарши шаҳридаги “Шириноза” тикувчилик цехи анча таниқли бўлиб бормоқда.
Айни пайтда “Шириноза” цехида 8 нафар тикувчи фаолият юритаётир. Бундан ташқари, 12 нафар ҳунар эгаллашга иштиёқманд коллеж ўқувчилари уларга кўмакчи.
– Ниятим – миллий нақш намуналарини дунёга танитиш, – дейди Шаҳноза Эрназарова. – Бунинг учун тинмай изланаяпман. Ушбу бизнес-форумда ўзим учун зарур иқтисодий, ҳуқуқий маълумотларни олдим.
Бизнес-форум доирасида иштирокчилар вилоятимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фаолият юритаётган давлат органлари билан ҳамкорлик, лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Саралаб олинган 10 нафар иштирокчи I республика ёш тадбиркорлари бизнес-форумининг якуний босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Бизнес-форумда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, улар учун қўшимча имтиёз ва қулайликлар жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Мазкур мақола qashqadaryogz.uz сайтидан олинган ҳолда тақдим қилинмоқда