(O´zbek) O‘zbekistonda mehnat resurslari mobilligining ekonometrik tahlili

1/2017

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръат­ларини ҳамда унинг ра­қобатбардошлиги­ни таъминлаш, аҳоли­нинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифа­тини яхшилаш мамлакатимизнинг стратегик мақсадлари ҳисобланади. Бунга эришиш учун бошқа соҳалар қатори ижтимоий-иқтисодий ва меҳ­нат муносабатларини янада такомиллаштириш талаб этилади.
     Ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат муносабатларида меҳнат бозорини ривожлантириш орқали аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш ма­саласи марказий ўринни эгаллайди. Демографик омиллар туфайли меҳ­нат ресурслари муттасил ортиб бораётган Ўзбекистон учун бу, айниқ­са, энг муҳим ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади.
     Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига дои­мий яшовчи аҳоли сони 31,58 млн кишини, 2015 йилга нисбатан эса 1,8 фоизга кўпайиб, мутлақ ўсиш 553,9 минг кишини ташкил этган. Шундан шаҳар аҳолиси 15,9 млн киши, қиш­лоқ аҳолиси 15,6 млн кишидан иборат бўлган. Бу умумий аҳоли сонига нисбатан мос равишда 50,6 ва 49,4 фоизни ташкил этган.
     Шу даврда иш билан банд аҳоли сони 239,9 минг кишига (ёки 1,9 %га) кўпайди ва 2016 йил 1 январь ҳола­тига 13,06 млн кишини ташкил этди. Яъни, бандлик таркибида ижобий силжишлар юз берди. Агар, 2014 йилда давлат секторида иш билан банд­лар умумий сонининг 18,1 фоизи жамланган бўлса, 2015 йилда ушбу секторда 17,8 фоизни ташкил этди.
     Бу борада қурилиш соҳасидаги иш билан бандликнинг улуши ўтган йилги 9,4 фоиздан 9,6 фоизга, қишлоқ хўжалигида 27,5 фоиздан 27,7 фоизга, транспорт ва алоқада 5,3 фоиздан 5,4 фоизга, савдо ва умумий овқат­ланиш соҳасида 11,2 фоиздан 11,3 фоизга, уй-жой коммунал хўжалигида 3,6 фоиздан 3,7 фоизга қадар ­ўсди.
     Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига мурожаат қилган шахсларни ишга жойлаш­тириш даражаси 94,7 фоизни таш­кил этди. Бундан ташқари, битта бўш ўрин бўйича ишсизлар сонини характерловчи меҳнат бозорини кескинлик да­ражаси вилоятлар бўйича қуйидаги кў­ринишга эга бўлди: Андижон – 5,6, Бухоро – 6, Қашқадарё – 6,3, Навоий – 5,7, Сурхондарё – 6,6 ва Хоразмда – 6,3 юқорилигича қол­моқда.
     Меҳнат вазирлигининг Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси бў­йича амалга оширган ҳисоб-китоб­ларига кўра, республикадаги ишсизлик даражаси 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига 5,2 фоизни ташкил этди.
     Ўзбекистонда миллий иқтисоди­ётнинг янада либераллашуви жараёнида меҳнат бозорини шакллантириш тенденциялари ҳозирги давр иқ­тисодиёти талабларига жавоб берадиган ҳамда ходимларнинг ўз меҳ­нат салоҳиятини намоён этиш жойи ва шаклини эркин танлашини назарда тутадиган даражада меҳнат ҳаракат­чанлигини жадаллаштириш билан боғ­лиқ ҳолда кечмоқда. Меҳнат ресурслари мобиллигининг ортиши улар­ни иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ва ҳудудлараро қайта самарали тақ­сим­лаш, меҳнат бозорида иш­чи кучи рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
     Бозор тизимида ижтимоий-иқти­содий омилларнинг таъсири, хусусан, даромадлар нотекис тақсимланиши натижасида ҳудудий меҳнат бозорларида турлича ўзгаришлар кузатил­моқда. Шундай ўзгаришлардан бири – бу, меҳнат ресурслари мобиллигидир.
     Ишчи кучи ҳаракатининг турли шаклларини тавсифлаш учун илмий адабиётда ҳаракатчанлик, кўчувчанлик ёки мобиллик ҳамда миграция каби тушунчалар қўлланиши уларни тадқиқ қилиш жараёнида воқеа-ҳо­ди­саларни аниқлаштиришга ёрдам беради.
     Меҳнат ресурслари мобиллиги – бу, ҳаракатчанлик, бошқа жойга ишга жойлашиш қобилияти ҳамда талаб мавжудлигини англатади. Мазкур нуқ­таи назарга мувофиқ, аҳолининг ҳу­дудлараро ҳаракати, ишчи кучи, тураржойлар ва мақбул даражадаги меҳ­нат ўрнини таклиф қилиш билан тавсифланадиган ҳудудий кўчувчанликни ўзида ифодалайди. Бунда, кўчиш нуқтаси бир географик ҳудуд ичида ёки ҳудуд ташқарисида бўлиши мумкин.
     «Меҳнат ресурслари мобиллиги» тушунчаси – бу, меҳнат ресурсларининг иш жойлари ўртасидаги мобиллиги, уларнинг касб, тармоқлараро ва малака бўйича мобиллиги ҳамда иш билан бандликни тартибга солувчи иқтисодий механизм каби назарий жиҳатдан уч хил ёндашувни ўз ичига қамраб олади.
     Биринчи ёндашув тарафдорлари меҳнат ресурслари мобиллигини ходимларнинг аввалги иш жойидан ян­ги­сига ўтиш сифатида талқин қила­ди. Бунда, улар янги иш жойига ўтиш меҳ­нат фаолияти (касб), иш берувчи, ҳу­дудий ўзгаришларни ҳам тақозо этишини назарда тутади. Янада тў­лиқроқ таъриф бериладиган бўлса: «Меҳнат мобиллиги – бу, бошқа жойга ишга бориш, янги иш жойида ва меҳ­нат фаолияти давомида тураржой билан таъминланадиган, аввалги яшаш жо­йи сақланиб қоладиган вақтинча­лик иш билан бандликдир».
     Меҳнат ресурслари мобиллигининг иккинчи ёндашувида мазкур жараён ходимнинг инсон капиталига инвестициялар киритиш ёки янги иш қидириш туфайли иш жойини ўз­гартириши сифатида баҳоланади. Меҳнат ресурслари мобиллигини асосан меҳнат ресурсларининг ҳу­дуд­лараро ҳаракати нуқтаи назаридан баҳолайдиганлар учинчи ёндашув тарафдорларидир.
     Ўзбекистонда аҳоли миграцияси динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистонга келганлар сонининг энг юқори кўрсаткичи 2012 йилда (169,7 минг), энг паст кўрсаткич 2011 йилда (135,9 минг) кишини ташкил этган. Шунингдек, чиқиб кетганлар сонининг энг юқори кўрсаткичи 2005 йилда (246,4 минг), энг паст кўрсаткич 2015 йилда (135,9 минг) киши­ни ташкил этди. Статистик таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда миграция сальдо­си 2005 йилда юқори қиймат (-101,6)га тенг бўлиб, мазкур йилда респуб­ликадан чиқиб кетган ва кириб кел­ганлар ўртасидаги фарқ жуда юқори ҳисобланади.
     Таъкидлаш лозимки, меҳнат миграцияси жуда кўплаб омиллар таъсири натижасида юзага келади. Аксарият тадқиқотларнинг хулосалари сифатида қуйидаги энг асосий омилларни санаб ўтиш мақсадга мувофиқ:
     ● ижтимоий-иқтисодий ва демо­график табиатга эга объектив омиллар: ишсизлик, қашшоқлик, аҳоли­нинг ғоят зичлиги;
     ● истиқомат қилаётган мамлакат­да ривожланиш истиқболлари йўқ­лиги, шароитлардаги чорасизлик, ўз даромадлари ва турмуш даражасини тиклаб олишга интилиш;
     ● меҳнат ҳаракатчанлиги ходим шахси билан боғлиқ бўлган омиллар: касбий ўсиш, малака даражасининг етарлилиги ёки етишмаслиги, меҳнат фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмас­лик, тураржойни ўзгартириш, таъ­лим муассасидаги ўқишни тугаллаш, пенсия ёшига етиш ва ҳоказолар;
     ● янги бозорлар пайдо бўлиши ёки мавжудлари бекор бўлиши, корхона ва тармоқларнинг техникавий қайта жиҳозланиши, халқаро бозорлардаги рақобат кучайиши ёки сусайиши, хўжалик юритишда жойлардаги тафовут каби омиллар ҳам меҳ­нат миграциясига кучли таъсир ўтказади.
     Меҳнат ресурслари мобиллигига таъсир этувчи омилларни, кўчишнинг зарурийлиги, янги иш ва яшаш жойи­нинг мақбуллиги, мобилликнинг осон­лиги ва хабардорлиги каби омил­лар бўйича ҳам таснифлаш мумкин.
     Айтиш жоизки, меҳнат миграцияси ўзининг ижобий томонлари билан бир қаторда салбий жиҳатларига ҳам эга. Бу борада энг салбий ҳолат шундан иборатки, меҳнат миграцияси жараёни ҳудудий меҳнат бозорлари беқарорлашувига сабаб бўлиши мумкин.
     Ўзбекистон қишлоқ жойларида аҳоли сони юқори суръатларда ўсмоқ­да. Бу аҳоли зич яшайдиган ҳу­дудларда ишчи кучи эҳтиёждан ор­тиқ­ча, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратишга биринчи даражада эътибор беришга қарамасдан, меҳ­нат ресурсларини иш билан таъминлаш муаммоси долзарб масалалигича қолмоқда. Шунинг учун қиш­лоқ-ша­ҳар миграцияси жараёнида бу ҳолат қишлоқ меҳнат сало­ҳиятига салбий таъсир кўрсатаётгани йўқ. Экспертларнинг ҳисобларига кў­ра, бу ички меҳнат миграцияси қиш­лоқда аҳо­ли ўсишининг тўрт фоизга яқи­нини, меҳнат ресурслари ортишининг олти фоизини шаҳар улуши таш­кил этмоқда.
     Мамлакат ички меҳнат миграция­сида минтақалараро миграция катта аҳамиятга эга. Ишчи кучларининг бу тарзда қайта тақсимланиши меҳ­нат ресурслари ортиқча бўлган Фар­ғона водийси ва Самарқанд вилоятидан Тошкент шаҳри ва вилояти то­мон йўналтирилган. Умуман, ички меҳнат миграциясининг 50–55 фоизи пойтахт ва Тошкент вилоятига тўғ­ри келади.
     Ички меҳнат миграцияси мамлакат аҳолисини ҳудудий жиҳатдан қай­та тақсимлашга ҳам муайян даражада таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон учун, бу ҳолат муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш керак. Маъ­лум­ки, ҳудудий қайта тақсимлаш, ур­банизация жараёнларининг долзарб­лиги республиканинг Марказий Осиё­да аҳолиси энг зич жойлашганлиги билан изоҳланади. Ҳозирги вақт­да мамлакатда бир квадрат километр­га 66,5 киши тўғри келади. Кейинги 30 йилда республикада аҳо­ли зичлиги икки баробарга ортди.
     Меҳнат ресурслари мобиллигини баҳолашда турли даражадаги меҳнат ресурсларини қайта тақсимлаш ало­ҳида аҳамият касб этади. Ушбу меҳнат ресурсларини тақсимлаш босқичи уларни иш, фаолият турлари, корхоналар, тармоқлар ва ҳудудлар бўйи­ча бирламчи тақсимлашдан иборатдир. Бозор иқтисодиёти муносабатларида мазкур босқич функциясини меҳнат бозори бажаради. Меҳ­нат ре­сурслари меҳнат бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.
     Меҳнат ресурсларини тақсимлаш ва қайта тақсимлаш уларнинг миқдор ва сифат хусусиятлари ўзгаришига сабаб бўладиган мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва демографик жараёндир. Меҳнат ресурсларини қайта тақсим­лаш ходимларнинг янги ихтисослик­ларни эгаллаши ёки малакасини оширишлари, шунингдек, иқти­со­диёт тар­моқ­ларидаги диверсификациялаш жа­раёнлари билан боғлиқ бўлади.
     Юқоридаги статистик таҳлиллар­дан шу нарса маълум бўлдики, қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасида касаначиликнинг улуши энг юқо­ри бўлиб, бу мазкур тузилмада 2013–2015 йилларда ўртача 21,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 2013–2015 йилларда қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасида юридик шахс мақомини олмаган тадбиркорлар улушининг мунтазам пасайиши (ўртача 0,75 %) тенденцияси кузатил­ган бўлса, ушбу давр оралиғида қай­та ташкил қилин­ган иш ўринлари ту­зилмасида фермер ва деҳқон хўжаликлари улушининг мунтазам ўсиши (ўртача 2,55 %) тенденцияси кузатилди.
     Кейинги йилларда мамлакат меҳ­нат бозоридаги ўзгаришлар натижасида иқтисодиёт тармоқларининг банд­лар тузилмасида ҳам бир қатор силжишлар содир бўлди. Мазкур ҳо­лат таҳлили шуни кўрсатдики, тузилмада 2013–2015 йилларда энг юқори улушни қишлоқ ва ўрмон хўжалиги (ўртача 27,4 %)ни, энг паст улушни молия ва кредит соҳасидаги бандлар улуши (0,5 %)ни ташкил этди.
     Таъкидлаш лозимки, қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмаси ҳам, иқтисодиёт тармоқлари бўйи­ча бандлар тузилмаси ҳам статистик тўплам ҳисобланади. Мазкур статис­тик тўпламдаги умумий ўзгаришларни баҳолаш республикада меҳнат ре­сурслари мобиллиги тўғрисида умумий хулосалар чиқариш имконини беради.
     Маълумки, тўплам таркиби нис­бий миқдорда ифодаланса, у тўпламнинг тузилмасини ҳамда уни тавсиф­ловчи шу нисбий катталиклар эса, ту­зилма нисбий миқдорлари ёки тузил­ма кўрсаткичларини билдиради. Шу­нингдек, тузилма унсурини тавсиф­ловчи улуш ёки ҳиссанинг ўзгариш динамикаси тузилмадаги силжишларни баҳолаш имконини беради.
     Аммо, ўрганилаётган тўплам ало­ҳида унсурни тавсифловчи улушнинг мутлақ ва нисбий ўзгариши, тўпламнинг умумий ўзгаришини яхлит ҳолда баҳолаш имконини бермайди. Шунинг учун, тузилмавий силжишларни яхлит ҳолда миқдорий баҳолашда умумлаштирувчи кўрсаткичлар тизимидан фойдаланиш мақсадга му­во­фиқ ҳисобланади.
     Шундай тузилмавий силжишларни умумлаштирилган ҳолда баҳолов­чи кўрсаткичлардан бири – бу, болгариялик статист К. Гатев томонидан таклиф этилган тузилмавий силжиш­ларнинг интеграл коэффициентидир:
 
13uz_Shakarov1       (1)
 
     Мазкур коэффициент 0 ≤ IG ≤ 1 орали­ғида ўзгаради. Таққосланаётган тузилмалар орасидаги фарқ қанчалик кичик бўлса, интеграл коэффициент қиймати нолга яқин ва аксинча, фарқ қанчалик катта бўлса, шунчалик бирга яқин бўлади. Шунингдек, у тўплам тузилишининг ўзгариш даражасини кўрсатади.
     Таҳлилларга кўра, 2013/2014 солиштирма йилларда К. Гатев интеграл коэффициенти асосида қайта ташкил қи­линган иш ўринлари тузилмасидаги умумий силжишлар 0,019 фоиз пунктни ташкил этган бўлса, 2014/ 2015 йилларга келиб мазкур кўрсаткич 0,053 фоиз пунктни ташкил этди.
     Агар биз, К. Гатев интеграл коэффициентини 0 ва 1 оралиғида ўзгаришини инобатга оладиган бўлсак, у ҳолда ҳисобланган 0,019 ва 0,053 қий­матларини жуда юқори кўрсаткич деб бўлмайди. Мазкур таҳлиллар бизга қай­та ташкил қилинган иш ўрин­лари тузилмасидаги умумий сил­жиш­лар ўта паст даражада эканлигини кўрсатади. Бироқ, умумий сил­жишлар индексининг 0,019 фоиз пунктдан 0,053 фоиз пунктга ўсиши республикамизда меҳ­нат ресурслари ҳаракатчанлиги ўсганлигини ифода этади.
     Шунингдек, юқоридаги таҳлиллар каби 2013/2014 солиштирма йилларда К. Гатев интеграл коэффициенти асосида иқтисодиёт тармоқлари бў­йича бандлар тузилмасидаги умумий силжишлар индекси 0,012 фоиз пункт­ни ташкил этган бўлса, 2014/2015 йил­ларга келиб мазкур кўрсаткич 0,009 фоиз пунктни ташкил этган ҳол­да па­сайиш характерига эга бўлди.
     Бизга маълумки, меҳнат ресурслари мобиллиги иқтисодиётдаги банд­лик даражасига таъсир этади. Ўз нав­батида, иқтисодиётда банд бўл­ган­лар йиллик ўртача сонининг ўсиши мамлакат иқтисодий ўсиши, яъни (ЯИМ) ортишига олиб келади.
     Кўплаб тадқиқотлар кўрсатишича, мамлакат иқтисодиётидаги банд­лик динамикаси ва ЯИМ ўртасида ижобий корреляция мавжуд бўлиб, унга кўра бандлик динамикасининг ўсиши ЯИМ­нинг ўсишига олиб келади.
     Демак, ЯИМнинг иқтисодиётдаги иш билан бандлик динамикасига боғ­лиқлик функцияси (GDP = f (L)) қуйи­даги экспоненциал эмпирик тенгла­мадан иборат бўлади:
 
     GDP = 1,2978e0,0009L (2)
     Олинган эмпирик таҳлил натижаларига кўра, иқтисодиётда иш билан банд бўлганлар йиллик ўртача сонининг қўшимча равишда бир кишига ортиши мамлакат ЯИМнинг қўшимча равишда ≈ 1,3 сўмга ортишига олиб келади. (1) эмпирик тенгламанинг де­терминация коэффициенти 98,34 фо­изга тенг бўлиб, унга кўра, мамлакат ЯИМ умумий ўзгарувчанлиги иқтисо­диётда банд бўлганлар йиллик ўртача сони ўзгариши билан изоҳ­ланади.
     Энди, мамлакат ЯИМнинг иқтисо­диётда банд бўлганлар йиллик ўртача сони билан боғланишини чизиқли логарифм шаклида ёзамиз ва бунинг учун GDP = f (L) тенгликнинг иккала томонини логарифмлаб, 2000–2015 йиллар маълумотлари асосида қуйи­даги (3) эмпирик тенгламага эга бўламиз:
 
logGDP = 0,34 + 3,95logL (3)
 
     Демак, эмпирик таҳлил натижаларига кўра, иқтисодиётда банд бўл­ганлар йиллик ўртача сонининг қў­шимча равишда бир кишига ортиши мамлакат ЯИМнинг қўшимча равиш­да ≈ 3,95 сўмга ортишига олиб келади. Шунингдек, (3) тенгламада мамлакат ЯИМ умумий ўзгарувчанлигининг 99,6 фоизи иқтисодиётда банд бўлганлар йиллик ўртача сонининг ўзгариши билан изоҳланади.
     Хулоса қилиб айтганда, иқтисо­диёт тармоқларидаги иш ўринларининг ўз­гариши меҳнат бозоридаги меҳнат ре­сурслари мобиллигига ўз таъсирини ўтказади. Аҳолининг иш билан банд­лигини таъминлаш ва иш ўринлари ташкил этиш муаммоларини изчил ҳал этишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни қўллаш натижасида иқтисо­диётдаги бандлар сони муттасил равишда ортиб бор­моқда.
     Шунингдек, иқтисодиёт тармоқ­лари­даги таркибий ўзгаришлар меҳ­нат ресурслари мобиллигига таъсир қилар экан, ушбу жараёнларни тартибга солиш талаб этилади. Айни пайт­да меҳнат ресурслари мобиллиги давлатнинг ижтимоий сиёсати ҳам­да меҳнат ресурсларининг иш би­лан таъминланиши ижтимоий-иқ­ти­со­дий ислоҳотлар самаралари, дав­латнинг меҳнат бозоридаги фаол сиёсати, иш билан бандликни таъминлаш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий, ташкилий, иқ­тисодий, маъмурий ва бошқа чоралар билан боғлиқ бўлади.
 
 
Зафар ШАКАРОВ,
мустақил тадқиқотчи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.