Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёнларининг сифати ва хавфсизлиги бўйича қўйилаётган талаблар ортиб бормоқда, бу эса корхоналардан халқаро стандартларни амалиётга кенг жорий қилишни тақозо этаётир. Бундан ташқари сифат мезони истеъмолчилар танловида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Чунончи, юқори сифат ишлаб чиқарувчи учун ҳамиша барқарор фойдани таъминлайди.
Бухоро НҚИЗ Сифат менежменти тизими бўлими бошлиғи Алишер ХУСЕНОВ билан менежмент тизимларининг ишлаб чиқариш ва корхона ривожига таъсири ҳақида суҳбатлашдик.
– Алишер Камилович, айтингчи, корхонангизда қайси менежмент тизимлари жорий этилган?
– Бизнинг асосий мақсадимиз заводда менежмент тизимларини жорий этиш ва уларни доимий равишда ривожлантиришдан иборат. Бугунги кунда заводимизда қуйидаги 5 та менежмент тизими жорий этилган: сифатни бошқариш тизими бўйича ISO 9001:2015; экологияни бошқариш тизими бўйича ISO 14001:2015; энергияни бошқариш тизимида ISO 50001:2018; меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ISO 45001:2018 ҳамда авиация, космик ва мудофаа корхоналари учун AS 9100D сифат менежменти тизими.
– Шу ўринда АS 9100 стандарти ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.
– Ушбу стандарт корхонамиз учун ўзига хос бўлиб, уни Jet А-1 русумли авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш билан боғлиқ технологик жараёнга жорий этдик. Ўзбекистонда биз AS 9100 халқаро стандартнинг D версиясини жорий этган ягона корхонамиз. Республиканинг айрим корхоналарида ҳам параллел равишда менежментнинг ушбу тизимини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Бизда эса ғурурланиш учун асос бор, чунки биз ўз кучимизга тўлиқ таянган ҳолда ишлаб чиқаришга жаҳон стандартларини биринчилардан бўлиб жорий этишга ҳаракат қиляпмиз. Бу, шунингдек, корхонанинг аэрокосмик сектор етказиб берувчилари (OASIS)нинг халқаро маълумотлар базасига киритилишида устунлик беради.
– Юртимиздаги бошқа турдош корхоналар билан ҳамкорлик борасида нима дейсиз?
– Умуман олганда, корхонамизда барча йўналишлар бўйича ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Биз хомашё, технологиялар ва халқаро стандартлар билан боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал қиламиз. Ташрифлар давомида заводлар вакиллари ўртасида тажриба алмашиш доимий равишда юз беради. Бундан ташқари халқаро аудитлар жараёнида бизнинг мутахассисларимиз аудитор ёки техник эксперт сифатида жалб қилинади. Биз ушбу амалиётга тажриба алмашиш ва менежмент тизимлари соҳасидаги мутахассисларимизнинг малакасини ошириш, шунингдек, тармоғимиздаги бошқа компанияларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш имконияти сифатида ҳам қараймиз.
– Соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлиги барқарор корхона контекстида кўриб чиқилади. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ISO 45001:2018 ни жорий этиб, ҳатто «платина» сертификатини олишга муваффақ бўлди. Бунга қандай эришилди?
– Платина сертификатига келсак, унинг илк тарихи ҳақида айтиб бериш муҳим. Сўнгги йилларда биз бешта жорий этилган халқаро стандартлар тизими бўйича халқаро аудитдан мажбурий равишда ўтмоқдамиз – мустақил экспертлар заводга келиб, текширишади ва жорий этилган менежмент тизимларига объектив баҳо беришади. Ўтган олти йил мобайнида корхонамизда халқаро аудитлар юқори даражада ўтказилди, аудиторлар томонидан ҳеч қанақа жиддий эътирозлар бўлмади. Бу ходимларимизнинг машаққатли меҳнати, уларга юклатилган вазифаларга масъулиятли муносабати натижасидир. Аудиторлик текширувининг ҳисобот кўринишидаги якунлари тегишли ташкилотларга, шу жумладан, хорижга юборилади.
Платина сертификатини биз ISO 45001 стандарти бўйича хорижий ҳамкор – Грециянинг сертификатлаш органидан олганмиз. Юқори даражада ўтказилган халқаро аудитлар натижаларига кўра Греция сертификатлаш органининг шерикларида компаниямизнинг соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш менежменти тизимига нисбатан қизиқиш пайдо бўлди. Ва бу йил улар аудитда шахсан иштирок этишга қарор қилишди, аммо пандемия сабабли ўрнатилган чекловлар туфайли корхонада аудитни визуал онлайн кузатиш учун шароит яратилди ва аудиторлик ҳисоботлари уларга ҳам юборилди. Якунда улар Ўзбекистонда бундай корхоналар борлигидан ҳайрон бўлишди. Аудит натижаларига кўра Греция сертификатлаш органи томонидан Тошкентдаги вакилга улар номидан «платина» сертификатини тантанали равишда топшириш кўрсатмаси берилди. Аслида бу жуда юқори баҳо ва Бухоро НҚИЗнинг жорий йилдаги улкан ютуғи ҳисобланади.
– ISO 14001 нинг мақсади ташкилот манфаатлари билан мувозанатни сақлаган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг ифлосланишининг олдини олиш бўйича тадбирларни ўтказишдан иборат. Бухоро НҚИЗ экологик менежмент тизими ISO 14001 стандарти талабларига мувофиқлик учун сертификатланган. Шундайми?