(O´zbek) Янги қоидалар ва ривожланиш стратегияси

1/2020

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     2019 йил 14 январда Президентимизнинг «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизими ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 24 январда эса унинг ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Янги тузилма зиммасига инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва молиявий воситаларнинг янги турларини жорий этиш билан шуғулланишдек муҳим ва масъулиятли вазифалар юклатилди.
     Октябрь ойида фонд бозорини ривожлантириш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари айни соҳада қимматли қоғозлар бозори ривожланишини чекловчи ва унга тўс­қинлик қилувчи юзга яқин норматив ҳужжат мавжудлигини эслатди. Биз шуни назарда тутиб, «Тошкент» республика фонд биржаси бошқаруви раиси Бекзод УСМОНОВ билан мамлакатимиз капитал бозори равнақига халақит бераётган хато-камчиликлар, уларни бартараф этишга ғов бўлаётган муаммолар, шунингдек, уларга ечим топишнинг истиқболлари ҳақида суҳбатлашдик.
 

 

     – Бекзод Шавкатович, Президентимизнинг юқорида тилга олинган фармони қабул қилингандан буён орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Хўш, шу давр оралиғида капитал бозорида қандай реал ўзгаришлар рўй берди?

     – Шубҳасиз, капитал бозори регулятори алоҳида органга айлангани ижобий самара беради. Ўйлайманки, дастлабки йил нафақат Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, балки биз учун ҳам кейинги ҳаркатларимизни аниқ режалаштириш, капитал бозори иштирокчилари учун муҳим қоидаларни белгилаб олиш даври бўлди. Фармонда 2020–2025 йилларга мўлжалланган капитал бозорини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш лозимлиги ҳам қайд этилганди. Агентлик Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки кўмагида жалб этилган, бир йил давомида молиявий сектор инфратузилмаси ва қимматли қоғозлар бозорининг ишлаш механизмларини ўрганган маслаҳатчилар тавсиялари асосида ушбу стратегия лойиҳасини ишлаб чиқди. Йил охирида эса уни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

     Умуман олганда 2019 йил капитал бозорини ўзгартириш йўлларини аниқлаш ва унга халқаро молия институтлари қизиқиши кучайгани билан ёдда қолди. Яна шуни таъкидлаш керакки, 15 ноябрь куни мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда капитал бозорининг аҳамиятига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда хорижий инвесторлар ушбу бозор улкан салоҳиятга эгалигини ва Ўзбекистон фонд бозорига қизиқиш тобора ортиб бораётганини эътироф этишди.

     Табиийки, капитал бозорини янада ривожлантиришга мамлакатимиз раҳбарияти изчил равишда катта эътибор қаратмоқда.

     – Дарвоқе, ўтган йил кузда Президентимиз бошчилигида шу масалага бағишлаб ўтказилган йиғилишда  ЯИМга нисбатан акциялар суммасининг фоизи паст эканлиги қайд қилинди ва фонд бозоридаги қимматли қоғозлар умумий ҳажмини ЯИМнинг 10–15 фоизигача ошириш вазифаси қўйилди. Бунга қандай эришиш мумкин? Қолаверса, у миллий  иқтисодиётимизга нима беради?

     – Аввало, freefloat (фонд бозорида эркин муомалада бўладиган қимматли қоғозлар ҳажми) даражасининг пастлиги бозорнинг салоҳияти тўлиқ очилишига имкон бермайди. Бу улушнинг кўпайиши бозор ликвидлигини оширади, адолатли нарх шаклланишини белгилайди ва бозорнинг ҳолатига реал баҳо беради. Шунингдек, инвесторлар учун воситаларни танлаш имкони чекланган шароитда янги воситаларни яратиш ҳамда капитал бозорига янги иштирокчиларни жалб қилиш жараёнининг жадаллашуви, масалан, масъулияти чекланган жамиятлар томонидан ўз облигациялари чиқарилишига ва уларнинг фонд биржасида муомалада бўлишига рухсат берилиши бозор ҳажми ошишига кўмаклашади.

     Капитал бозори ривожига тўсқинлик қилувчи омиллардан яна бири мамлакат иқтисодиётида давлат улушининг юқори эканлигидир. Хусусийлаштириш жараёнини оммавий таклифлар орқали ўтказиш капитал бозорига ишонч ва қизиқишни кучайтиришдан ташқари қимматли қоғозларни даромад манбаи сифатида қабул қилишга тайёр инвесторлар гуруҳини ҳам шакллантиради. Давлатнинг акциядорлик жамиятларидаги иштирокини камайтиришга нисбатан оқилона ва мақсадли ёндашув компаниялар реал қийматини аниқлашнинг бозор механизмларини ўрнатиш имконини беради. Халқаро амалиётда корхоналар фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун компаниянинг қиймати бозор капитализацияси орқали аниқланади. IPO/SPO йўли билан хусусийлаштириш эса шаффофликка ва корпоратив бошқарув ривожланишига олиб келади, бу хорижий инвесторларни жалб қилишда жуда асқотади.

     – Яқинда айрим оммавий ахборот воситалари биз Қозоғистондан «йигирма йилга» ортда қолаётганимиз ҳақида ёзишди. Ростдан ҳам шундайми? Мамлакатимиз биржа майдончаларининг ривожланиши билан боғлиқ вазиятни қандай баҳолайсиз? Бизда чет эл майдончалари билан тажриба алмашиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қай даражада?

     – Қозоғистон билан қўшни ва умумий ўтмишга эга бўлсак-да, мустақилликка эришилганидан сўнг мутлақо бошқа-бошқа йўлни ва ривожланиш мақсадларини танлаганимизни теран тушуниш лозим. Агар икки мамлакат капитал бозорлари мисолида қарайдиган бўлсак, Қозоғистонда биржа айланмасининг катта ҳажмда эканлиги сўнгги йилларда бир неча майдончалар ўз фаолиятини фонд биржаси ҳомийлигида юритганига боғлиқ. Ўзбекистонда эса турли бозорлар учун алоҳида биржалар мавжуд. Қозоғистон биржасининг асосий айланмаси пул ва валюта бозорларига тўғри келади. Ўз навбатида, бу мамлакатда узоқ вақт мобайнида Марказий банк ҳам банк секторини, ҳам капитал бозорини тартибга солувчи орган бўлиб келганини, фақат ўтган йили капитал бозорини тартибга солувчи алоҳида орган таъсис этилганини эслатиб ўтиш лозим.

     Биржа майдончаларидаги хизмат кўрсатиш технологиялари ҳақида шуни айтишим мумкинки, бугунги кунда фонд бозорида замонавий корейс тизими қўлланилмоқда. Ягона дастурий-техник комплекс бозорнинг барча иштирокчиларини бирлаштириб, савдо, брокерлик, клиринг, ҳисоб-китоб ва депозитар фаолиятига хизмат кўрсатади. Жамики савдолар онлайн режимида ўтказилади, инвесторлар қимматли қоғозлар билан операцияларни дунёнинг Интернет тармоғи мавжуд бўлган исталган нуқтасидан туриб амалга ошира оладилар.

     «Тошкент» республика фонд биржаси 1995 йилдан бошлаб Евро-Осиё фонд биржалари федерациясининг, 2000 йилдан эътиборан МДҲ биржалари халқаро ассоциациясининг аъзоси. Шунингдек, етакчи саналган Nasdaq, Лондон фонд биржаси, Истанбул фонд биржаси, Москва биржаси, Қозоғистон фонд биржаси билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Биз бу ташкилотлар билан капитал бозорларини янада ривожлантиришга йўналтирилган қалин ва дўстона алоқаларни йўлга қўйганмиз.

     – Мамлакат фонд бозорида корхоналар ва банк сектори акциялари, давлат улушлари каби кўплаб таклифлар мавжуд. Лекин уларни сотиб оладиганлар кам. Қандай қилиб инвесторларни капитал бозорига кўпроқ жалб этиш мумкин?

     – Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида қимматли қоғозлар бозоридаги асосий муаммо  инвесторларнинг йўқлиги эмас, балки акциядорлик жамиятлари ҳақидаги маълумотларнинг танқислигидир. Бинобарин, етарли даражадаги ошкоралик ва самарали корпоратив бошқарувсиз корхоналар жозибадорлигини таъминлаб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда акциядорлик жамиятлари томонидан молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлар асосида юритилиши катта роль ўйнайди. Афсуски, ҳозирга қадар оз сонли корхоналаргина молиявий ҳисоботларни шу шаклда юритиб келишмоқда. Бу эса хорижий сармоядор учун компанияларни танлаш ва салоҳиятини баҳолашда қийинчиликлар келтириб чиқаради. Устига-устак, айрим акциядорлик жамиятлари мутасаддилари ахборотни ошкор этиш талабларига риоя қилишмаяпти.

     Банклар, пенсия жамғармалари ва суғурта компаниялари кўпинча чет эл капитал бозорларида асосий инвесторлар саналади. Жисмоний шахслар (ритейл-инвесторлар) анъанавий равишда фонд бозоридаги барча инвесторларнинг озгина қисмини ташкил этади. Аммо ҳозир улар Ўзбекистон фонд бозорида энг кўп битимларни амалга оширмоқдалар.

     Тижорат банклари, пенсия жамғармалари ва суғурта компанияларини, сўнгра инвестиция банклари ва хэдж-фондларини жалб қилиш учун банк сектори ва пенсия жамғармаси тизимида таркибий ислоҳотлар ўтказиш, қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритиш ҳамда аҳоли орасида ҳам, компаниялар ўртасида ҳам молиявий саводхонликни ошириш талаб этилади.

     – Мамлакат фонд бозори нега банк соҳасидан сезиларли даражада ортда қолмоқда?  Аслида қимматли қоғозлар билан операциялар банк депозитига яхши муқобил вариант ҳисобланади-ку!..

     – Бу саволга жавоб беришдан олдин 1994 йил фонд биржасини ташкил этиш жараёнида фақат битта мақсад – хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқаришни амалга ошириш кўзланганини унутмаслик керак. Ўшанда капитал бозорига ҳатто алоҳида сектор сифатида қаралмади ҳам, давлатнинг молиявий соҳадаги сиёсатининг асосий йўналиши монетар сиёсатни мустаҳкамлаш ва банк секторига ишончни ҳосил қилиш эди. Лойиҳаларни банк сектори орқали молиялаштириш йўли билан иқтисодиётни ривожлантиришга урғу берилди ва молиявий маблағлар айнан банк сектори воситасида жалб қилиниб, худди шу зайлда тақсимланди. Капитал бозори узоқ вақт давлатнинг диққат марказида бўлди, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга эса етарли даражада аҳамият берилмади. Бундан ташқари аксарият компанияларнинг қимматли қоғозлари freefloat  улуши пастлиги ва институционал инвесторлар синфи мавжуд эмаслиги туфайли етарлича баҳоланмасдан ва ликвидсиз бўлиб қолмоқда.

     Мамнуният билан айтиш мумкинки, охирги йилларда мамлакат раҳбарияти капитал бозорини ҳам ривожлантиришга жиддий эътибор қарата бошлади.

     – Реклама ва жозибадор «пештахта» ҳар қандай маҳсулотни муваффақиятли сотиш  гаровидир. Фонд биржаси «пештахтаси», яъни савдо шартлари қандай яхшиланади? Биржа майдончаси инфратузилмаси ривожланаяптими? Соҳага қанақа замонавий ахборот технологиялари жорий этилмоқда?

     – Албатта, қимматли қоғозлар – бу товар, лекин у ўзига хос хусусиятга эга. Стандарт товар сиёсати ёки реклама ва ассортиментни кенгайтиришга нисбатан маркетинг ёндашувлари бу ўринда иш бермайди. Шу боис биз ҳозир ижтимоий тармоқларда ва биржа сайтида фаол ахборот сиёсатини олиб бораяпмиз, шунинг баробарида, аҳолининг молиявий саводхонлигини юксалтириш чораларини ҳам кўраяпмиз. Чунки молиявий саводхонликни оширмай фонд бозорини оммалаштириш Ўзбекистон учун нафақат самарасиз, ҳатто хавфли бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Унинг сабаблари молия бозорларидаги савдо таваккалчиликларига дахлдор бўлиб, маълум билим ва кўникмаларни талаб қилади.

     «Пештахта»га келсак, аввалги йилларга нисбатан ўтган йили облигациялар бозори сезиларли даражада фаоллашди. Бугунга келиб, ўрта муддатли истиқболда янги молиявий воситаларни жорий этиш режалаштирилган. Улар инвесторлар ўз инвестиция портфелини диверсификация қилишларида қўл келади.

     Айни кезларда биз репо-битимлар майдончаларини ишга тушириш, ETF-фондлар ва депозитарий распискаларини жорий этиш устида иш олиб бораяпмиз. Шунингдек, давлат улушларини янада ошкора сотиш мақсадида Nego Board музокара аукциони секциясида битимлар тузиш бўйича потенциал харидорни аниқлаш учун биржамиз томонидан аризалар қабул қилинадиган махсус майдонча очилди.

     – Ривожланган молиявий бозорга эга кўплаб мамлакатларга таққослаганда Ўзбекистон аҳолиси ҳали биржа воситаларига сармоя киритишдан анча йироқ. Бу ўтган асрнинг 80-йиллари ниҳоясида собиқ Иттифоқнинг қадрсизланган барча қимматли қоғозларига ишонч йўқолиши билан боғлиқ бўлиши мумкинми? Бундай ишончни қандай қилиб қайта тиклаш мумкин?

     – Қайсидир жиҳатдан сиз ҳақсиз. Лекин бу менимча, энг аввало, банк секторига асосан давлат томонидан эътибор қаратилгани билан боғлиқ. 2018 йили дастлабки IPO ва SPO ўтказилгандан кейин эса биз аҳолининг фаол қисми ўз ихтиёридаги бўш турган пул маблағларини қимматли қоғозларга инвестиция қила бошлаганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Фикримизни ушбу депо-ҳисобварақлари сони кўпайгани ҳам тасдиқлайди. Агар 2018 йили савдоларда иштирок этган ҳисобварақлар сони 1033 тани ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 2253 тага етди. Бироқ назаримда, фонд бозорида янада фаол инвестиция қилиш учун инвесторларга зарур воситалар етарли эмас, шунингдек, эмитентлар ҳақида тўлиқ маълумотлар ҳам йўқ.

     Энди икки оғиз ишонч ҳақида. Юртдошларимиз шахсий жамғармаларини ўзларида сақлаб туришни маъқул кўришади, бу ҳам молиявий саводхонлик даражаси пастлигини билдиради. Давомини суриштирсангиз, фуқароларимиз муайян кафолатларга одатланишган, фонд бозори эса ҳатто дунёнинг энг ривожланган иқтисодиётларида ҳам таваккалчиликка асосланади. Аҳвол ва вазият қандайлигидан қатъий назар бизда мустақил тафаккурга, турли молиявий билимлар ва даромадларга нисбатан янгича қарашларга эга янги авлод аллақачон ўсиб-улғайди.

     – Инвестициялар ва ишчанлик фаоллигини рағбатлантиришнинг синалган схемалари мавжудми? Ҳамюртларимизнинг молиявий саводхонлигини қандай қилиб ошириш мумкин ва бу масала билан кимлар шуғулланиши лозим?

     – Шубҳасиз, кишиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, инвестиция ресурсларини шакллантириш, капитал бозорига сармоя киритиш орқали аҳоли даромадларини шакллантириш ҳамда турмушини фаровонлаштириш муҳим ва хайрли вазифалар сирасига киради. Аҳоли молиявий жиҳатдан саводли бўлиши учун ривожланган инфратузилма ва муҳит зарур. Чет эллар тажрибасига кўра ҳаммасини мактабдан бошлаш керак. Мисол учун, Туркияда FODER дастури мавжуд, Арманистонда эса Марказий банк Халқ таълими вазирлиги билан бирга ўқувчилар учун махсус ўқитиш тизимини яратган. Унга мувофиқ бюджетни режалаштиришдан тортиб то турли молиявий бозорлардаги савдо технологияларигача бўлган жараёнларга доир молиявий саводхонлик бўйича модулли дастурлар қуйи синфлардан бошлаб аста-секин жорий қилиб борилади. Ўзбекистонда ҳам ушбу масалага комплекс ёндашув талаб этилади, лекин дебочасига манфаатдор доираларни ўқитиш ва шу асосда бу доирани кенгайтириш зарур бўлади.

     Навбатдаги жиддий муаммо ўзбек тилида махсус адабиётлар йўқлигидир. Биз шуни назарда тутиб, тез-тез семинарлар, тренинглар, конференциялар ўтказаяпмиз, иштирокчиларни фонд бозори имкониятлари билан таништираяпмиз, талабаларга ва бошқа манфаатдор тарафларга савдо технологияларини тушунтираяпмиз. Ўқув жараёнига хорижлик мутахассисларни ҳам жалб қилаяпмиз. Жумладан, ўтган йили жамоамиз Евро-Осиё фонд биржалари федерацияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси фонд бозори иштирокчилари учун капитал бозори салоҳиятини ошириш дастури бўйича икки кунлик семинар-тренинг уюштирди. Унда FEAS, Москва биржаси, РФ Миллий депозитарийси, Қозоғистон фонд биржаси ва ЕТТБнинг етакчи мутахассислари Ўзбекистон капитал бозорига жаҳон тажрибаларини татбиқ  этиш имкониятлари ҳақида маърузалар ўқишди. Анжуманда профессионал бозор иштирокчилари, юртимиздаги давлат ташкилотлари ва идоралари вакилларидан иборат 120 нафардан зиёд тингловчи қатнашди. Мамлакатимиз делегациясининг Америкa Қўшма Штатларига ташрифи чоғида эса Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти томонидан Колумбия университети билан қўшма ўқув семинарларини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди. Ўтган йил давомида Агентлик республикамизнинг етакчи олий ўқув юртларидан иккитаси, аниқроғи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Молия институти билан қимматли қоғозлар соҳаси бўйича малакали кадрлар ва корпоратив бошқарув мутахассислари тайёрлаш хусусида  меморандум имзолади.

     – Ўзбекистон капитал бозорида пайдо бўлган янги иштирокчилар ҳақида ҳам бирров тўхталиб ўтсангиз…

     – Ўтган йили бир нечта халқаро ташкилот, чунончи, Нидерландиянинг етакчи KPMG компанияси, Британиянинг Ernst&Young аудитор-консалтинг компанияси инвестициявий маслаҳатчи сертификатига эга бўлди. Шунингдек, янги ташкил этилган маҳаллий инвестиция воситачилари сафидан ўрин олган Freedom Finance МЧЖ ва Silk Capital МЧЖнинг фаолиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. Негаки, Freedom Finance МЧЖ республикамиздаги иккита SPO учун андеррайтер сифатида қатнашди. У 2018 йилда «Қўқон механика заводи» АЖ акцияларининг, 2019 йилда PortfolioInvestments билан биргаликда «Кварц» АЖ акцияларининг иккиламчи оммавий таклифи учун обуна кампаниясини ўтказди. Silk Capital МЧЖ эса «Asia Alliance Bank» АТБнинг 7 йиллик корпоратив облигацияларини +4 фоиз ҳажмидаги қайта молиялаш ставкаси бўйича даромад олиш билан жойлаштириш андеррайтери бўлди (20 фоиз).

     – Самимий фикр-мулоҳазаларингиз учун ташаккур!

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.