Мустақиллик давридан бошлаб, юртимизнинг иқтисодиёт тармоқларида самарали йўналишларни, лойиҳаларни амалга ошириш учун юксак савиядаги анжуман ва тадбирлар ташкил этилмоқда. Бунинг натижасида эса, иқтисодий соҳалар фаолияти давр талабига мувофиқ тарзда янада жадал суръатларда ривожланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда. Қишлоқ меҳнаткашларига тақдим этилаётган хизмат турлари кенгайтирилиб, фермер хўжаликларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Аграр соҳага инвестициялар жалб этиш, улар асосида мини-технологияларни қўллаш орқали қайта ишлаш соҳасидаги ишлар янада фаоллаштирилмоқда.
Ўтган йиллар давомида хўжалик юритиш механизми тубдан янгиланиб, ҳар бир ҳудуднинг ички имкониятларидан унумли фойдаланиш, қишлоқ жойларида ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилиб, деҳқон ва фермерлар фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, улар учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорларимиз ҳам замонавий технологиялар асосида маҳаллий хомашёдан турли товарлар ишлаб чиқариб, уларни чет элга экспорт қилмоқда. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида экспортга жўнатилаётган маҳсулот ҳажми ошиб, унинг жўғрофияси кенгайиб бораяпти. Рақобатбардош маҳсулотлар жаҳон бозорида ўз харидорини топаяпти. Бундай кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, экин майдонларини оптималлаштириб, ҳосилдорликни ошириш, янги боғ ва токзорлар барпо этиб, ҳар бир ҳудуд иқлимига мос, қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларни парвариш қилиш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Қувонарли жиҳати шундаки, мана шундай жараёнлар орқали ҳар қандай эзгу ташаббусни тўлиқ рўёбга чиқаришга, яъни қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган мева-сабзавотларни дунё андозалари даражасига кўтаришга эришилмоқда. Халқаро мутахассисларнинг эътирофича, диёримизда етиштирилаётган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари хуштаъмлиги, сархиллиги, энг асосийси табиийлиги, фойдали ва тўйимлилиги билан жаҳон бозорида жуда харидоргир. Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек заминида етиштириладиган мева ва сабзавотлар юқори сифатга эга эканлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан биридир.
Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодиёт тизимида жорий этилаётган кенг кўламдаги ишлар самарадорлигини оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилганидан далолат беради.
Жорий йилнинг 8–10 ноябрь кунлари «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ҳам мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш кераклигини намоён этди. Бу ерда мамлакатимизда етиштирилаётган экологик тоза мева-сабзавотлар, полиз экинлари ҳамда уларни қайта ишлаш орқали тайёрланаётган турли хилдаги маҳсулотлар намойиш этилиб, ўзаро учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбир иштирокчиларининг мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, интенсив боғлар, музлаткичли омборлар билан танишувлари ҳам жуда самарали бўлди. Албатта, бу борада амалиётга жорий этилаётган янгиликлар соҳада маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги шериклар топиш, экспорт салоҳиятини янада оширишда устувор аҳамиятга эга.
Шу ўринда айтиш лозимки, ушбу анжуман мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, юртимизнинг экспорт салоҳияти янада юксалиши учун хизмат қилади. Бу каби тадбирлар амалга оширилиши натижасида кўп тармоқли фермер хўжаликлари янада юқори ўсиш суръатларига эришишни, хўжалиги қошида қайта ишлаш корхоналарини очиб, янги иш ўринлари яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
– Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – дейди Иқтисодиёт вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ферузахон Абдусаматова. – Чет эллик ҳамкорларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган тўйимли, витаминларга бой бўлган сабзавот, мева, узум ва полиз маҳсулотлари билан таништириш, улар билан узоқ муддатли, ўзаро манфаатли мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда экспорт ҳажмлари ва турларини кўпайтиришдан иборатдир.
Тадбир доирасида ташқи бозорларга жами 1 миллион тоннадан зиёд ҳўл ва 30 минг тоннадан ортиқ қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларини тузиш ва келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш кўзда тутилган. Фермер, деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари томонидан ҳўл ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларининг сара турлари намойиш этилгани, мамлакат мева-сабзавотчилик соҳасини иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини ўзида акс эттирувчи стенд ва экспозициялар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Қолаверса, мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан уни қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар узоқ муддатли барқарор кооперация муносабатларини ўрнатишга келишиб олди. Ҳар бир вилоят мева-сабзавотчилик турларининг ихтисослашувига қараб, ўзига бириктирилган жойни шундай чиройли ва нозик таъб билан безаганки, заминимизда етиштирилган неъматлардан кўз қувонади.
– Ушбу ярмаркада қовун, мош, қизилмия илдизи, кунжут, ловия, қизилмия экстракти каби маҳсулотларимизга кўплаб экспорт шартномаларини тузишга муваффақ бўлдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазири Сайлаубай Донияров. – Хорижлик ҳамкорларимиз асосан Германия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Ироқ давлатлари эди, тадбирдан сўнг уларнинг сафи янада кенгаядиган бўлди. Энг асосийси, улар жойлардаги тадбиркорларимиз билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиб, ўзаро манфаатли алоқаларни мунтазам йўлга қўйишга эришди.
– Жорий йилнинг 26–27 октябрь кунлари суҳбатни давом эттирди Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш Йиғма бошқармасининг қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Фарҳод Акбаров. – Республикамизнинг барча вилоятларида ҳудудий мева-сабзавот ярмаркалари ўтказилди. Унга кўра, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 45 та экспортёр корхоналар билан фермер хўжаликлари ўртасида умумий қиймати 170 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ушбу ҳудудий ярмаркаларнинг ўтказилиши I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси олдидан ўзига хос тайёргарлик босқичини ўтади.
Самарқанд вилоятининг экспонатлари орасида токзордаги узум шингилини эслатувчи ҳажми анчагина катта (узунлиги бир ярим метр, эни қарийб ярим метр!) қилиб ясатилган бир шингил узум, шундоқ кираверишда қовун, тарвуз, ошқовоқ ва бошқа турли полиз маҳсулотларининг пўстлоғига қўшиб шундай чиройли қилиб ишланганки, гўё санъат асарига қарагандек қарагинг келаверади.
«Серқуёш юртингизда етиштириладиган меваларни, айниқса, олмани яхши кўраман, – дейди Владимир Лешук Россия Федерациясининг «Наорц» (Улгуржи тақсимот марказлари миллий уюшмаси) ижрочи директори. – Кўргазма биз учун келгусидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз учун ғоятда фойдали бўлди. Тан олиш керак, юртингизда етиштирилаётган мева-сабзавотлар инсон соғлиғи учун жуда муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бой, бунинг устига, уларнинг сифати юқори, асосийси, экологик тоза ва хавфсиз. Бу, биз – ҳамкорлар учун жудаям муҳим жиҳат ҳисобланади».
«Ўзэкспомарказ» кўргазмалар залининг иккинчи павильонида республикамизнинг фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган меваларни чет эллик ва маҳаллий истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб берилишига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар – «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари, тижорат банклари, турли консалтинг компаниялари, агентликлар жойлашган. Улардан айримларини суҳбатга тортдик.
Суҳбатдошларимиз – «Ўрта Осиё транс» ва «Европринт» МЧЖ вакиллари Бурхон Акромов ва Аюбхон Фозиловлар ярмарканинг афзаллиги хусусида тўхталишиб, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқарувчилар билан бевосита мулоқотга киришишига, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун қулайлик туғдиришини таъкидлашди. Шунингдек, бундай тадбирларнинг ўтказилиши жойлардаги мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва уни қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи буюртмачи ташкилотлар ўртасида келгусида янги буюртмалар портфелини шакллантириш имконини беради.
Дарҳақиқат, «Ўзэкспомарказ»нинг учинчи ва тўртинчи павильонлари мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспортёр корхоналар, савдо логистика марказлари ва совутгич комплекслари мутасаддилари ҳамда мутахассислари билан гавжум. Бу ердан озиқ-овқат саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид бўлимлар ўрин олган. Биз Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани экспонатларига назар ташлаймиз. Туманда меваларни экспорт қилувчи 4 та йирик корхонада 70 тоннадан тортиб, 150 тоннагача ҳажмдаги ўнга яқин мевани сақлайдиган музлатгич ва омборхоналар, шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишловчи иккита корхона самарали фаолият юритмоқда.
Ярмарка мобайнида Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ҳар бир вилоятдан келган вакиллар тадбир иштирокчиларига ўз ҳудудлари имкониятлари тўғрисида етарлича маълумот берди. Шунингдек, ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ўрта муддатларда тўғридан-тўғри етказиб бериш тизимини кенгайтириш бўйича чет эллик иштирокчилар билан давра суҳбатлари ўтказилиб, ўзаро фикр алмашилди.
Ярмарка якунлари бўйича қиймати 1 млрд доллардан зиёд бўлган 1,4 млн тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 355 та шартнома имзоланди. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 32 фоизини сабзавот, 16,6 фоизини узум, 25 фоизини мева, 13,7 фоизини дуккакли ва полиз маҳсулотлари, 13 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар ташкил қилади.
«Ўтган сафарги навбатдан ташқари Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил қилиш ва ўтказишда баъзи бир камчиликларга йўл қўйилган эди, – дейди «Ўзагроэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси раҳбари Жамшид Холмуҳамедов. – Бу сафаргисида уларни бартараф қилишга ҳаракат қилдик. Ярмаркага ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар шунчаки юртимизни тамоша қилишга ёки ўзбек деҳқони маҳсулотларини кўриш учун эмас, балки уларнинг аксарияти бизнинг доимий ҳамкоримиз сифатида маҳсулотларимизни сотиб олиш учун келишди. Айни пайтда тузилган шартномаларнинг 40 фоизга кўпайганлиги бунинг ёрқин далилидир».
Бугунги кунда юртимизнинг саноат тармоғида бўладими ёки ҳудудлар кесимида, бундан қатъий назар, ҳали тўла ишлатилмаган имкониятлар, захираларни ишга солиш, улардан оқилона ва унумли фойдаланиш, кам меҳнат талаб этиладиган муқобил маҳсулотларни ишлаб чиқариш зарур. Рақобатбардош маҳсулотлар сотилиши ҳисобига эса, валюта тушуми кўпаяди, кўплаб иш ўринлари яратилади, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси кучаяди, яшаш тарзимиз янги сифат босқичига кўтарилади.
Иқтисодиёт вазирлиги
матбуот хизмати