Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ушбу мақолада хорижлик ва маҳаллий иқтисодчи олимларнинг ёндашувлари асосида инновацион бандликнинг шаклланиш хусусиятлари баён қилинган. Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида инновацион бандликни шакллантириш имкониятлари таҳлил қилинган, ҳудудий меҳнат бозорлари инновацион фаоллик даражасига қараб гуруҳларга ажратилган, инновацион турдаги бандликни микродаражада баҳолаш методологияси таклиф этилган ҳамда республика корхоналари бўйича «инновацион» иш билан бандлик индекси ҳисобланган.
Ҳозирги даврда иш билан бандлик тизимининг ўзига хос хусусиятлари, белгиларини тўлиқ ва аниқ ифода этувчи янгича «матрица» асосидаги лойиҳани ишлаб чиқиш тақозо этилмоқда. Институционал ёндашув корхоналарда меҳнатни ташкил қилишни таҳлил қилиш орқали ички меҳнат бозори механизмлари ишлашини тадқиқ қилишга имкон беради. Иш билан бандлик таҳлилига институционал ёндашув «ишчи-иш берувчи» муносабатлари барқарорлигини таъминловчи ва кафолатловчи меҳнат шартномаларига алоҳида эътибор беришни назарда тутади. Ушбу шартномалар таҳлили узоқ муддатли меҳнат хизматлари алмашинуви воситаси сифатида ноаниқ шартномалар назариясида янгилик ҳисобланади.
Юқорида қайд этилган ёндашувларнинг ҳеч бирида иш билан бандлик категорияси моҳиятининг таҳлили комплекс равишда ўрганилмаган. Балки, унинг ташқи намоён бўлиш шакллари ва ўзаро боғлиқлигига эътибор қаратилган. Мазкур назарий концепциялар бўйича тадқиқотчилар ўртасида «иш билан бандлик» категорияси тўғрисида турлича қарашлар мавжуд. Шунингдек, «унумли иш билан бандлик», «оптимал иш билан бандлик», «оқилона иш билан бандлик», «самарали иш билан бандлик» ҳақида ҳам ягона тўхтамга келинган эмас.
«Инновацион иш билан бандлик»нинг моҳиятини аниқлаш учун инновация категориясига мурожаат қилиш лозим. Инновация тушунчасининг нисбийлик нуқтаи назаридан кўриб чиқиш унинг ягона кўринишдаги таърифи мавжуд эмас. Адабиётларда инновациянинг моҳиятини аниқлашда икки хил ёндашув кенг тарқалган: биринчидан, ижодий фаолият натижаси (маҳсулотлар, технологиялар, усуллар); иккинчидан, янги, самарали маҳсулотлар, ёндашувлар, тамойилларга кириш жараёни тушунилади.
Бизнинг фикримизча, инновациянинг ҳозирги кундаги тушунчасига технологик янгиликларни киритиш мумкин. Хусусан, инновацион жараёнларнинг кенг миқёсдаги моҳияти институционал, ташкилий ва бошқарувни ўз ичига олади. Инновациянинг замонавий назариясида унинг тўрт асосий гуруҳи ажратиб кўрсатилади:
● якуний маҳсулотлар ёки хизматлардаги ўзгаришлар;
● янгиларини яратиш ва мавжуд технологик жараёнлар ва жиҳозлар, воситалар, материалларни такомиллаштириш;
● комплекс ташкилий-таркибий янгиликлар, бошқаришнинг янги усуллари ва воситаларидан фойдаланиш;
● кадрлар хизмати ва ижтимоий-психологик муносабатлар соҳасида янгиликлар, меҳнат жамоаларида персонални танлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, психологик муҳитни яхшилаш шаклларини такомиллаштириш.
Инновацион иш билан бандлик категорияси ибораси таҳлилига кўра, у назарий ва предмет-амалий кўринишдаги фаолиятларнинг бирикиши сифатида аниқланади.
Ўзбекистон ҳудудларида инновацион иш билан бандликни шакллантиришнинг барча имкониятлари ва шарт-шароитларини гуруҳлар бўйича қуйидагича тизимлаштириш мумкин:
● иқтисодий шарт-шароитлар (минтақанинг ресурслар ва иқтисодий салоҳияти). Хусусан, ресурслар билан таъминланганлик, технологиялар соҳаси ва иқтисодиёт таркиби, асосий фондлар, ихтисослашув ҳамда «иқтисодиётни интеллектуаллаштириш» даражаси, меҳнат унумдорлиги; инвестицион ва инновацион фаоллик; ахборот комплекси ривожланиши; давлат ва маҳаллий бюджет ҳолати; кичик бизнес ривожланиши; меҳнат бозори ва бошқалар. Бунда ишсизлик даражаси кўрсаткичини танлаш ҳам муҳим. Унинг муҳимлиги, бир томондан, минтақаларда янги иш ўринларини ташкил этиш жараёни ва ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқаришини, иккинчи томондан эса иқтисодий фаолликни кенгайтириш учун иш билан банд бўлмаган ресурслар мавжудлигини акс эттириши;
● демографик ва ижтимоий шарт-шароитлар (аҳоли таркиби ва инсон салоҳияти сифати, миграцион фаоллик, ижтимоий соҳа ҳолати);
● сиёсий шарт-шароитлар (сиёсий вазият, аҳолининг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги ва бошқалар);
● институционал шарт-шароитлар (минтақада меҳнат бозори ва иш билан бандлик ҳолатига таъсир этувчи асосий институтларнинг фаолият кўрсатиши);
● ижтимоий-маданий шарт-шароитлар (аҳолининг ўзгарувчан иқтисодий вазиятга мослашишга тайёрлиги ва қобилияти, уни касбий ўзгаришларга йўналтириш, иш билан бандлик турлари ва шакллари, инсон капиталини жамғариш ва бошқалар).
Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида инновацион турдаги иш билан бандликни шакллантириш имкониятларини таҳлил қилиш учун ҳудудлар меҳнат бозорини туркумлашни таклиф этамиз. Яъни, унинг асосида қуйидаги фаразлар бор:
● Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари иш билан бандликнинг инновацион турини ривожлантириш учун етарли салоҳиятга эга;
● иш билан бандликнинг таркибий тавсифи, иқтисодий ўзига хосликлари бўйича ҳудудларни кўп ўлчамли гуруҳлаш;
● ҳудудларни иш билан бандлик таркибий кўрсаткичини гуруҳлаш билан уларнинг инновацион фаоллиги ўртасида боғлиқликни аниқлаш.
Фаразларни текшириш учун статистик манбаларни қайта ишлаш асосида ҳисоблаб чиқилган кўрсаткичлардан фойдаланилади.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида инновацион бандликнинг ривожланиши учун етарли салоҳият мавжуд, бироқ унинг алоҳида элементлари ҳудудларда турли даражада ифодаланади (масалан, телеишлар, янгича бандлик турлари ва шаклларининг ривожланиш имконияти, таълим ва илмий-саноат марказларида сифатли таълим олиш имкониятлари).
Таълим комплекси доирасида шаклланаётган инсон капитали сифатининг юқорилиги минтақада инновацион иш билан бандликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 66 тага етиб, шундан 34 таси Тошкент шаҳрида жойлашган. 2013/2014 ўқув йилида олий таълим муассасаларида таҳсил олган талабалар сони 259,3 мингтани ташкил этган.
Ўзбекистон ҳудудларида иш билан банд аҳолининг таълим таркиби таҳлили шуни кўрсатадики, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида олий маълумотлилар кўрсаткичи республика ўртача кўрсаткичидан юқори.
Инновацион иш билан бандликни шакллантириш имкониятлари бўйича минтақавий меҳнат бозори гуруҳларини аниқлаш мақсадида кўрсаткичлар тўпламини кластерлаш ва олинган натижаларни ўзаро таққослаш мақсадга мувофиқ. Статистика маълумотларини таҳлил қилиб, ушбу таснифда биз иш билан бандлик таркибининг алоҳида жиҳатларини тавсифлайдиган кўрсаткичлар йўналишини кўриб чиқамиз:
● хизматлар соҳасидаги иш билан бандлик;
● кичик бизнес соҳасида иш билан бандлик;
● иш билан банд бўлганлар таркибида тадқиқот ва ишланмалар билан банд ходимлар улуши;
● иш билан банд бўлганлар таркибида олий маълумотлилар улуши.
Ноишлаб чиқариш соҳасидаги бандлик кўрсаткичлари постиндустриал ривожланиш йўналишида иқтисодиётдаги ўзгаришларни баҳолашга имкон беради. Илмий тадқиқот ишлари билан банд бўлган ходимлар улуши иш билан бандликнинг «инновацион»лигини тавсифлайди. Шубҳасиз, ушбу тўплам кенг қамровли ҳисобланмайди. Лекин, ҳудудларда етарли даражада бир хил турда бўлган меҳнат бозорлари гуруҳларини ажратишга имкон беради.
Ҳисоб-китоб натижаларини қайд этишдан олдин кластерли таҳлил ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Кластерли таҳлил деганда, ўзгарувчи ёки объектлар ўртасидаги фарқлар бошқа кластерлар фарқидан камроқ бўладиган тарзда гуруҳларга (ёки кластерларга) бирлаштириш имконини берадиган ҳолат тушунилади. Кластерлаш усулларининг аксарияти бирлаштирувчи ҳисобланади. Инновацион бандлик таркибини тавсифлайдиган кўрсаткичлар тўплами бўйича минтақавий меҳнат бозорларини рақамли таснифлаш учун SPSS статистик усуллар стандарт пакетидан фойдаланилди.