Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маҳаллий бошқарув ва ижроия органларига юкланган вазифаларни бажариш учун муайян мулкий ва молиявий бюджет ҳуқуқлари берилади. Маҳаллий бюджетлар ишлаб чиқаришнинг якуний натижаларини аҳолига етказишнинг асосий йўналишини белгилаб берувчи воситадир. Давлат бюджети мувозанатини сақлаш, маҳаллий бюджетлар даромад қисмини мустаҳкамлашга йўналтирилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ва ривожлантиришга бўлган эҳтиёж янада ортмоқда. Бунинг асосий сабаби ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетларнинг маблағлари етарли эмаслиги. Маҳаллий ҳукумат органларига қарашли корхона, ташкилот ва муассасаларнинг молиявий хўжалик фаолиятини назорат қилишда республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасидаги харажат мажбуриятларидаги чекловлар эгилувчан, бироқ бир тизимга солинмаган кўринишга эга.
Сўнгги йилларда иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг асосий устувор йўналишлари бўйича чора-тадбирлар қўлланилиши ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантиришга ва аҳоли турмуш даражаси асосий кўрсаткичлари яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатди.
Ушбу чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилишида давлат бюджетининг ижтимоий функцияларида, айниқса, яққолроқ намоён бўлади. Бунинг учун 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси бўйича давлат дастури ишлаб чиқилди. Мазкур стратегияда давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича энг долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, яъни, аҳоли бандлигини ошириш ва ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни изчил амалга ошириш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш кўзда тутилган.
Айни пайтдаги муҳим муаммолардан яна бири – ижтимоий-маданий тадбирлар харажатларида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари ва уларни молиялаштириш манбалари ўртасидаги мувозанатни аниқлаш ҳисобланади. Жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий таъминотни ривожлантириш, аҳолининг энг ҳимоясиз ва муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий дастурларни молиялаштириш назарда тутилади. Шу билан бирга, бозор муносабатларини шакллантиришда ижтимоий-маданий тадбирларга бюджет харажатларининг турлари ҳам ошиб боради.
Масалан, эркин нарх ва инфляция шароитида аҳолининг турмуш даражаси пасаймаслиги учун даромадларни индексациялашга қаратилган харажатлар кўзда тутилиши лозим.Яъни, бюджетдан таъминланадиган ташкилот, муассаса ходимларининг иш ҳақи, нафақа, стипендия ва бошқа тўловлар миқдорига вақти-вақти билан жиддий эътибор берилиши тақозо этилади.
Кўпгина ривожланган мамлакатларда ижтимоий соҳа харажати давлатнинг асосий молиявий фаолияти бўлиб, улар ушбу фаолиятни маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширади. Масалан, Чилининг маҳаллий бюджетларидаги ижтимоий соҳа харажатларини сарфлаш тажрибаси кўпгина мамлакатлар учун намуна бўлиши ва баъзи бир жиҳатларини ўрганиш ривожланаётган давлатлар учун фойдадан ҳоли эмас. Чунки, Чили ислоҳотининг моҳияти тақсимот тизимидан жамғаришга ўтиш, давлат нафақа таъминоти улушини қисқартириш ва хусусий нафақа фондларининг юзага келиши билан боғлиқ.
Давлат нафақа суғурта тизими дастлабки вақтларда самарали бўлади. Одатдагидек, нафақа олувчиларнинг дастлабки авлоди учун анча қулайлик яратилади, улар нафақа тизимига келиб тушадиган катта миқдордаги қайта тақсимлаш орқали маблағ билан таъминланади. Бироқ, салмоқли миқдордаги тўловлар, нафақа тизимининг узоқ муддатга режалаштирилмаганлиги, ижтимоий масалаларнинг марказлаштирилган тартибда ҳал қилиниши шунга олиб келадики, бу тизим доимий (перманент) танглик ҳолатига тушиб қолиши кузатилади.
Нисбатан, кейинги давр нафақа олувчилар авлоди учун кўрсатилган омиллардан ташқари, макроиқтисодий омиллар – ЯИМ, фоиз миқдори, инфляция, валюта айирбошлаш курсининг ўсиш даражаси ҳам таъсир кўрсата бошлади. Нафақа фондларини бошқариш давлатга тегишли, у тўпланаётган бадалларнинг хавфсизлигини ва энг кам тўловларнинг бир хил даражада бўлишини таъминлайди. Бундай вазиятда нафақа таъминотини ислоҳ қилиш иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан боғлиқ бўлган бир қанча муаммоларни ҳал қилиш лозимлигини кўрсатади. Улардан учта энг асосийларини қайд этиш мумкин:
● нафақа олувчилар турмуш даражасини яхшилаш;
● нафақа таъминотининг нафақа олувчи меҳнат ҳиссасига боғлиқ бўлиши;
● нафақа таъминотининг молиявий тизим мувозанати билан уйғунлаштирилиши.
Мамлакатимизда 2016 йил якунлари бўйича ЯИМ 7,8 фоиз ўсганлигига қарамай, маҳаллий бюджетларнинг даромадлари 2015 йилга нисбатан 3,4 фоизга пасайган. Шу сабабли ҳам, 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси давлат дастурида белгилаб олинган бешта йўналишдан бири маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга қаратилганлиги бежиз эмас. Маҳаллий бюджетларнинг давлат бюджети тизимидаги ўрни маҳаллий бюджетлар даромадларини ташкил этиш ҳамда унинг таркибини белгилашда молиявий асос ҳисобланади.
Маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг мавжуд имкониятларидан яна бири – бу, жойларда аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга имкониятлар яратиш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларни тадбиркорлик фаолиятидан олаётган даромадларини солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш тақозо этилади. Бунда тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадларни солиққа тортиш ставкаларини белгилашда маҳаллий ҳокимиятларга белгиланган тартибда эркинлик бериш талаб этилади. Авваламбор, ставка ўрнатишда барча якка меҳнат фаолияти билан шуғулланувчилар учун тенг шароит яратиш, даромадларини тўлиқ солиққа тортилиши, назоратини таъминлаш зарур. Шунингдек, ушбу солиқ ставкаларини инфляция даражасига қараб ўзгартириб бориш мақсадга мувофиқ.
Ижтимоий тизимни таъминлаш турларининг кўплиги уларни молиялаштириш манбалари билан характерланади. Мамлакатимизда мавжуд ижтимоий таъминот тизимини маблағ билан таъминлаш манбалари қуйидагилардан иборат:
● давлат бюджети маблағлари;
● пенсия жамғармаси маблағи;
● касаба уюшмалари маблағлари;
● корхона ва ташкилотлар маблағлари;
● хориж кредити ва грантлари;
● хайрия ташкилоти ва фондлари.
Ижтимоий соҳа харажатлари таркибида салмоқли улушни таълим тизимига ажратилаётган маблағлар ташкил этади. Шу ўринда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда таълимнинг учта асосий моделини қайд этиш мумкин: Осиё модели, Америка модели, Европа модели. Осиё таълим моделида таълимни молиялаштиришда давлатдан ташқари хусусий бизнес ҳам муҳим ўрин тутади. Бунда маҳаллий маблағлар миллий маблағларга нисбатан салмоқли миқдорни ташкил этади. Бошланғич ва ўрта таълим асосан бепул, олий таълим эса пулли. Олий таълимда талабаларга грантлар ва кредитлар ҳисобидан таълим хизматлари учун пул тўлаш бўйича ёрдам берадиган кўп тармоқли тизим яратилган. Масалан, Япония таълим тизими мамлакат умумбюджети учун нисбатан арзон тушмоқда. Япония ҳукуматининг таълимга қиладиган сарфи ялпи миллий маҳсулотнинг 5,5–6 фоизини ташкил этади, АҚШда бу кўрсаткич 7,1 фоизни, Буюк Британияда эса 7,7 фоизни ташкил этади. Ғарб мамлакатлари таълим муассасалари харажатлари ҳукумат грантлари, талабалардан таълим учун олинадиган ҳақ, тижорат фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳисобига қопланади. Турли мамлакатларда улар нисбати ҳар хил бўлиб, вақти-вақти билан бу кўрсаткичлар нисбати ўзгариб туради. Талабалар шахсий кундалик сарф-харажатларни ўзлари кўтаради. Бунинг учун қуйидаги имкониятлар мавжуд:
● ота-оналар маблағи;
● ҳукуматдан олинган индивидуал грантлар;
● талабаларга тарқатиладиган махсус заёмлар;
● қўшимча даромадлар.
Мамлакатимизда ҳам худди Япониядаги каби катта маблағ талаб қилувчи олий ўқув юртлари давлат ихтиёрида бўлиши ҳамда нисбатан камроқ маблағ талаб қилувчи ОТМлари хусусий сектор ихтиёрида бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки, таълимни хусусийлаштириш – бу, соҳага қўшимча маблағ жалб этишга кўмаклашади. Қолаверса, хусусий ОТМларини турли йўллар билан рағбатлантириш зарур, масалан, ҳар хил солиқ имтиёзлари бериш ҳамда лицензия олишни янада оптимал вариантларини қўллаш лозим.
Ривожланган мамлакатларда йўлга қўйилган таълим тизимини молиялаштириш усулларини ўрганиб, ушбу моделларнинг айрим жиҳатларини мамлакатимиз таълим тизимига жорий қилиш долзарб масалалардан бири. Бугунги кунда таълим тизимига жами бюджет харажатларининг 34–35 фоизи ажратилаётган бир пайтда мазкур маблағларни режалаштириш ва таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари даромад топишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш таълим тизимининг моддий таъминоти яхшиланиши ва уларнинг қўшимча даромад топишлари учун кенг имкониятлар яратади. Яъни, таълим муассасаларининг қўшимча пулли хизмат кўрсатишларини рағбатлантириш аҳолининг таълим хизматларига ошиб бораётган эҳтиёжларини тўлароқ қондириш имконини беради.
Феруза МУСАЕВА,
ТМИ ўқитувчиси