Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини ҳамда унинг рақобатбардошлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини яхшилаш мамлакатимизнинг стратегик мақсадлари ҳисобланади. Бунга эришиш учун бошқа соҳалар қатори ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш талаб этилади.
Ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат муносабатларида меҳнат бозорини ривожлантириш орқали аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш масаласи марказий ўринни эгаллайди. Демографик омиллар туфайли меҳнат ресурслари муттасил ортиб бораётган Ўзбекистон учун бу, айниқса, энг муҳим ижтимоий масалалардан бири ҳисобланади.
Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига доимий яшовчи аҳоли сони 31,58 млн кишини, 2015 йилга нисбатан эса 1,8 фоизга кўпайиб, мутлақ ўсиш 553,9 минг кишини ташкил этган. Шундан шаҳар аҳолиси 15,9 млн киши, қишлоқ аҳолиси 15,6 млн кишидан иборат бўлган. Бу умумий аҳоли сонига нисбатан мос равишда 50,6 ва 49,4 фоизни ташкил этган.
Шу даврда иш билан банд аҳоли сони 239,9 минг кишига (ёки 1,9 %га) кўпайди ва 2016 йил 1 январь ҳолатига 13,06 млн кишини ташкил этди. Яъни, бандлик таркибида ижобий силжишлар юз берди. Агар, 2014 йилда давлат секторида иш билан бандлар умумий сонининг 18,1 фоизи жамланган бўлса, 2015 йилда ушбу секторда 17,8 фоизни ташкил этди.
Бу борада қурилиш соҳасидаги иш билан бандликнинг улуши ўтган йилги 9,4 фоиздан 9,6 фоизга, қишлоқ хўжалигида 27,5 фоиздан 27,7 фоизга, транспорт ва алоқада 5,3 фоиздан 5,4 фоизга, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 11,2 фоиздан 11,3 фоизга, уй-жой коммунал хўжалигида 3,6 фоиздан 3,7 фоизга қадар ўсди.
Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларига мурожаат қилган шахсларни ишга жойлаштириш даражаси 94,7 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, битта бўш ўрин бўйича ишсизлар сонини характерловчи меҳнат бозорини кескинлик даражаси вилоятлар бўйича қуйидаги кўринишга эга бўлди: Андижон – 5,6, Бухоро – 6, Қашқадарё – 6,3, Навоий – 5,7, Сурхондарё – 6,6 ва Хоразмда – 6,3 юқорилигича қолмоқда.
Меҳнат вазирлигининг Халқаро меҳнат ташкилоти методологияси бўйича амалга оширган ҳисоб-китобларига кўра, республикадаги ишсизлик даражаси 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига 5,2 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистонда миллий иқтисодиётнинг янада либераллашуви жараёнида меҳнат бозорини шакллантириш тенденциялари ҳозирги давр иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган ҳамда ходимларнинг ўз меҳнат салоҳиятини намоён этиш жойи ва шаклини эркин танлашини назарда тутадиган даражада меҳнат ҳаракатчанлигини жадаллаштириш билан боғлиқ ҳолда кечмоқда. Меҳнат ресурслари мобиллигининг ортиши уларни иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ва ҳудудлараро қайта самарали тақсимлаш, меҳнат бозорида ишчи кучи рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бозор тизимида ижтимоий-иқтисодий омилларнинг таъсири, хусусан, даромадлар нотекис тақсимланиши натижасида ҳудудий меҳнат бозорларида турлича ўзгаришлар кузатилмоқда. Шундай ўзгаришлардан бири – бу, меҳнат ресурслари мобиллигидир.
Ишчи кучи ҳаракатининг турли шаклларини тавсифлаш учун илмий адабиётда ҳаракатчанлик, кўчувчанлик ёки мобиллик ҳамда миграция каби тушунчалар қўлланиши уларни тадқиқ қилиш жараёнида воқеа-ҳодисаларни аниқлаштиришга ёрдам беради.
Меҳнат ресурслари мобиллиги – бу, ҳаракатчанлик, бошқа жойга ишга жойлашиш қобилияти ҳамда талаб мавжудлигини англатади. Мазкур нуқтаи назарга мувофиқ, аҳолининг ҳудудлараро ҳаракати, ишчи кучи, тураржойлар ва мақбул даражадаги меҳнат ўрнини таклиф қилиш билан тавсифланадиган ҳудудий кўчувчанликни ўзида ифодалайди. Бунда, кўчиш нуқтаси бир географик ҳудуд ичида ёки ҳудуд ташқарисида бўлиши мумкин.
«Меҳнат ресурслари мобиллиги» тушунчаси – бу, меҳнат ресурсларининг иш жойлари ўртасидаги мобиллиги, уларнинг касб, тармоқлараро ва малака бўйича мобиллиги ҳамда иш билан бандликни тартибга солувчи иқтисодий механизм каби назарий жиҳатдан уч хил ёндашувни ўз ичига қамраб олади.
Биринчи ёндашув тарафдорлари меҳнат ресурслари мобиллигини ходимларнинг аввалги иш жойидан янгисига ўтиш сифатида талқин қилади. Бунда, улар янги иш жойига ўтиш меҳнат фаолияти (касб), иш берувчи, ҳудудий ўзгаришларни ҳам тақозо этишини назарда тутади. Янада тўлиқроқ таъриф бериладиган бўлса: «Меҳнат мобиллиги – бу, бошқа жойга ишга бориш, янги иш жойида ва меҳнат фаолияти давомида тураржой билан таъминланадиган, аввалги яшаш жойи сақланиб қоладиган вақтинчалик иш билан бандликдир».
Меҳнат ресурслари мобиллигининг иккинчи ёндашувида мазкур жараён ходимнинг инсон капиталига инвестициялар киритиш ёки янги иш қидириш туфайли иш жойини ўзгартириши сифатида баҳоланади. Меҳнат ресурслари мобиллигини асосан меҳнат ресурсларининг ҳудудлараро ҳаракати нуқтаи назаридан баҳолайдиганлар учинчи ёндашув тарафдорларидир.
Ўзбекистонда аҳоли миграцияси динамикасига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистонга келганлар сонининг энг юқори кўрсаткичи 2012 йилда (169,7 минг), энг паст кўрсаткич 2011 йилда (135,9 минг) кишини ташкил этган. Шунингдек, чиқиб кетганлар сонининг энг юқори кўрсаткичи 2005 йилда (246,4 минг), энг паст кўрсаткич 2015 йилда (135,9 минг) кишини ташкил этди. Статистик таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда миграция сальдоси 2005 йилда юқори қиймат (-101,6)га тенг бўлиб, мазкур йилда республикадан чиқиб кетган ва кириб келганлар ўртасидаги фарқ жуда юқори ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, меҳнат миграцияси жуда кўплаб омиллар таъсири натижасида юзага келади. Аксарият тадқиқотларнинг хулосалари сифатида қуйидаги энг асосий омилларни санаб ўтиш мақсадга мувофиқ:
● ижтимоий-иқтисодий ва демографик табиатга эга объектив омиллар: ишсизлик, қашшоқлик, аҳолининг ғоят зичлиги;
● истиқомат қилаётган мамлакатда ривожланиш истиқболлари йўқлиги, шароитлардаги чорасизлик, ўз даромадлари ва турмуш даражасини тиклаб олишга интилиш;
● меҳнат ҳаракатчанлиги ходим шахси билан боғлиқ бўлган омиллар: касбий ўсиш, малака даражасининг етарлилиги ёки етишмаслиги, меҳнат фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаслик, тураржойни ўзгартириш, таълим муассасидаги ўқишни тугаллаш, пенсия ёшига етиш ва ҳоказолар;
● янги бозорлар пайдо бўлиши ёки мавжудлари бекор бўлиши, корхона ва тармоқларнинг техникавий қайта жиҳозланиши, халқаро бозорлардаги рақобат кучайиши ёки сусайиши, хўжалик юритишда жойлардаги тафовут каби омиллар ҳам меҳнат миграциясига кучли таъсир ўтказади.
Меҳнат ресурслари мобиллигига таъсир этувчи омилларни, кўчишнинг зарурийлиги, янги иш ва яшаш жойининг мақбуллиги, мобилликнинг осонлиги ва хабардорлиги каби омиллар бўйича ҳам таснифлаш мумкин.
Айтиш жоизки, меҳнат миграцияси ўзининг ижобий томонлари билан бир қаторда салбий жиҳатларига ҳам эга. Бу борада энг салбий ҳолат шундан иборатки, меҳнат миграцияси жараёни ҳудудий меҳнат бозорлари беқарорлашувига сабаб бўлиши мумкин.
Ўзбекистон қишлоқ жойларида аҳоли сони юқори суръатларда ўсмоқда. Бу аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ишчи кучи эҳтиёждан ортиқча, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратишга биринчи даражада эътибор беришга қарамасдан, меҳнат ресурсларини иш билан таъминлаш муаммоси долзарб масалалигича қолмоқда. Шунинг учун қишлоқ-шаҳар миграцияси жараёнида бу ҳолат қишлоқ меҳнат салоҳиятига салбий таъсир кўрсатаётгани йўқ. Экспертларнинг ҳисобларига кўра, бу ички меҳнат миграцияси қишлоқда аҳоли ўсишининг тўрт фоизга яқинини, меҳнат ресурслари ортишининг олти фоизини шаҳар улуши ташкил этмоқда.
Мамлакат ички меҳнат миграциясида минтақалараро миграция катта аҳамиятга эга. Ишчи кучларининг бу тарзда қайта тақсимланиши меҳнат ресурслари ортиқча бўлган Фарғона водийси ва Самарқанд вилоятидан Тошкент шаҳри ва вилояти томон йўналтирилган. Умуман, ички меҳнат миграциясининг 50–55 фоизи пойтахт ва Тошкент вилоятига тўғри келади.
Ички меҳнат миграцияси мамлакат аҳолисини ҳудудий жиҳатдан қайта тақсимлашга ҳам муайян даражада таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон учун, бу ҳолат муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш керак. Маълумки, ҳудудий қайта тақсимлаш, урбанизация жараёнларининг долзарблиги республиканинг Марказий Осиёда аҳолиси энг зич жойлашганлиги билан изоҳланади. Ҳозирги вақтда мамлакатда бир квадрат километрга 66,5 киши тўғри келади. Кейинги 30 йилда республикада аҳоли зичлиги икки баробарга ортди.
Меҳнат ресурслари мобиллигини баҳолашда турли даражадаги меҳнат ресурсларини қайта тақсимлаш алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу меҳнат ресурсларини тақсимлаш босқичи уларни иш, фаолият турлари, корхоналар, тармоқлар ва ҳудудлар бўйича бирламчи тақсимлашдан иборатдир. Бозор иқтисодиёти муносабатларида мазкур босқич функциясини меҳнат бозори бажаради. Меҳнат ресурслари меҳнат бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.
Меҳнат ресурсларини тақсимлаш ва қайта тақсимлаш уларнинг миқдор ва сифат хусусиятлари ўзгаришига сабаб бўладиган мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва демографик жараёндир. Меҳнат ресурсларини қайта тақсимлаш ходимларнинг янги ихтисосликларни эгаллаши ёки малакасини оширишлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларидаги диверсификациялаш жараёнлари билан боғлиқ бўлади.
Юқоридаги статистик таҳлиллардан шу нарса маълум бўлдики, қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасида касаначиликнинг улуши энг юқори бўлиб, бу мазкур тузилмада 2013–2015 йилларда ўртача 21,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 2013–2015 йилларда қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасида юридик шахс мақомини олмаган тадбиркорлар улушининг мунтазам пасайиши (ўртача 0,75 %) тенденцияси кузатилган бўлса, ушбу давр оралиғида қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасида фермер ва деҳқон хўжаликлари улушининг мунтазам ўсиши (ўртача 2,55 %) тенденцияси кузатилди.
Кейинги йилларда мамлакат меҳнат бозоридаги ўзгаришлар натижасида иқтисодиёт тармоқларининг бандлар тузилмасида ҳам бир қатор силжишлар содир бўлди. Мазкур ҳолат таҳлили шуни кўрсатдики, тузилмада 2013–2015 йилларда энг юқори улушни қишлоқ ва ўрмон хўжалиги (ўртача 27,4 %)ни, энг паст улушни молия ва кредит соҳасидаги бандлар улуши (0,5 %)ни ташкил этди.
Таъкидлаш лозимки, қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмаси ҳам, иқтисодиёт тармоқлари бўйича бандлар тузилмаси ҳам статистик тўплам ҳисобланади. Мазкур статистик тўпламдаги умумий ўзгаришларни баҳолаш республикада меҳнат ресурслари мобиллиги тўғрисида умумий хулосалар чиқариш имконини беради.
Маълумки, тўплам таркиби нисбий миқдорда ифодаланса, у тўпламнинг тузилмасини ҳамда уни тавсифловчи шу нисбий катталиклар эса, тузилма нисбий миқдорлари ёки тузилма кўрсаткичларини билдиради. Шунингдек, тузилма унсурини тавсифловчи улуш ёки ҳиссанинг ўзгариш динамикаси тузилмадаги силжишларни баҳолаш имконини беради.
Аммо, ўрганилаётган тўплам алоҳида унсурни тавсифловчи улушнинг мутлақ ва нисбий ўзгариши, тўпламнинг умумий ўзгаришини яхлит ҳолда баҳолаш имконини бермайди. Шунинг учун, тузилмавий силжишларни яхлит ҳолда миқдорий баҳолашда умумлаштирувчи кўрсаткичлар тизимидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Шундай тузилмавий силжишларни умумлаштирилган ҳолда баҳоловчи кўрсаткичлардан бири – бу, болгариялик статист К. Гатев томонидан таклиф этилган тузилмавий силжишларнинг интеграл коэффициентидир:
(1)
Мазкур коэффициент 0 ≤ IG ≤ 1 оралиғида ўзгаради. Таққосланаётган тузилмалар орасидаги фарқ қанчалик кичик бўлса, интеграл коэффициент қиймати нолга яқин ва аксинча, фарқ қанчалик катта бўлса, шунчалик бирга яқин бўлади. Шунингдек, у тўплам тузилишининг ўзгариш даражасини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, 2013/2014 солиштирма йилларда К. Гатев интеграл коэффициенти асосида қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасидаги умумий силжишлар 0,019 фоиз пунктни ташкил этган бўлса, 2014/ 2015 йилларга келиб мазкур кўрсаткич 0,053 фоиз пунктни ташкил этди.
Агар биз, К. Гатев интеграл коэффициентини 0 ва 1 оралиғида ўзгаришини инобатга оладиган бўлсак, у ҳолда ҳисобланган 0,019 ва 0,053 қийматларини жуда юқори кўрсаткич деб бўлмайди. Мазкур таҳлиллар бизга қайта ташкил қилинган иш ўринлари тузилмасидаги умумий силжишлар ўта паст даражада эканлигини кўрсатади. Бироқ, умумий силжишлар индексининг 0,019 фоиз пунктдан 0,053 фоиз пунктга ўсиши республикамизда меҳнат ресурслари ҳаракатчанлиги ўсганлигини ифода этади.
Шунингдек, юқоридаги таҳлиллар каби 2013/2014 солиштирма йилларда К. Гатев интеграл коэффициенти асосида иқтисодиёт тармоқлари бўйича бандлар тузилмасидаги умумий силжишлар индекси 0,012 фоиз пунктни ташкил этган бўлса, 2014/2015 йилларга келиб мазкур кўрсаткич 0,009 фоиз пунктни ташкил этган ҳолда пасайиш характерига эга бўлди.
Бизга маълумки, меҳнат ресурслари мобиллиги иқтисодиётдаги бандлик даражасига таъсир этади. Ўз навбатида, иқтисодиётда банд бўлганлар йиллик ўртача сонининг ўсиши мамлакат иқтисодий ўсиши, яъни (ЯИМ) ортишига олиб келади.
Кўплаб тадқиқотлар кўрсатишича, мамлакат иқтисодиётидаги бандлик динамикаси ва ЯИМ ўртасида ижобий корреляция мавжуд бўлиб, унга кўра бандлик динамикасининг ўсиши ЯИМнинг ўсишига олиб келади.
Демак, ЯИМнинг иқтисодиётдаги иш билан бандлик динамикасига боғлиқлик функцияси (GDP = f (L)) қуйидаги экспоненциал эмпирик тенгламадан иборат бўлади:
GDP = 1,2978e0,0009L (2)
Олинган эмпирик таҳлил натижаларига кўра, иқтисодиётда иш билан банд бўлганлар йиллик ўртача сонининг қўшимча равишда бир кишига ортиши мамлакат ЯИМнинг қўшимча равишда ≈ 1,3 сўмга ортишига олиб келади. (1) эмпирик тенгламанинг детерминация коэффициенти 98,34 фоизга тенг бўлиб, унга кўра, мамлакат ЯИМ умумий ўзгарувчанлиги иқтисодиётда банд бўлганлар йиллик ўртача сони ўзгариши билан изоҳланади.
Энди, мамлакат ЯИМнинг иқтисодиётда банд бўлганлар йиллик ўртача сони билан боғланишини чизиқли логарифм шаклида ёзамиз ва бунинг учун GDP = f (L) тенгликнинг иккала томонини логарифмлаб, 2000–2015 йиллар маълумотлари асосида қуйидаги (3) эмпирик тенгламага эга бўламиз:
logGDP = 0,34 + 3,95logL (3)
Демак, эмпирик таҳлил натижаларига кўра, иқтисодиётда банд бўлганлар йиллик ўртача сонининг қўшимча равишда бир кишига ортиши мамлакат ЯИМнинг қўшимча равишда ≈ 3,95 сўмга ортишига олиб келади. Шунингдек, (3) тенгламада мамлакат ЯИМ умумий ўзгарувчанлигининг 99,6 фоизи иқтисодиётда банд бўлганлар йиллик ўртача сонининг ўзгариши билан изоҳланади.
Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиёт тармоқларидаги иш ўринларининг ўзгариши меҳнат бозоридаги меҳнат ресурслари мобиллигига ўз таъсирини ўтказади. Аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш ва иш ўринлари ташкил этиш муаммоларини изчил ҳал этишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни қўллаш натижасида иқтисодиётдаги бандлар сони муттасил равишда ортиб бормоқда.
Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларидаги таркибий ўзгаришлар меҳнат ресурслари мобиллигига таъсир қилар экан, ушбу жараёнларни тартибга солиш талаб этилади. Айни пайтда меҳнат ресурслари мобиллиги давлатнинг ижтимоий сиёсати ҳамда меҳнат ресурсларининг иш билан таъминланиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самаралари, давлатнинг меҳнат бозоридаги фаол сиёсати, иш билан бандликни таъминлаш бўйича кўрилаётган ҳуқуқий, ташкилий, иқтисодий, маъмурий ва бошқа чоралар билан боғлиқ бўлади.
Зафар ШАКАРОВ,
мустақил тадқиқотчи