Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистоннинг автомобиль йўллари тўғрисида сўз юритиш кишидан жуда катта масъулият талаб қилади. Бу ҳол мазкур соҳада муаммолар етарлича экани ёки аксинча, бажарилган ишлар кўлами билан боғлиқ эмас, балки автомобиль йўллари мамлакатимиз учун нақадар муҳим стратегик аҳамиятга эгалигидадир. Уни чуқур англамасдан соҳанинг муаммоларини ҳам, ютуғини ҳам тўғри талқин қилиб бўлмайди. Ҳа, ишонаверинг, айтилаётган ушбу фикрлар баландпарвоз гаплар эмас.
Биз, мустақиллик ҳақида гап кетганда, сўзимизни унинг миллатимиз учун нақадар катта тарихий ютуқ эканини эътироф этишдан бошлаймиз. Аммо, аксарият ғалабалар қатори бу ютуқни ҳам сақлаб қолиш осон кечмаганини кўп ҳам таъкидлайвермаймиз. Бугун эса, гап йўл сиёсати ҳақида кетар экан, бунга тўхталмасдан иложимиз йўқ…
Ҳа, мавжуд империядан ажралиб чиққан Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар қаторига киради. Денгиздан узилган давлатлар эса дунёда саноқлигина бўлиб, уларнинг қаршисида бошқа мамлакатлар билан иқтисодий ва маданий алоқаларни боғлаш учун автомобиль йўллари имкониятидан максимал даражада самарали фойдаланиш масаласи кўндаланг туради. Зеро, аслида шусиз ҳам ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ва маданий ривожланишида автомобиль йўллари муҳим ўрин тутади. Йўллари қандайлигига қараб, шу юртнинг иқтисодий ва маданий-маънавий аҳволини англаш мумкин. Бу ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ҳам маълум. Мисол учун, АҚШ, Германия ва Хитойда 1930 йиллардан бошлаб автомобиль йўллари тармоғини ташкил этишга катта эътибор берила бошланган ва бу масала ҳануз кун тартибидан тушгани йўқ. Ўзбекистон учун эса нафақат иқтисодиётнинг томири бўла оладиган, балки, юқорида таъкидлаганимиздек, денгизга чиқиш йўлига уланиш имконини берадиган ва бошқа давлатлар учун транзит коридори вазифасини ҳам ўтайдиган йўлларни қуриш стратегик аҳамиятга эга эди! Қолаверса, Фарғона водийсини республиканинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи ички йўл мавжуд эмасди…
Ана шу эҳтиёжлар туфайли энг аввало йўлларни қуриш ва сақлашнинг меъёрий асослари яратиб олинди – 1992 йил 3 июлда «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни, шунингдек, йўл идоралари, Ички ишлар вазирлиги, Давлат автомобиль инспекцияси ва йўллардан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат, жамият, аҳоли манфаатларини кўзлаган ҳолда йўлларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш мазкур қонуннинг асосий вазифаси қилиб белгиланган эди.
Навбатдаги муҳим қадам сифатида республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудини шарқий ҳудуд билан, жанубий ҳудудини шимолий ҳудуд билан боғловчи, айни пайтда халқаро йўл вазифасини бажара оладиган Ўзбек миллий автомагистралини қуриш лойиҳаси илгари сурилди. Унда халқаро андозалар талабларига жавоб бера оладиган, замонавий цемент-бетон ва асфальт-бетон қопламали тўрт тасмали йўллар қуриш ва реконструкция қилишни кенгайтириш, Қамчиқ довонидан ўтадиган автомобиль йўлини реконструкция қилиш назарда тутилган эди. Ушбу ўта муҳим лойиҳанинг ижроси замонавий транспорт инфратузилмасини яратишда тарихий қадам бўлди.
Аммо, бу йўлларни қуриш ҳали денгизга чиқиш дегани эмасди. Яъни, асл мақсадга эришиш учун дунё мамлакатлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистоннинг қулай транзит имкониятларига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш керак эди. Шу боис, 1992 йилнинг 14 июлида Хельсинкида бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кенгашида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Буюк ипак йўлини тиклаш масаласига алоҳида урғу бериб, бу борада Ўзбекистон ўзининг барча имкониятларини ишга солаётганини таъкидлайди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Хитой ва Покистонга олиб борадиган Андижон-Ўш-Эргаштом-Қашқар ҳамда Бухоро-Сарахс-Машҳад-Карачи автомобиль йўлларини қуриш ва қайта қуришга ҳисса қўшишдан манфаатдор эканини эътироф этади. Зеро, бу халқаро автомобиль йўллари Ҳинд океанига чиқиш имконини беради. Энг муҳими, у Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатларига олиб борадиган йўлни уч баробар қисқартиради. Шуларни инобатга олган ҳолда 1991 йил 13 сентябрда Тежен-Сарахс йўлини ҳамкорликда қуриш юзасидан битим имзоланган эди.
1992 йил май ойида эса, Шарқнинг етти мамлакати раҳбарлари Ашхободда Тежен-Сарахс-Машҳад (Трансосиё) йўлини ва Истамбул-Теҳрон-Исломобод-Ашхобод-Тошкент-Бишкек-Олмаота халқаро автомобиль йўлини барпо этиш ҳақида битим тузди. Европа йўналишидаги ягона транспорт коридори бўлмиш Транскавказ йўли борасида эса Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия раҳбарлари билан битимлар имзоланди.
1993 йил май ойида Брюссель шаҳрида Европа комиссияси, Марказий Осиё ҳамда Кавказ мамлакатлари вакилларининг учрашуви бўлди. Унда транспорт ва коммуникация тизимини ривожлантириш масаласи кўриб чиқилиб, Европа ва Осиёни бир-бирига боғлайдиган Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлаги – ТРАСЕКАни ташкил этиш бўйича декларация қабул қилинди.
Ўзбекистон йўл борасидаги халқаро ташкилотларга ҳам аъзо бўлди. Жумладан, 1995 йил 29 августда Брюсселда жойлашган Халқаро йўл конгрессига Марказий Осиёдан биринчи бўлиб қўшилган Ўзбекистон Халқаро йўл федерацияси, Жаҳон йўл ассоциацияси, Ҳукуматлараро йўл кенгашига аъзо бўлди.
Аммо, халқаро дастурлар Ўзбекистон манфаатларига тўла мос эмасди. Жумладан, БМТнинг иккита расмий комиссияси – ЭСКАТО (Осиё) ва ЕЭК (Европа) томонидан тайёрланган Марказий Осиё харитасидаги магистрал йўллар схемасида асосан иккита йўналиш: Ўш-Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Нукус-Бейнау ва Бухоро- Ғузор-Термиз-Душанбе йўналиши кўрсатилган эди, холос. Европа Иттифоқининг ТАСИС программаси бўйича тайёрланган ТРАСЕКА транспорт коридорида ҳам ушбу иккита магистрал акс этган бўлиб, фақат бу ерда Ўш-Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Нукус-Бейнау магистралининг йўналиши Бухоро-Мари-Тежен томонга ўзгартирилди.
Хуллас, ушбу иккала расмий ҳужжатда ҳам Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги геосиёсий ўрни, иқтисодий ва ижтимоий манфаатлари ҳисобга олинмаган эди. Мана шунинг учун ҳам 1999 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Автотранспорт воситаларининг катта тезликдаги ҳаракатини таъминловчи Андижон-Тошкент-Нукус-Қўнғирот автомагистрали қурилишини лойиҳалаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда кўзда тутилган лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимиз транспорт тармоғини ҳақли равишда Марказий Осиё транспорт тармоғининг узвий, ажралмас бир қисмига айлантирар эди.
Европани Осиё қитъасининг океан сарҳадларигача боғлайдиган, яъни Грузиянинг Поти портидан Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон орқали Хитойнинг шарқий портларига чиқадиган, бошқа қатор муқобил йўналишлардан афзаллиги тан олинган бу йўналишнинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлиб, аввало Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, у фақатгина иқтисодий тараққиётга хизмат қилиб қолмасдан, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.
Қиймати 5 млрд АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа 2294 км автомагистрални ўз ичига олиб, унинг 1492 км қисми соатига 150 км тезликка мўлжалланган бўлиб, қолган 802 км қисми шаҳарлар билан боғловчи шохобча (коллектор) йўллардан ташкил топади. Бутун автомагистрал бўйлаб 18 та йирик ҳамда 60 дан ортиқ ўртача ва кичик кўприклар, шунингдек, 300 дан зиёд йўлўтказгич барпо этилиши режалаштирилган.
Мазкур автомагистралнинг ишга туширилиши Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарлари ўртасида замонавий қулайликлар яратади. Йўл атрофидаги кам ўзлаштирилган жойларда янги саноат марказлари барпо этиш, мавжуд табиий бойликлардан тўлароқ фойдаланиш, ривожланган ва ривожланаётган ҳудудларимиз орасидаги фарқни камайтириш, аҳолининг иқтисодий ва маданий савиясини ошириш учун замин яратади. Шунингдек, иш билан таъминлаш, янги қурилишлар ҳисобига экинзорлар камайишининг олдини олиш, айрим вилоятлардаги аҳоли зичлигини камайтириш каби муаммоларни ҳал қилишда катта аҳамият касб этади. Сифатли йўллар автомобилларнинг қатнаш муддати ва имкониятини ошириб, ёнилғи сарфини камайтиради. Чет эл инвесторлари ва сайёҳларининг қизиқиши ошишига, инвестиция тизимининг ривожланишига, давлатнинг экспорт, импорт ва транзит юк ташиш салоҳияти яхшиланишига хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари билан Буюк ипак йўлини тиклаш ва ривожлантириш масаласи ҳам ниҳоят дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола этилди. 1999 йил 5 апрелда Тошкент шаҳрида ушбу мавзуда конференция ўтказилиб, кўп мамлакатлардан вакиллар қатнашган бўлса, шу йил 20–22 сентябрь кунлари Халқаро йўл федерациясининг Буюк ипак йўлини тиклаш бўйича Тошкент анжумани бўлиб ўтди ва Ўзбекистон ташаббуси қизғин маъқулланди. Зеро, бу йўл иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатиши тан олинди.
Ўз навбатида, мамлакатимизда йўлсозликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилиб, Германия, Италия, Швеция, Россия сингари давлатлардан кўплаб техника ва жиҳозлар харид қилинди, хориж тажрибаси ўзлаштирилди. Бу эса барпо этилаётган йўлларнинг сифатини ошириб, қурилиш муддатларини қисқартиришга ҳамда йўлларнинг яроқлилик муддатини узайтиришга хизмат қилмоқда. Биргина Тошкент-Ўш йўлининг Қамчиқ довонида қурилган туннеллар муқобили йўқ иншоот бўлиб, бу йўлдан бир кунда 20–22 минг автомобиль ва 150 минг йўловчи ўтмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 22 апрелдаги «2009–2014 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган 5 йиллик дастур ва унга қўшимча равишда 2010 йил 21 декабрдаги «2011–2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган дастур асосида йўл қуриш борасида жуда катта кўламли ишлар бажарилди.
Айни пайтда бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 6 мартдаги «2015–2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникацион ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарори асосида давом эттирилмоқда.
Натижада, Ўзбекистон собиқ иттифоқ давлатлари орасида умумфойдаланувдаги йўл тармоғи зичлиги бўйича юқори поғоналарни эгаллаб, 1000 кишига тўғри келадиган йўл узунлиги бўйича 5-ўринга, 1000 км2 га тўғри келадиган йўл узунлиги бўйича 9-ўринга чиқиб олди.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича жуда катта миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Аммо, шунга қарамасдан, вақт ўтиши билан йўл қурилиши соҳасида айрим муаммолар ҳам пайдо бўла бошлади. Жумладан, йўл сиёсатини юритиш, қурилиш режаларини шакллантириш, уни маблағ билан таъминлаш, сифатни назорат қилиш ҳамда йўллардан самарали фойдаланиш тизимлари айрим ҳолатларда янги замон талабларига мувофиқ келмай қолди. Бу эса, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик орасида ўринли эътирозларга ҳам сабаб бўлаётган эди. Юзага келган бундай ҳолат эса йўл хўжалигининг барча йўналишларига доир аниқ ва самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқишни, айниқса, автомобиль йўлларини бошқаришга ҳамда йўл тармоғи ҳолатини иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ тарзда сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган қўшимча чоралар қабул қилишни тақозо этди.
Шундай бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш ишларига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантиришга, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга, бу борада лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини оширишга масъул бўлган тўлақонли буюртмачи хизмати яратилди. Яъни, 2003 йилда ташкил этилган Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси («Ўзавтойўл» ДАК) тугатилиб, унинг негизида Автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилиши назарда тутилди. Шунингдек, қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий эканлиги белгилаб қўйилди.
Фармонда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган Давлат инспекциясини ташкил этиш ҳам белгиланди.
Соҳага йўналтириладиган давлат молиявий ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга, йўл корхоналари тузилмасини такомиллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 14 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда, жумладан, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ҳамда ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибига берилди.
Бугунги кунда қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқ ва овуллар кўчаларининг сифатини яхшилаш, уларни хавфсиз ҳаракатланиш талабларига жавоб берадиган ҳолга келтириш масаласи кун тартибига қўйилди. Зеро, янги тураржой мавзелари барпо этилиши, шаҳарлар кенгайтирилиши, транспорт воситалари сонининг кўпайиши ҳам минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини тубдан яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришни талаб қилмоқда.
Аммо, ҳар йили ажратилаётган маблағлар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини зарур даражада сақлаш ва сифатли таъмирлаш ишлари учун етарли бўлмаяпти. Қолаверса, туман ва шаҳарларнинг йўл ташкилотлари ҳам йўл-таъмирлаш техникалари, моддий-хомашё ресурслари билан зарур даражада таъминланмаган.
Шу муносабат билан минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини соз даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Дастурда, жумладан, қуйидаги вазифалар назарда тутилган:
● 2017–2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлкалар, овуллар кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш;
● хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлкалар, овуллар кўчаларини жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та техника билан таъминлаш;
● мавжуд республика хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқ ва овуллар кўчаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ва уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш.
Шу билан бирга, Ўзбек миллий автомагистрали тўлиқ фойдаланишга топширилиши ҳисобига яъни:
● республика ичида автомобилларда юк ва йўловчи ташиш 60–70 фоизга кўпаяди;
● халқаро ва транзит автоташишлар ўртача 45–55 фоизга ошади;
● ривожланган йўл атрофи инфратузилмаси яратилади;
● йўл-транспорт ҳодисалари сони ва йўл-транспорт мажмуининг атроф-муҳитга салбий таъсири кескин камаяди;
● вақт ва ёқилғи тежалади.
Қисқача айтганда, мазкур ўзгаришлар ва амалга оширилиши мўлжалланаётган давлат дастурлари автомобиль йўллари қурилиши соҳасида янги давр бошланганидан дарак беради. Бу эса, жорий «Халқ билан мулоқот ва инсон манфатлари йили»нинг комплекс режаларини тўла-тўкис ифодалайди. Зеро, замонавий, ҳар жиҳатдан равон йўллар барпо этиш – бу, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг қон томири, ижтимоий жамият равнақ топишининг асосини ташкил этувчи энг муҳим стратегик вазифадир!
Шуҳрат НАЗАРОВ,
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
раиси биринчи ўринбосари