Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган, рақобатбардош, замонавий истеъмол бозори талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шу орқали катта миқдордаги валютани тежаш, маҳаллий хомашё ва минерал ресурслардан фойдаланишда инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этиш мамлакатимиз саноат корхоналари олдида турган устувор вазифалар қаторига киради. Бугунги кунда йирик саноат корхоналаридан бири бўлган «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
«Олмалиқ КМК»да ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосан икки йўналишда олиб борилмоқда:
● корхонада мавжуд ва янги қувватларда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
● маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари билан кооперация алоқаларини кенгайтириш.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида Олмалик КМКда ўтган 2021 йилда 87 лойиҳа бўйича 161,4 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган эди. Амалда эса ана шу 87 лойиҳа асосида 217,2 млрд. сўмлик маҳсулот бозорга чиқарилди ва режа 134,5 фоизга бажарилди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳаллийлаштириш Дастури ижроси ҳақида сўз борганда, энг аввало, Марказий таъмирлаш механика заводи» фаолиятига тўхталиб ўтиш жоиз. Бинобарин, заводда юқоридаги Дастур доирасида 2018-2021 йиллар мобайнида жами 93 та янги маҳсулот турлари ўзлаштирилди.
Маълумки, комбинат ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши эвазига таркибий бўлинмалардаги технологик ускуналарга зарур бўладиган эҳтиёт қисмларга ҳам талаб ортиб бормоқда. Ана шу талаб ва эҳтиёжни қондириш мақсадида «Марказий таъмирлаш механика заводи» таркибидаги механик-йиғув цехи майдони кенгайтирилди. Хориждан босқичма-босқич келтирилаётган замонавий ускуналар ёрдамида бу ерда асосан катта ҳажмдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариляпти.
Механик-йиғув цехида айни пайтга келиб технологик ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этувчи шестерналар, вал-шестерналар, насосларнинг турли ғилдираклари тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Комбинатнинг саноат темирйўл транспорт бошқармасининг эҳтиёт қисмлари ҳам таъмирланади.
«Олмалиқ КМК» АЖ «Марказий таъмирлаш механика заводи»нинг тарихи ишлаб чиқариш қуввати йилига 1180 тонна поковка, 1280 тонна миқдорида металл қурилмаларини тайёрлаш ҳамда 3650 тонна тайёрламалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган темирчилик ва қозон-пайвандлаш цехлари фойдаланишга топширилиши билан бошланади.
Завод қурилмалар, жиҳоз ва ускуналар, автотранспортлар ва махсус техникаларнинг эҳтиёт қисмларини, деталларни механик ишлов берган ҳолда тиклаш, пўлат, чўян ва рангли қуймаларни тайёрлаш, пайвандланган металл конструкция (қурилма)ларни ва ностандарт ускуналарни тайёрлаш, электр шлакли қуйиш қўймаларини қуйиш, тоғ-кончилик қурилма (жиҳоз)ларини ишлаб чиқариш, резина-техника маҳсулотларини гуммирлаш, тошли (жинсли) қуйиш, кон-металлургия комбинатининг эҳтиёжлари учун бошқа вазифаларни бажариш мақсадларида ташкил этилган.
«Олмалиқ КМК» АЖнинг деярли барча бўлинмалари буюртмаларини тайёрлайдиган ва том маънодаги комбинатнинг муҳим бўғинига айланган Марказий таъмирлаш механика заводида айнан маҳаллийлаштириш Дастури асосида ўтган йили 41 лойиҳа доирасида 144,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани алоҳида эътирофга молик.
Умуман олганда маҳаллийлаштириш Дастурини изчил амалиётга татбиқ этишда «Олмалиқ КМК» АЖнинг фаолияти ва тажрибаси ибратга лойиқ. Буни жорий йилда ушбу йўналишда белгиланган вазифа ва лойиҳалар кўлами ҳам тасдиқлайди.
Таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг шу йил 24 январдаги «Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2022 йилда «Олмалиқ КМК» АЖда 97 лойиҳа доирасида 208,7 млрд. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллийлаштириш Дастурида режалаштирилган 75 лойиҳа бўйича ҳажми 45 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда бу рақам 59,6 млрд. сўмга етди. Бошқача айтганда, ишлаб чиқариш ҳажми режага нисбатан 132,5 фоизга ошди. Жумладан, юқорида келтирганимиз – «Марказий таъмирлаш механика заводи»да 36,5 млрд. сўмлик, шунингдек, «Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси»да 9,6 млрд. сўмлик, «Рух заводи»да 13,5 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, маҳаллийлаштириш Дастурига мувофиқ 21 та янги турдаги лойихалар бўйича 25,2 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бошланди, жумладан, қаттиқ қотишмали маҳсулотлар – парма ва фрезалар, руда майдалаш тегирмони зирҳ қопламаси, юқори ҳароратга чидамли керамик маҳсулотлар, вольфрам ангидриди, янчиш ускунаси зирхлари, қуйма маҳсулотлар шулар жумласидандир.
Сергей ЛАРИОНОВ,
вақтинчалик бош ишлаб чиқариш муҳандиси ўринбосари