Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугун мамлакатимизда катта миқёсдаги ислоҳотлар, амалга оширилмоқда. Барча соҳалар каби тўқимачилик саноатида ҳам сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш, халқаро бозордаги рақобатбардошликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, тўқимачилик саноати мамлакатимиздаги экспорт салоҳияти юқори бўлган соҳалар ичида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Мамлакатимизнинг бу соҳадаги имкониятларини инобатга олиб, мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Шу нуқтаи назардан «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамкорликда халқаро стандартларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш борасида бир қанча чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутган.
«Ўзтўқимачиликсаноат» тизимида сифат инфратузилмасининг ҳолатини янада яхшилаш юзасидан «Ўзстандарт» агентлиги ва компания билан ҳамкорликда тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ жорий йилда ҳам ҳамкорликда қатор амалий чоралар кўрилиши режалаштирилган.
Тўқимачилик соҳасида юқори ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни синовдан ўтказиш усуллари бўйича халқаро стандартлар рўйхатини шакллантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2019 йил 12 февралдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлардаги тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзстандарт» агентлигининг Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди. «Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси ва «Ўзстандарт» агентлиги ўртасида 2019–2021 йилларда тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж саноатига халқаро стандартларни уйғунлаштириш бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда ишлаб чиқилган тармоқ жадвалига асосан тўқимачилик, тикувчилик-трикотаж саноати соҳаларидаги халқаро стандартлар асосида давлат стандартлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.
«Ўзстандарт» агентлиги қошидаги «Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармаси» маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ҳолда Стандартлар институти томонидан халқаро стандартлар асосида 36 та давлат стандартлари лойиҳаси ишлаб чиқилиб, рўйхатидан ўтказилди.
Маълумот учун: ҳозирда мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларига оид жами 1068 дона стандартлар мавжуд (ГОСТ, O‘zDSt, Тs) ва 2019 йил 1 январь ҳолатига 162 дона (15,2 %) стандартлар халқаро ISO стандартларига уйғунлаштирилган. Шунингдек, 2019-2022 йилларда яна 300 дона (43,3 %) ISO стандартларини уйғунлаштириш кўзда тутилган. Бу билан республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилиш орқали уларнинг бозорига кириб боришда кенг имкониятлар яратиш назарда тутилган.
Биргина «Ўзпахтасаноат» АЖ тармоғидаги 780 дан зиёд корхона томонидан ўтган даврда 1,9 млрд. доллар миқдорида халқаро стандартларга мос маҳсулот ишлаб чиқарилди. Тайёр маҳсулотларнинг улуши ўтган йилдаги 46,0 % дан йил якунида 51 % га етказилди. Жанубий Корея, Италия, Туркия ва Болгариядан машҳур «бренд»га эга хорижий дизайнерлар билан биргаликда 120 та янги турдаги, 229 ассортимент ва моделлардаги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Ташқи бозор стандартларига мос маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш, янги истеъмол бозорларни топиш ва буюртмалар портфелини шакллантириш мақсадида тармоқ корхоналари МДҲ, Европа Иттифоқи, Кавказ, Эрон, Туркия, Корея, Хитой ва Россия давлатларида ўтказиладиган Халқаро кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этиб, салоҳиятли бозорларда янги савдо уйлари ташкил этиш режалаштирилган.