Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Замонавий иқтисодиёт жорий, узоқ ва стратегик молиявий режалаштиришни объектив заруриятга айлантириб бораётган ўзига хос бир қатор шиддатлилик, глобаллашув, тезкорлик хусусиятларига эга. Бундай шароитда мустаҳкам позицияни ушлаб туриш ҳамда бозорда рақобатбардошликни мустаҳкамлаш учун ҳар бир хўжалик юритувчи субъект фаолиятида стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш ва юритиш давр тақозосига айланмоқда.
Стратегик бошқарув ҳисоби хўжалик юритувчи субъектлар учун уларнинг молиявий аҳволи ички ва ташқи омиллар таъсирида истиқболда қандай ўзгаришини, бозордаги рақобат даражасини баҳолаш, стратегик ўзгаришларни ҳисобга олиш имконини яратади.
Олиб борилган илмий тадқиқот натижасида аниқланишича, мамлакатимизда стратегик бошқарув ҳисоби ҳозир шаклланиш жараёнида. Бу демак, унинг нафақат амалий, балки кўплаб назарий ва услубий жиҳатлари ҳам ижобий ечимини кутмоқда. Чунки айни йўналишдаги муаммолар ечимига бағишланган тадқиқотлар ҳали жуда кам.
Умуман олганда, ривожланган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда стратегик бошқарув ҳисоби стратегик бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида ахборот таъминоти шаклланадиган бошқарув ҳисобининг бир йўналиши сифатида эътироф этилади. Стратегик бошқарув ҳисоби доирасида хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг барча йўналишлари батафсил таҳлил қилинади.
Бу субъектларда стратегик бошқарув ҳисобини ташкил қилиш ҳамда уни самарали юритишнинг назарий ва амалий жиҳатларини хорижлик йирик иқтисодчи олимлар М. Бромвич, К. Друри, Д. Иннз, Р. Купер, Р. Робинсон, К. Симмонс, К. Уордлар ўз илмий ишларида атрофлича ёритишган. МДҲ мамлакатлари олимларидан И. Богатая, В. Ивашкевич, В. Керимов, И. Кондратова, И. Мизиковский, О. Николаева, Ф. Палийлар ҳам ушбу муаммоларга бағишланган илмий изланишлар олиб боришган.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ўша илмий муҳит доирасида ҳатто стратегик бошқарув ҳисобининг терминологик моҳияти бўйича ҳам ягона ёндашув мавжуд эмас. Олимлардан баъзилари стратегик бошқарув ҳисоби моҳиятини стратегик режалаштириш асосида, айримлари бошқарув ҳисобининг бир қисми сифатида, бошқалари эса стратегик менежмент билан бир хилда талқин этадилар.
Стратегик бошқарув ҳисобининг энг муҳим маъносини тўғри изоҳлаш уни хўжалик юритувчи субъект доирасида оқилона ташкил этиш ва самарали юритиш имкониятини яратади деган мулоҳазаларни назарда тутган ҳамда олимларнинг бу масалага ёндошувларини чуқур ўрганиб, миллий иқтисодиётимиз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, улардан энг маъқулини танлашни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Хорижлик бир гуруҳ олимлар қарашларида стратегик бошқарув ҳисоби бошқарув функциясининг у ёки бу қирралари ажратиб кўрсатилганини кузатиш мумкин (1-жадвал).
Бошқарув функцияси таснифига кўра у хўжалик юритувчи субъектларни маълумотлар билан таъминлайдиган ҳамда бу оқим мазмунини белгилайдиган турларга бўлинади. Шунга мутаносиб равишда бошқарувнинг биринчи функцияси доирасига маълумотлар билан таъминлаш, таҳлил ва режалаштириш, иккинчи функцияси доирасига эса мувофиқлаштириш, рағбатлантириш ҳамда назорат қилиш киритилади.
1-жадвал маълумотларининг таҳлили М.Бромвич ва К.Симмонснинг бу борадаги қарашлари ўхшашлигини кўрсатади. Улар стратегик бошқарув ҳисобининг ички мазмунига берган таърифлар шу ҳисоб тури моҳиятини деярли тўлиқ ёритади. Сабаби, бу олимлар стратегик бошқарув ҳисобининг ахборот билан таъминлаш вазифасидан ташқари унинг таҳлил ва режалаштириш каби функцияларини ҳам алоҳида ажратиб кўрсатишган.
Д. Иннз ва Р. Каплан ҳам стратегик бошқарув ҳисобининг ахборот билан таъминлаш ҳамда режалаштириш функцияларини қайд қилишган, лекин унинг яна бир муҳим элементини – таҳлилни инобатга олишмаган. К. Друри ва К. Уорд эса бизнингча, стратегик бошқарув ҳисоби моҳиятини, унинг ўзига хос жиҳатларини алоҳида ажратиб кўрсатмай, умумий тарзда таърифлашган.
МДҲ мамлакатлари иқтисодчи олимларининг стратегик бошқарув ҳисоби моҳиятига тааллуқли ёндашувлари ҳам юқоридаги фикр-мулоҳазалар каби диққатга молик.