Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда демографик ўсиш суръати, янги турар-жойлар қурилиши, шаҳар ва қишлоқларимизда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектларининг кўпайиши энергетик ресурсларга бўлган талабнинг кескин ортишига олиб келмоқда. Хўш, аҳолида ва иқтисодий соҳаларда талабнинг бу тарзда жадал ўсиб боришига мамлакатимиз энергетика тармоғи дош бера олаяптими? Мазкур саволга уч-тўрт йил олдин бироз иккиланиб, қийналиб жавоб бериш мумкин эди. Бугун эса вазият ўзгача.
Нега? Наҳотки шу қисқа вақт ичида ёқилғи-энергетика тизимидаги муаммолар буткул барҳам топган бўлса? Қандай қилиб? Ахир чекка-чекка қишлоқлар у ёқда турсин, яқин йилларгача вилоят марказлари ва шаҳарларда ҳам электр энергияси, газ таъминотида одамларни ўйлантириб келаётган муаммолар талайгина эди-ку!
Хаёлингиздан ўтаётган бу саволлар ўринли, албатта. Лекин гап шундаки, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида, энг аввало, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиш, уларнинг кундалик эҳтиёжи – свет, газ, қиш-қировли кунларда иссиқлик таъминотини яхшилаш долзарб вазифалардан қилиб белгиланди. Айни йўналишдаги масалаларнинг, ҳар қанча мушкул бўлмасин, ижобий ечимларини топишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижа эса, юқорида ишора қилганимиздек, қувонарли. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони ҳамда худди шу санадаги «Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори соҳада янги даврни бошлаб берди.
Фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилиб, «Ўзнефтгазинспекция» Вазирлик тузилмасига ўтказилди. Бундай ўзгаришлар пировардида ёқилғи-энергетика комплекси соҳаларини уйғун ривожлантириш ва энергия манбаларини диверсификация қилишни мувофиқлаштириш, энергетика тармоғи ташкилотларининг ҳаддан ортиқ маъмурий тартибга солинишига чек қўйиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, беқарор молиявий аҳвол, ресурс ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш даражасининг пастлиги каби кўп йиллик муаммоларга узил-кесил нуқта қўйиши керак эди. Ва амалиётда шундай бўлаяпти ҳам. Буни нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва таҳлили яна бир карра исботлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июндаги қарори билан Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзнефтгазинспекция) Низоми тасдиқланди. Низомга мувофиқ «Ўзнефтгазинспекция»нинг асосий вазифалари аниқ кўрсатиб берилди. Нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада нефть, нефть маҳсулотлари ва газни истеъмол қилишни қисқартириш ва оқилона фойдаланиш тадбирлари устидан давлат назоратини амалга ошириш, нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчиларини энергетик текшириш ва экспертизадан ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш шулар жумласидандир. Хуллас, тегишлича «Ўзнефтгазинспекция»нинг функциялари янада кенгайди, шунга мос равишда масъулият ва жавобгарлик ҳам ортди.
Дарвоқе, юқорида келтирилганлардан ташқари Инспекция юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомалари бўйича (аҳоли бундан мустасно) пуллик асосда хизматлар кўрсатиши ҳам мумкин қилиб қўйилди. Хусусан, нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида корхоналарнинг ҳамда нефть, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларининг раҳбарлари ва ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишни ташкил этиш, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари лаборатория таҳлилларини ўтказиш имконияти юзага келди.
Президентимиз раислигида жорий йил 6 февралда ёқилғи-энергетика соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқ доирасида «Ўзнефтгазинспекция» Мажбурий ижро бюроси билан биргаликда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан ёки қоидани бузган ҳолда уланиш ҳолатлари учун жазо чораларини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш юзасидан тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритди. Бундан ташқари энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона, тежамкорлик билан фойдаланишни таъминлашнинг ҳуқуқий негизини такомиллаштириш мақсадида «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра таклиф этилаётган нормалар энергоресурслар харажатларини оптималлаштиришни, соҳада тизимли мониторингни юритишни, истеъмол қилинаётган энергия ресурслари ҳажмини камайтириш ва бюджетга тушумларни кўпайтиришни назарда тутади.
Умуман олганда, бугунги кунда ёқилғи-энергетика ресурслари сарфини оптималлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса, шубҳасиз, жамиятимизда истеъмол маданиятини кучайтиришни тақозо қилаётир. Чунки электр энергиясидан, газдан фойдаланишда исрофга йўл қўйиш ёки ноқонуний, ўғринча фойдаланиш ҳолатлари ҳамон учраб туриши сир эмас. Шу маънода Инспекция ходимлари тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда аҳоли кенг қатлами ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришга ҳам жиддий ёндашмоқда. Ҳозирга қадар республикамиз бўйлаб 12 мингдан зиёд тадбиркорлар иштирокида мавзуга оид 527 та семинар ўтказилди, 37 мингга яқин нусхада қўлланмалар тарқатилди.
Шунинг баробарида Ҳукуматимиз топшириқлари ва Инспекциянинг келишувлари асосида иқтисодиётнинг йирик тармоқлари бўлган таъминотчи ва истеъмолчи корхоналар ҳамда «Ўзкимёсаноат», «Иссиқлик электр станциялари», «Навоий КМК» акциядорлик жамиятларининг 217 тадан ортиқ объектида табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жами 74,2 млрд. сўмга тенг 12 минг 877 тонна нефть маҳсулотлари ҳамда 1 трлн 105 млрд сўмга тенг 1 млрд 538 млн. метр куб табиий газ нооқилона сарфланганини кўрсатди. Корхоналарда аниқланган 1 700 дан ортиқ техник камчиликларни бартараф этиш чоралари назоратга олинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мурожаатларига мувофиқ ўтказилган 200 дан ошиқ текширишларда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёқилғи ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига дуч келинди.
Таассуфки, газ таъминоти корхоналари томонидан аҳоли хонадонларига имтиёзли суюлтирилган газни етказиб беришда ҳам камомадга йўл қўйиш, асоссиз ҳисобдан чиқариш, истеъмолчилар ҳаққидан уриб қолиш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланди.
Табиий газдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар давомида жами 6 147 та ҳолат қайд этилди. Шундан ноқонуний равишда табиий газ олаётган 26 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шоҳобчаларида сарфланган табиий газ ҳажми 52,5 млн. метр куб (52,5 млрд. сўм)ни ташкил этган.