Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистонда дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибалари ва ўзига хос тарихий-маданий, миллий урф-одатлари, анъаналари, демографик, экологик вазиятдан, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда, соғлиқни сақлашнинг янги тизими ва уни бошқаришнинг янги усуллари ишлаб чиқилмоқда ва ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бугунги бозор муносабатларига ўтиш даврида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, давлат дастурини амалга ошириш тиббиётда бошқарувнинг янги, илмий асосланган менежмент ва маркетинг тамойилини қўллаш зарурлигини келтириб чиқарди. Бу, соғлиқни сақлаш, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини ривожланган мамлакатлар даражасига етказиш, тиббий ёрдам оммабоплигини, сифати ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича давр талабларига мос бўлган мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш усули ва шаклларини такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг биосоциал негизини чуқур тушуниб етувчи, хизмат кўрсатишни жаҳон андозаларига мувофиқ тарзда ташкил эта олувчи фаол ташкилотчилар ва врачларни тайёрлаш муҳимлигини белгилаб беради.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва бошқаришни амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқишда қуйидаги тадқиқот усулидан фойдаланиш талаб этилади. Улар қуйидагилардан иборат: яъни, статистик, тарихий, эксперт баҳолаш, иқтисодий тадқиқот, эксперимент, социологик усуллар:
Статистик усул аҳоли саломатлиги ҳамда ундаги ўзгаришларни, тиббиёт муассасалари фаолиятини ва унинг самарасини объектив баҳолаш имконини беради. Статистик усул кўпроқ математик статистикага таянган ҳолда тадқиқот натижасини ҳисоблайди ва таҳлил этади. Уларга нисбий қиймат, ўртача қиймат, стандартлаш усули, корреляцион таҳлил, дисперсион таҳлил каби баҳолаш мезонлари ва бошқалар киради.
Тарихий усул соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш тадқиқотларида аҳоли саломатлигини, соғлиқни сақлаш тизими динамикасини жамиятнинг тарихий тараққиёт даврларидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларнинг ўзгаришлари билан боғлаб ўрганиш усулидан кенг фойдаланилади.
Эксперт баҳолаш усули тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини баҳолашда белгиланган мезонлар ва тамойилларга асосланади. Бошқарувнинг бу шаклида экспертларнинг кузатувлари ва хулосалари ҳам муҳим роль ўйнайди.
Иқтисодий тадқиқот усулида соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлардан унумли ва самарали фойдаланиш, режалаштириш ва ишлаб чиқариш харажатлари, фойда ва зарар каби иқтисодий категориялардан фойдаланилади. Ушбу усуллар орқали бошқарувнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ўрни аниқланади ва аҳоли саломатлигига таъсири белгиланади.
Эксперимент усули тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги рационал шакллари ва усулларини излаб топиш, тиббий ёрдамнинг самарали моделларини яратиш, илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш, лойиҳа ва кашфиётлар натижаларини текшириш, тажриба сифатида янги тиббиёт муассасаларини яратиш ва улар фаолиятини ташкил этишни амалий таҳлил қилиш тизимидир.
Социологик тадқиқотлар ўтказиш усули тиббиёт ва соғлиқни сақлашни бошқаришда катта аҳамиятга эга. Ушбу усул махсус анкета сўрови, сўров-интервью ўтказиш орқали олиб борилади.
Демак, соғлиқни сақлашни бошқариш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш жараёнида юқорида келтирилган барча усуллардан кенг фойдаланилади. Улардан алоҳида якка ҳолда эмас, балки бир неча усулни қўллаган ҳолда фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Натижада тадқиқотлар чуқурлигига, кетма-кетлигига ва олинган натижалар аниқлигига тўла эришилади. Ушбу усуллар соғлиқни сақлашни режалаштириш, молиялаштириш, бошқариш, меҳнатни илмий жиҳатдан ташкил қилиш, моддий ва техник ресурслардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш соҳанинг айрим масалаларини ўрганиш ва ишлаб чиқишни талаб этади.
Бевосита тиббиёт соҳасида менежмент фан сифатида ўтган асрда АҚШда юзага келди, бироқ ҳозирги вақтгача умумий қабул қилинган ва аниқ таърифга эга эмас. Атаманинг моҳиятини белгиловчи бир неча таърифлар бор, холос. Америка бошқарув уюшмасининг президенти Экли менежмент – бу, буюмларни бошқариш эмас, балки одамларга таъсир кўрсатишдир, деган эди. Бу ходимларни бошқариш орқали керакли натижаларга эришиш санъатидир.
Бошқаришнинг асосий мақсади – жамиятнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш мақсадида ижтимоий муносабатларни ва ишлаб чиқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожлантиришдан иборат. Тиббиёт менежменти деганда, тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракати, интеллекти, меҳнатидан фойдаланган ҳолда олдинга қўйилган мақсадга эриша олиш қобилияти тушунилади.
Соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш жараёнига жалб этилган врачлар, ҳамширалар, доришунослар, бўлим бошлиқлари, соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари ва маъмурлари учун менежментнинг асосий концепциясини тушуниш, уни қўллаш услуби муҳим аҳамиятга эга. Шифохонага ётқизиш вақтини камайтириш, даволаш қийматини пасайтиришга йўналтирилган тадбирлар ва давлат ажратмаларининг камайиши тиббий хизматлар қийматида қарорлар акс этилишини тўла англаши лозим бўлган соғлиқни сақлашнинг барча бўғинлари ва ходимларнинг фаол иштирокини талаб этади. Бу билан даволаш муддатлари қисқариши туфайли шифохоналар бюджетларининг шартли равишда тежалиши аниқланади. Бу эса, бошқарув жараёнида стратегик режалаштиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Соғлиқни сақлашнинг муҳим иқтисодий йўналиши – бу, даволаш муассасаларига ажратиладиган воситалардан самарали фойдаланишни оширишдир. Маълумки, бўш қолаётган ўрин харажатлари банд ўринни таъминлаш қийматининг ¾ қисмини ташкил этади. 1 ўрин-кунлик харажатлари кўпайиш тенденциясига эга бўлгани учун ҳам ўрин фондидан фойдаланишни яхшилаш долзарб масаладир. Шифохоналар фаолиятига иқтисодий тавсиф беришда бир ўриннинг йил давомидаги режали кўрсаткичлари бажарилишини таҳлил этиш муҳим (ўрин-кунларнинг режали сони). Стационарнинг ўрин-кунлар бўйича режани (Ус) бажариш имкониятига эга бўлмаётганлиги билан боғлиқ иқтисодий йўқотишлар қуйидаги формула орқали ҳисобланиши мумкин:
Ус = (Б – ПМ) × 1 – Кф/Кn,
бу ерда: Б – шифохонанинг сметаси бўйича харажатлари, сўм; ПМ – овқатланиш ва дори-дармонларга бўлган харажатлар миқдори; Кn – режали ўрин-кунлар сони (ёки 1 ўриннинг режали ҳолати); Кф – амалдаги ўрин-кунлар сони (ёки 1 ўриннинг амалдаги ҳолати).
Тахминий соддалаштирилган ҳисоб-китоблар учун:
Ус = 0,75 × Б × 1– Кф/ Кn,
бу ерда: 0,75 – бўш қолган ўрин харажатларининг банд ўрин харажатларига нисбатини акс эттирувчи ўртача коэффициент.
Масалан (шартли), шифохона бюджети – 100 000 000 сўм, шу жумладан, овқатланиш ва дори-дармонга бўлган харажатлар – 25 000 000 сўм, йил давомида 1 ўриннинг режали фаолияти – 340 кун, амалда 1 ўрин 330 кун банд бўлган, яъни режани бажариш даражаси – 0,96.
Ус = (100 000 000 – 25 000 000) × (1 – 0,96) = 300 000 сўм
ёки
Ус = 100 000 000 × 0,75 × 0,04 = 3 000 000 сўм.
Беморларнинг ўринда бўлиши ўртача муддатларининг қисқариши туфайли битта беморни даволаш учун кетадиган харажатлар ҳам камаяди. Бир вақтнинг ўзида даволаш давомийлигининг қисқариши шифохоналарга ўша миқдордаги бюджет ажратмалари ҳисобига кўпроқ беморларга стационар ёрдамини кўрсатиш имконини беради. Ушбу вазиятда давлат воситаларидан янада самарали фойдаланилади. Бундай ҳолатни бюджет воситаларининг шартли равишда тежалиши, деб аталади. Шифохоналар бюджет воситаларининг шартли равишда тежалиши (Эс) қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
Эс = Б/ Кn × (б-р) × Ч,
бу ерда: Б – шифохонанинг сметаси бўйича харажатлари; Кn – режали ўрин-кунлар сони; б – базис (ўтган) даврда беморларни ўртача ўрнида бўлиш муддати; р – ҳисобот даврида беморлар ўртача ўрнида бўлиш муддати; Ч – ҳисобот даврида стационарда даволанган беморлар сони.
Бундай арифметик ҳисоб-китоблар соғлиқни сақлашни бошқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бошқариш ўз қўл остидаги ходимларнинг муваффақиятларга эришишига раҳбарлик қилиш экан, у аниқ мақсадни рўёбга чиқариш билан бевосита боғлиқ. Шундай қилиб, аниқ мақсадга эришиш йўлидаги муваффақият бошқарув натижаларидан бири ҳисобланади.
Соғлиқни сақлашда менежмент қуйидагиларни амалга ошириш учун зарур кўникмаларни яратади: ишлаб чиқариш жараёнини ўзгартириш; соғлиқни сақлаш аҳволини яхшилаш; натижа; таъсирни келтириб чиқариш.
Соғлиқни сақлашни бошқариш ўзига хос хусусиятларга эга, уларга қуйидагилар киради:
● қабул қилинаётган қарорларнинг жамиятда муҳим аҳамият касб этиши;
● уларни башорат қилишнинг қийинлиги, чунки улар дарҳол самара бермайди;
● нотўғри қабул қилинган қарорлар оқибатини тўғрилашнинг иложи йўқлиги, қийинлиги.
Бошқарув жараёни таркиби жиҳатидан ўзаро боғлиқ ва тўхтовсиз давом этадиган циклни ташкил этади ва у бир неча босқичлардан иборат.
Анъанавий менежмент қуйидаги босқичлардан ўтади:
● режалаштириш;
● ташкил этиш;
● мотивлаштириш (қизиқтириш);
● назорат, олинган натижаларни таҳлил қилиш, баҳолаш.
Режалаштириш жараёни – бошқариш мақсадларига эришиш воситаларини аниқлашдир.
Ташкил этиш жараёнига ишчи кучини жалб этиш, ишчиларни қабул қилиш, иш жойларига қўйиш, бошқарув бўғинининг касбий тайёргарлиги, қайта тайёрлаш, банд ходимларнинг меҳнат шароитларини такомиллаштириш.
Қизиқтириш – ташкилот мақсадини амалга оширишга хизмат қилувчи фаолиятда ходимлар ва гуруҳни рағбатлантириш. Ходимларни бошқариш жараёнини тартибга солишда улар мавқеини ошириш, жойини ўзгартириш ёки пасайтириш, уларни ишдан озод қилиш ва иш ҳақини тартибга солишдан иборат.
Назорат ходимлар билан ишлашни тартибга солиш, самарадорлигини муайян босқичларда баҳолаш учун қаратилади.
Ҳисобга олиш ходимларнинг меҳнат фаолиятини баҳолаш учун давлат ва ички тартиб ҳисоботини олиб боришдан иборат.
Ходимларни бошқаришда қуйидаги усуллар қўлланилади:
● маъмурий-ташкилий: бошқариш аппарати функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш (ходимларни танлаш ва жойига қўйиш, маъмурий тақсимлаш, ижрони назорат қилиш);
● иқтисодий самарадорликни оширишда банд ходимларнинг моддий манфаатдорлигини яратувчи ва бошқаришга жамоа ҳамда алоҳида ишчилар манфаатлари орқали таъсир этиш;
● ижтимоий-руҳий: жавобгарликни ҳис этиш бўйича тарбиялаш, қизиқтириш, ходимларни моддий рағбатлантириш, ишга қобилиятлиларда жамоавийлик руҳиятини шакллантириш.
Яқин вақтларгача «ходимларни бошқариш» тушунчасининг ўзи бошқарув амалиётимизда, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида қўлланилмас эди. Ҳар бир ташкилотнинг бошқарув тизимида ходимларни бошқариш ва жамоанинг ижтимоий ривожланиши билан шуғулланувчи бўлинма (ходимлар бўлими) мавжуд бўлса-да, ходимларни бошқариш бўйича ишларнинг асосий қисмини бўлинмалар раҳбарлари (масалан, бирламчи ва иккиламчи бўғинларда – бўлинма ва шифохона мудири) бажарар эди.
Ходимларсиз ташкилот бўлмайди ҳамда мутахассисларсиз ҳеч бир ташкилот ўз мақсадига эришиши ва фаолият кўрсатиши мумкин эмас. Бироқ, ташкилотга қандай ходимлар зарурлигини, умумий вазифаларни ҳал этишга қандай йўналтирилишини аниқлаш учун қуйидаги босқичларни ўз ичига олувчи бошқарув зарур.
Демак, бошқариш жараёни бошқариладиган объект ва субъект бўлишини кўзда тутади. Бу ҳар бир ташкилот бошқаришнинг иккита тизими: бошқариладиган ва бошқарилувчи бирлигини акс эттиради. Ҳар иккала ҳолатда ҳам бошқариладиган ҳамда бошқарувчи тизимлар ўртасидаги муносабатлар – бу, ходимларнинг ўзаро муносабатларидан иборат бўлади.
Бошқарувнинг самарадорлиги бошқарув субъекти ва объектининг ўзаро муносабатлари билан белгиланади. Соғлиқни сақлаш тизимида Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бошлаб, марказий туман шифохонасигача бўлган бошқарув органлари бошқарув субъекти ҳисобланади, объекти эса тиббий хизмат кўрсатувчи барча тиббиёт муассасалари ҳисобланади.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини режалаштириш ҳамда молиялаштириш, молиявий менежмент, тиббиётни бошқаришга раҳбарлик қилиш йўналишида чуқур таҳлилий изланишлар олиб бориш мақсадга мувофиқ. Бу жиҳат амалиётда нисбатан янги йўналиш бўлганлиги боис, халқаро тажрибадан ҳам самарали фойдаланиш зарур.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси тадқиқотчиси