Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Одамларни ўзини ўзи яккалаб, транспортдан воз кечишга мажбур қилган коронавирус пандемияси туфайли жаҳон иқтисодиёти учун бошланган оғир пайтларда дунёда нефтга бўлган талаб кескин пасайиб, унинг нархининг тушиб кетишига олиб келди. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистонда энергия истеъмоли 18 фоизга пасайган ва ёқилғига бўлган талаб ҳам камайиб кетган. Коронавирус инқирозидан олдин Ўзбекистон иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжлари фақат ўсиб борди ва қайта тикланмайдиган энергия манбаларидан, асосан ресурслари чекланган углеводородлардан фойдаланиш ҳисобига қопланди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Саидаббасович СУЛТОНОВ «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журнали Бош муҳаррири билан суҳбатда мамлакатимиз энергетика бозорининг инқироздан кейинги истиқболлари, углеводородлар ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг келажаги ҳақида сўзлаб берди.
– Алишер Саидаббасович нефть нархининг пасайиши муносабати билан сиздан сўрамоқчи бўлган биринчи саволим. Сизнингча, қора олтиннинг келажаги қандай бўлади, кўп марта бўлганидек, навбатдаги пасайиш кузатиладими ёки углеводородлар тугаш арафасидами?
– Яхши савол ва унга жуда узоқ вақт жавоб бериш мумкин. Углеводородларнинг ўрнини босиш ва бу қанчалик тез содир бўлиши мумкинлиги ҳақида бир нечта нуқтаи назарлар мавжуд. Баҳс-мунозаралар бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келаяпти ва бундан чамаси ўттиз йил аввал кейинги авлод нефт ва газсиз қолиши айтилган эди. Кўриб турганингиздек, бу содир бўлмади ва менимчи, агар шундай бўлган тақдирда ҳам, у тез орада содир бўлмайди. Лекин экспертларнинг ҳисоб-китобларга кўра яқин 30 йил ичида қайта тикланувчи энергия манбалари дунё энергетикасининг энг тез ривожланадиган сегментига айланади. Бироқ углеводородлар даврининг тугаши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Менимча, зарур энергиянинг ярмидан кўпи яна 20-30 йил мобайнида ҳамон ёқилғининг қазиб олинадиган турлари ҳисобидан танлаб олинади.
Бундан ташқари углеводороднинг нархи ўзгариб туради. Шу маънода қайта тикланувчи энергияга сармоя киритиш янада барқарор вариантдек туюлади, аммо бу ерда ҳам ўзига яраша мураккабликлар мавжуд. Ахир шамол парклари ёки қуёш парклари истеъмолчига яқин бўлиши керак, бунинг ҳар доим ҳам иложи бўлмайди ёки қўшимча ва жуда катта харажатлар билан боғлиқ. Ўзингиз тушунасиз, энергияни ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас, уни яна истеъмолчига етказиб бериш ҳам зарур.
Қисқа килиб айтганда, менимча, углеводородларнинг, айниқса, мамлакатимиз бой бўлган табиий газнинг ҳали келажаги бор ва биз уни эҳтиёт қилишга ва оқилона сарфлашга интилаяпмиз. Шуниси қизиқки, қора олтин – нефтнинг нархи пасайганда, жаҳон иқтисодиётининг ўсиши хам сусаяди, сариқ олтиннинг нархи эса кўтарилади. Ўзбекистон бундай олтиннинг ҳам яхши захираларига ега бўлиб, бу нефть нархи тушиб кетишининг баъзи салбий оқибатларини юмшатишда муҳим аҳамиятга эга.
– Энергетика вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ўтган йили ташкил этилган бўлиб, у ягона энергетика сиёсатини амалга оширади. Ушбу қарор мамлакат ёқилғи-энергетика тармоғининг ривожланишига қандай ҳисса қўшмоқда, янги бошқарув ёндашувининг эскисидан фарқи нимада?
– Ўзингиз таъкидлаганингиздек, ҳозирги шаклдаги Энергетика вазирлиги ўтган йили ташкил этилди. Ўша вақтда бу ҳақида матбуотда ҳам, турли учрашув ва йиғилишларда ҳам кўп гапирилди. Мен уларни такрорлашни истамасдим, лекин қисқача айтадиган бўлсам, аввалги тузилмаларнинг унчалик мослашувчан эмаслиги ва самарасизлиги ўзгаришнинг асосий сабаби бўлди. Уларнинг айримлари ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантиришга нисбатан мувофиқлаштирилган ёндашув, инновацион бошқарув тамойилларини жорий этиш, мамлакатимизда соғлом рақобат ва жозибадор инвестиция муҳитини яратиш каби ҳозирги вазифаларга мос келмади.
Ҳозирги вақтда Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг бутун ёқилғи-энергетика комплекси ривожланишини мувофиқлаштиради. Энергетика вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар электр ва иссиқлик энергияси, кўмирни ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек, нефть, газ ва уларни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш жараёнларининг давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширади. Ёқилғи-энергетика комплекси соҳасидаги мазкур туб ўзгаришлар бутун базавий тузилманинг тубдан ислоҳ қилинишини талаб қилди. Шундай қилиб, 2019 йилнинг бошида «Ўзбекэнерго» АЖни тубдан реструктуризация қилиш амалга оширилди, унинг негизида учта акциядорлик жамияти ташкил этилди: «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари». Ушбу қайта ташкил этишдан кўзланган мақсад электр энергиясини ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтишдан иборат.
2019 йилнинг ўрталарида нефт-газ саноатини ислоҳ қилиш жараёни бошланди, натижада ўтган йилнинг охирида ислоҳотларнинг биринчи босқичи ниҳоясига етказилди. «Ўзбекнефтгаз» АКнинг янги ташкилий тузилмаси шакллантирилди, унга «Ўзбурғунефтгаз», «Ўзнефтгазқазибчиқариш», Ўзнефтгазмаш» акциядорлик жамиятлари қўшилди. «Ўзбекнефтгаз» АК бошқарув тизимидаги ортиқча оралиқ бўғинлар қисқартирилди. Нефт ва газ қазиб олиш ва газни қайта ишлаш ташкилотлари ҳам «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг таркибий бўлинмаларига (бошқарма, заводга) айлантирилди.
«Ўзтрансгаз» АЖ «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидан чиқарилиб, газ қазиб чиқарувчи ташкилотлардан табиий газни келгусида ташиш, шу жумладан ,экспорт ва импорт қилиш ҳамда магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга сотиш учун сотиб олиш бўйича ягона оператор этиб белгиланди. «Ўзтрансгаз» АЖ газ таъминотининг ҳудудий филиаллари негизида газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва аҳолига ҳамда ижтимоий соҳа объектларига табиий ва суюлтирилган газни етказиб бериш бўйича «Худудгазтаъминот» АЖ ташкил этилди.