(O´zbek) Kooperatsion aloqalar mustahkamlanmoqda

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида хусусий мулкчиликнинг турли шаклла­ри ривожланиб, ишбилармон ва тадбиркорлар учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Модернизация ва диверсификация, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун берилаётган имти­ёз ва преференциялар натижасида саноат маҳсулотла­ри ишлаб чиқариш ҳажмлари йил сайин ўсмоқда. Буни юртимизда маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган сифатли, арзон ҳамда рақобатбардош маҳ­сулотлар мисолида кўриш мумкин.
     Аниқ мақсадга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар нафақат саноатнинг жадал ўсишини, балки унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушининг ортиб бориши ҳамда ички бозорнинг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминланишида муҳим омил бўлмоқда. Натижада, жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сафи йил сайин кенгаймоқда. Ваҳоланки, мана шундай иқтисодий жиҳат­дан юксак ўсиш кўрсаткичларига эришилаётгани ҳамда савдо-иқтисодий муносабатларнинг жадал суръатларда ўсиб бораётгани Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб, нуфузи ошаётгани­дан далолат беради. Асосийси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувват­лашга алоҳида эътибор берилаётганлиги, қулай ва жозибадор сармоявий муҳит яратилганлиги энг тараққий эт­ган мамлакатлар ишбилармонларини ҳам юртимиз тад­биркорлари билан фаол ҳамкорлик қилишга ундамоқ­да. Шунинг учун ҳам, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектлари тайёрлаётган маҳсулотлар рақобатбардош­лигини янада ошириш, жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бў­лиши­ни таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
     Бу жараёнда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ўзига хос ўрни бор. Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тар­моқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Рес­публика саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ташкил этилиб, тез орада халқаро мақомга эга бўлди. Сабаби, у орқали чет эл сармоялари жалб қилиниб, қўш­ма корхоналар ва фирмалар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу тадбир корхоналар ўртасида ўзаро кооперацион алоқаларни ўрнатишда, уларнинг буюртмалар портфелини шакллантиришда муҳим роль ўйнамоқда. Шу йўл билан янги турдаги, жумладан, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқа­рилиши қўллаб-қувватланмоқда. Ишлаб чиқаришга ил­ғор технологияларнинг жорий этилиши туфайли маҳал­лий хомашёни комплекс ва чуқур қайта ишлаш таъминланди, мамлакатимиз саноати томонидан енгил ва юк ав­томобиллари, йўловчи автобуслари, полиэтилен, по­ли­пропилен, суюлтирилган газ, кальцийлаштирилган сода, турли хилдаги электр техника ва кабель-ўтказгич маҳ­сулотлари, машинасозлик учун эҳтиёт қисмлар ва бут­ловчи буюмлар каби жаҳон бозорида рақобатбардош, импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳ­сулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
     Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган саноат ярмаркаси истеъмолчиларни республикамизда ишлаб чи­қарилаётган маҳсулот турлари тўғрисида кенг хабардор қилиш, ҳамкорларни излаб топиш ҳамда ўзи ишлаб чи­қарган маҳсулотни етказиб бериш тўғрисида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида хўжалик шартномалари тузишда, шунингдек, келгуси йил учун буюртмалар порт­фелини шакллантиришда жуда муҳим ўрин тутмоқда. Ай­ниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулот­ларни экспорт қилиш учун янги имкониятларни очиш, иш­лаб чиқарилаётган маҳсулот турларини тизимли таҳ­лил қилиш, уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлик да­ражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар ба­засини шакллантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот­ларнинг жаҳон бозори талабларига мос келишини таъминлашга оид таклифлар ишлаб чиқилишида саноат кооперация­ларининг аҳамияти юқори десак, муболаға бўлмайди. Негаки, мазкур тадбир саноатчиларнинг йирик анжума­ни сифатида рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар иш­лаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ич­ки тармоқ ва тармоқлараро алоқаларни мустаҳкам­лашда муқобили йўқ тадбир. Муҳими, мазкур тад­бирга нафақат юртимиз тадбиркорлари, балки хорижлик ишбилармон доиралар, йирик халқаро сармоядорларнинг ҳам қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда.
     Ўн йилдан буён ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ўзининг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини исботлади. Шу вақт ичида бизнес-форум иштирокчиларининг сони етти марта, ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперацияси асосида маҳсулот етказиб бериш учун тузилаётган шартномалар ҳажми 11 марта ошди, ҳозирда ярмаркада тақдим этилаётган экспонатлар сони 20 мингдан зиёдни ташкил қилмоқда.
     Ҳар йили ярмаркага 100 минг нафардан ортиқ турли соҳа мутахассислари, шу жумладан, республикамиз етакчи корхоналарининг илмий, муҳандис-техник ходим­лари ташриф буюришади. Тадбирнинг халқаро нуфузи ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2015 йилда са­ноат форумига жаҳоннинг 55 мамлакатидан, шу жумладан, Германия, Буюк Британия, Чехия, Канада, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Япония, Туркия, БАА, МДҲга аъзо ва бошқа мамлакатлардан 1300 нафар хорижий фирма ва компаниялар вакиллари ташриф буюрди. Ярмарка давомида 8,3 млрд доллардан ортиқ қийматдаги экспорт шартномалари тузилди, бу республикамиз бутун экспорт ҳажмининг қарийб ярмини ташкил қилади. Ишлаб чиқа­риш соҳасида кооперация алоқаларини кен­гайтирган ҳолда республикамиз корхоналари маҳсулот­нинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирмоқ­да. Биргина ўтган йил якунларига кўра, 200 дан ортиқ янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа­лар таклиф этилган бўлиб, улар жорий йилда маҳаллий­лаштириш дастури асосида амалга оширилмоқда.
     Анъанага кўра, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси икки босқичда ўтказилади: биринчи босқичда ҳудудий ва тармоқ кўргазма ва ярмаркалари бўлиб ўтади, иккинчи босқичда эса энг юқори поғонаси ҳисобланган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ташкил этилади. Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясининг кенгайиши ишлаб чиқариш самарадорлигини, меҳнат унумдорлигини, маҳсулот сифатини янада ошириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим омил бўлмоқда. Зеро, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши маҳсулот етказиб бериш, ишлаб чиқариш учун хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар харид қи­лишда корхоналарнинг ўзаро самарали ҳамкорлик қили­ши учун зарур инфратузилмани талаб қилади.
     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март-июнь ойларида мамлакатимизнинг барча минтақаларида 17 та ярмарка, шу жумладан, 13 та ҳудудий ва тўртта тармоқ ярмаркаси ўтказилди.
     Ярмаркаларда республикамизнинг барча минтақа­ларидан беш мингдан зиёд саноат корхонаси иштирок этди. Тадбирлар жараёнида 2016 йил учун қўшимча равишда 1 трлн сўмдан ортиқ қийматдаги, шу жумладан, ян­ги турдаги юқори сифатли маҳсулотлар: тоғ-шахта жи­ҳозлари, боғдорчилик учун мини-тракторлар, компрессорлар, GM туркумига мансуб автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, тегирмон асбоб-ускуналари, электр энергияси генераторлари, ЕВРО стандартлари даражасидаги мойлаш материаллари, керамика учун елим, травертин, санитария керамикаси, тиббий асбоблар, вакцина, фармацевтика препаратлари ва бошқа товарлар етказиб бериш учун шарт­номалар тузилди.
     Бунда, тармоқ корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган техник хусусиятлари ва сифати хорижда ишлаб чиқарил­ган турдошларидан асло қолишмайдиган маҳсулотлар нафақат саноат корхоналарида, балки халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
     2016 йил ноябрь ойининг бошида пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да навбатдаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтди. Ярмаркада уч мингдан зиёд корхона (2,2 мингтаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари) иштирок этди ва улар томонидан саноатнинг базавий тармоқларида мавжуд бўлган катта салоҳият ва имкониятлар намойиш этил­ди. Саноат мажмуининг етакчи корхоналари томонидан ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари, жумладан: геология-разведка, минерал-хомашё ресурсларини қа­зиб олиш ва қайта ишлаш, автомобилсозлик, қишлоқ хў­жалик машинасозлиги, электр техника, кимё, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш, полиг­рафия, транспорт ва бошқа соҳалар учун мўлжалланган маҳсулотлар кўргазмага қўйилди. Шунингдек, илм-фанга асосланган технологиялар ҳам кенг намойиш этилди.
     Корхоналар ва ташкилотлар стендларида ҳозирги вақтда импорт қилинаётган ёки анъанавий тарзда рес­публикамизда ишлаб чиқарилаётган товарлар ҳамда ма­ҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарила­ётган ёки уларни ишлаб чиқаришни маҳаллий хом­ашё ресурсларидан фойдаланиш, технологияни модерни­зация қилиш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида ўзлаштириш нуқтаи назаридан истиқ­болли бўлган маҳсулотлар кўргазмага қўйилди.
     Намойиш этилган маҳсулот ассортименти сезиларли даражада кенгайди – 2015 йил билан солиштирил­ганда 10 фоизга ошди. Шунингдек, маҳаллийлаштирилган мингдан ортиқ янги турдаги маҳсулот тақдим этилди.
     Ярмарка иштирокчиларининг ихтиёрига ҳар қачон­гидек, кенг майдон ва «Ўзэкспомарказ» АЖ миллий кўргазма компаниясининг бутун инфратузилмаси тақдим этилди. X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси иштирокчилари ва унга ташриф буюрувчилар тармоқлар ҳамда корхоналар тақдимотлари, уларнинг техник ва технологик имкониятлари билан танишиш, ишлаб чиқариш соҳасидаги ютуқлар ва тажриба билан алмашиш имкониятига эга бўлишди. Кўргазма давомида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, минтақалар, ало­ҳида корхоналарнинг 52 та турли тақдимоти ўтказилди. Бунда улар ўз салоҳиятини ва истиқболли лойиҳа­ларини намойиш этишди.
     Минтақавий ярмаркаларда саноат тармоқлари эҳти­ёжларига баҳо берган ҳолда корхоналар ривожланиш истиқболларини олдиндан белгилаб олишга, ишлаб чи­қаришни режалаштиришга ва келгуси йил учун буюртма­лар портфелини шакллантиришга муваффақ бўлишди.
     Таъкидлаш лозимки, ХСЯКБ доирасида асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, қайта ишланган хомашё ва мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарила­ётган материалларни харид қилиш қўшимча тендерлар ўтказилмаган ҳолда тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида амалга оширилади. Бунда ушбу шартномалар шу ернинг ўзида рўйхатга олиниб, давлат реес­трига киритилади.
 
Мақоланинг давоми

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.