Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да агросаноат комплекси учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларнинг «Uzbekistan Agrotech Expo – 2017» XII халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-савдоси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналарининг «Uzbekistan Agromash Expo – 2017» VI халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазмаларда Хитой, Жанубий Корея, Франция, Италия, Германия, Бельгия, Голландия, Беларусь, Россия каби ўн бешдан зиёд давлатдан элликдан ортиқ компания иштирок этмоқда. Маҳсулот ва хизматлар тури кенг бўлиб, ихчам линиялар, қадоқлаш технологиялари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик ускуналари, чорва учун ем тайёрлаш жиҳозлари, ўсимликлар ҳимояси учун кимёвий моддалар, терини қайта ишлаш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш каби юзга яқин йўналишни қамраб олган. Ўзбекистоннинг етмишдан зиёд компанияси ўз стендларида қишлоқ хўжалиги учун минитехнологиялар ва ускуналарни ишлаб чиқариш борасида мамлакатимиз салоҳиятини кенг намойиш этмоқда. Жумладан, мева-сабзавот ва кўкатларни қуритиш камералари, паррандачилик инкубаторлари, қадоқлаш-ўраш жиҳозлари, чизель-культиватор, энг чекка ҳудудлардаги объектларни ҳам электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун мўлжалланган қуёш фотоэлектр ва шамол электр станциялари хорижлик меҳмонлар эътиборини жалб этмоқда.