Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
2021 йилнинг 28 июнидан 11 июлигача Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш инженерлари институтида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг вилоят бўлинмалари мутахассислари учун «Гидротехника иншоотлари давлат кадастрини ва Давлат сув кадастрини юритишда геоахборот технологияларининг қўлланиши» мавзусида ўқув курслари ўтказилмоқда. Машғулотлар БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Сув хўжалиги соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашдаги катта тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, ўқув курси институтнинг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.
“Зарур бўлган хариталарнинг анъанавий усуллар ёрдамида тайёрлаш катта меҳнат ва молиявий харажатлар талаб қилиши сабабли ГАТ технологияларидан фойдаланиш сув ресурслари ҳисобини юритиш ва баҳолаш жараёнларини анча осонлаштиради. ГАТ технологияларининг рақамли ёки қоғоз хариталарида сув объектларини уларнинг гидрографик хусусиятлари, гидрологик постлари ва ўлчов маълумотлари билан бирга тезкор тақдим этиш имконияти содир бўлаётган жараёнларнинг батафсил манзарасини олиш учун кузатишлар давомида олинган материалларнинг автоматлаштирилган тезкор комплекс таҳлилини амалга ошириш имконини беради”, — дея таъкидлайди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Машғулотлар маълумотлар базаси ва тематик қатламларни яратиш, топологик хатоларни қидириш ва уларни тўғрилаш, гидротехника ва сув кадастри объектларини харитага тушириш, масофадан зондлаш маълумотларидан фойдаланиш каби кўплаб мавзуларга бағишланган.
“ГАТ технологиялари сув хўжалиги соҳасида ҳам тезкор ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва сув ресурсларини баҳолаш ҳам сув объектларининг гидрологик режимини ўрганиш мақсадларида тобора кенг қўлланилмоқда. Ўқув курси вазирлик тизимидаги гидротехника иншоотлари давлат кадастри ва давлат сув кадастрини юритиш бўйича масъул мутахассислар фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг ГАТ технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда”, — деб таъкидлади сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент Давлат Аграр Университетида ФАО томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси доирасида янги ГАТ-лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. ГАТ-лаборатория энг замонавий компьютерлар, сервер, ахборот-маркази, плоттер ва GPS ускуналари билан жиҳозланган. Мазкур лаборатория ердан фойдаланишдаги ўзгаришлар мониторингини олиб бориш, Ўзбекистонда ер деградациясининг ўсиб боришини хариталаш воситаларидан фойдаланиш, ер, ўрмон, сув ресурслари ва иқлим ўзгариши жараёнларини хариталаш соҳасида юқори малакали кадрлар ва мутахассислар тайёрлашга ёрдам беради.