Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мазкур мақола uzlidep.uz сайтидан олинган ҳолда тўлиқлигича тақдим қилинмоқда
Мулкий муносабатлар кишилик жамиятида доимо катта аҳамиятга эга бўлиб келган. Лекин собиқ тузум даврида хусусий мулк ҳуқуқи хусусида сўз очишнинг ўзи ўринсиз эди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейингина мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш учун зарур шароит яратилди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ Юртбошимиз ташаббуси билан хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиб, мазкур йўналиш мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг таянч нуқталаридан бири сифатида белгиланди. Давлат тасарруфидаги мулкни хусусийлаштириш жараёнининг бошланиши айни шу даврга тўғри келди ва ҳозир ҳам изчил давом эттирилмоқда. Янгидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектлар эса асосан хусусий мулк мақомида шакллантирилаётгани барчамизга яхши маълум. Зеро, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик фаолиятининг амалиёти хусусий мулкнинг давлат мулкига нисбатан ҳар томонлама устунлигини кўрсатмоқда.
Президентимиз мамлакатни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган ҳукумат мажлисидаги маърузасида ана шу жиҳатга яна бир бор ҳаммамизнинг эътиборимизни қаратгани бежиз эмас. Дарҳақиқат, хусусий секторда маблағлардан самарали фойдаланилмоқда. Бу соҳада юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишни таъминлашга бўлган қизиқиш ва интилиш анча кучли бўлиб, ишлаб чиқариш туфайли имкон қадар кўп даромад олиш каби пировард молиявий натижалар ҳам сезиларли равишда юқоридир.
Хусусий мулк эгаси ўз фаолиятини асосан кичик бизнес ва тадбиркорлик шаклида намоён қилади. Аммо бу соҳани ривожлантиришнинг иқтисодий, молиявий, меъёрий-ҳуқуқий ва ташкилий механизмларини ишга тушириш ўз-ўзидан бўлмайди. Демак, бундай тизимнинг бир маромда ишлашини таъминламай туриб бозор муносабатларига асосланган эркин иқтисодиётни жадал тараққий эттириб бўлмайди. Шу боис O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида хусусий секторни янада ривожлантириш масаласига мамлакат келажагини белгилайдиган соҳа сифатида эътибор қаратилган. Партиямиз электорат манфаатлари нафақат қонунчиликда акс эттирилиши, балки амалда ўз тасдиғини топиши керак, деган ғояни илгари суради. Чунки мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратилади, истеъмол бозори товар ва маҳсулотлар билан тўлдирилади.
Биргина мисол: Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2015 йилнинг январь-июнь ойларида хусусий корхоналар ва микрофирмаларни қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар эвазига 107 мингга яқин, якка тадбиркорликни ривожлантириш орқали 50 минг, уй меҳнатининг барча шаклларини ташкил этиш туфайли 120 минг, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини кенгайтириш натижасида эса 77 мингга яқин киши доимий иш билан таъминланган. Зотан, хусусий мулк шахснинг нафақат моддий, балки маънавий эркинлиги манбаи ҳамдир.
Мустақиллик йилларида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ғов-тўсиқларга барҳам беришга қаратилган ўнлаб қонунлар баробарида кўплаб фармон ҳамда қарорлар ҳам қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мулкий муносабатлар, унга эгалик қилиш, иш ўринлари яратиш, лицензиялар олиш, тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар ҳамда преференцияларни қўллаш кафолатларига доир қонунчилик нормаларини такомиллаштиришга хизмат қилди.
Фуқароларнинг мулкка эгалик ҳуқуқлари мустаҳкамланиши борасида қонунчиликка киритилган қўшимча ва ўзгартишлар эса мулкдорларнинг янгиликка интилишига янада катта ишонч бағишлади. Бинобарин, Фуқаролик кодексининг 207-моддасида «Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун хужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди» деб қатъий белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, «Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ҳам бир қатор ўзгартишлар киритилди. Масалан, мазкур қонуннинг 6-моддаси «Якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллашни амалга оширишга ҳақлидир» деган норма билан тўлдирилди. Ваҳоланки, қонуннинг аввалги таҳририда «ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз фаолият» деган норма бор эди.
Қисқа қилиб айтганда, хусусий мулкка тўғри муносабатни шакллантириш ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини тараққий эттириш билан боғлиқ яхлит жараён аввало унинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда яққол намоён бўлмоқда. Бу борадаги долзарб вазифаларни бажаришда эса мулкдорлар синфини ўз электорати деб билган O’zLiDePнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари фаол иштирок этишаяпти.