Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби белгиланган. Кодексга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олишни ва техноген минерал ҳосилалардан фойдали қазилмаларни ажратиб олишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилари, деб эътироф этилади.
Қонунчиликдаги шартларга риоя этган ҳолда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширишга тааллуқли қисм бўйича солиқ тўловчилар бўлмайди, яъни шу қисмга кирувчилар солиқ тўловчи бўлиб ҳисобланмайди.
2021 йил 6 октябрдаги «Геология-қидирув ишларини янада рағбатлантириш ва ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6319-сонли фармони ва Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар ер қаъридан фойдаланувчи компанияларга солиқ солиш қоидаларини сезиларли ўзгаришига сабаб бўлди. Фармонда чет эл инвестицияларини кенг жалб қилган ҳолда фойдали қазилма конларини саноат усулида ўзлаштириш, замонавий усуллар ва технологиялар ёрдамида геология-қидирув ишларини рағбатлантириш ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш назарда тутилган.
Илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг камайтирилиши ишлаб чиқариш корхоналарининг ривожланишида улкан аҳамият касб этади.
Ушбу фармон ва Солиқ кодексига киритилган янги ўзгаришлар энг кўп инвестициялар талаб қиладиган фойдали қазилмалар турлари бўйича ставкаларни сезиларли даражада камайтирди. Масалан, газ бўйича солиқ ставкалари 30 фоиздан 10 фоизга, нефть – 20 фоиздан 10 фоизга, олтин ва мис – 30 фоизга, уран бўйича – 20 фоизга камайтирилди. Бу ер қаъридан фойдаланувчининг оширилган чиқимларни талаб қиладиган фойдали қазилмаларни қазиб олиш имкониятига эга бўлиши учун амалга оширилди. Юқори солиқ ставкаларида ер қаъридан фойдаланувчи ўз харажатларини оқлаш учун табиий ресурсларни фақат таркибида юқори даражада фойдали қазилмалар бўлганда ишлатишга ҳаракат қилади. Ставкаларнинг камайтирилиши самараси камроқ бўлган конларнинг рентабеллигини оширади. Шунингдек, ушбу ставкалар бошқа мамлакатларда белгиланган ставкалар билан рақобатлашиш имконини беради.
Жумладан, ер қаъридан фойдаланганлик учун қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш) солиқ ставкалари Россияда 6 фоизни, Бразилияда 1,5, Мексикада 7,5, Аргентинада 8, Қозоғистонда 5 ва Танзанияда 7 фоиз бўлса, Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари қимматбаҳо металлар учун 7 фоиз белгиланди («Навоий КМК» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ учун ер қаъридан фойдаланганлик учун ставкалари алоҳида қилиб белгиланган).
Солиқ кодексининг 451-моддасига асосан қазиб олинган табиий газ ёки нефтни қайта ишлайдиган солиқ тўловчилар учун «netback» механизми жорий этилган. Халқаро амалиётда «Netback» механизми кенг қўлланилади, у нархнинг етказиб бериш занжирининг аниқ нуқтасида ташиш ва қайта ишлаш чиқимларини айирган ҳолда маҳсулотнинг якуний қийматидан «тескари ҳисоблаш» асосида аниқланишидан иборат. Унга кўра кўрсатилган солиқ тўловчилар қазиб олинган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бирламчи қайта ишлаш ва ташиш харажатларини ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган базадан чегириб қолиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга чегириб ташланадиган харажатларнинг асослилигини назорат қилиш учун ваколатли орган назарда тутилмаган. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган базани белгилаш учун «netback» механизми бўйича чегириб ташланадиган харажатлар миқдори углеводородларни ва қимматбаҳо металларни сотиш суммасининг 3 фоизидан ошмаслигини белгилаш лозим. Таклиф этилаётган тартибни қабул қилиш табиий ресурслардан ва ер ости бойликларидан оқилона фойдаланишни таъминлайди, шунингдек, ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан солиққа тортиш мақсадида харажатларни асоссиз ошириб юбориш ҳолатларининг олдини олади. Газ конденсатига «netback» механизми ҳуқуқининг кенгайиши бир-бирини тўлдирувчи минераллар бўлган газ ва газ конденсатининг технологик параметрларининг ўхшашлиги туфайли юзага келади. Халқаро амалиёт газ ва газ конденсатига солиқ солишнинг ягона механизмини назарда тутади.
Солиқ кодексига кўра қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металларни, шунингдек, нодир ер элементларини қазиб олишда солиқ базаси ушбу фойдали қазилмаларни реализация қилишнинг ўртача олинган нархидан келиб чиқиб, уларга ишлов бериш (уларни бойитиш), уларни қайта ишлаш ва (ёки) транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланган ҳолда аниқланади.
Фойдали қазилмаларнинг айрим турларига нисбатан солиқ базасини аниқлашнинг ўз хусусиятлари мавжуд. Масалан, олтин, кумуш, платина, палладий, мис, рух, қўрғошин ва молибден бўйича солиқ базаси руда, концентрат ва қайта ишлашнинг якуний маҳсулоти таркибидаги ҳар бир металлга нисбатан аниқланади.
Солиқ кодексида «Металларнинг айрим турларини қазиб олиш чоғида солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари» белгиланган бўлиб, бунда олтин ва мисни реализация қилиш чоғида – қазиб олинган металлнинг қиймати, ушбу қиймат руда, концентрат ва қайта ишлашнинг якуний маҳсулоти таркибида мавжуд бўлган металл ҳажмига нисбатан қўлланиладиган солиқ даври учун ўртача арифметик биржа баҳоси ва ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ўртасида олинган юқорироқ нарх бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, унга ишлов бериш, уни қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланмайди. Бунда солиқ тўловчи олтин ва мис бўйича солиқ базасини ушбу харажатларни чегириб ташлаган ҳолда белгилашга ҳақли, деб кўрсатилган.
Амалда ушбу солиқни бундай тартибда ҳисоблаш механизми солиқ тўловчиларга ноқулайликлар яратиш билан бир вақтда йил давомида ҳар хил тартибда солиқни ҳисоблашни тақозо этади. Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботида олтин миқдори ўлчов бирлиги килограммда, кумуш тоннада, палладий килограммда, техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олинган фойдали қазилмалар миқдори ўлчов бирлиги тоннада юритилиши белгиланган.
Солиқ кодексининг 451-1 моддасига қуйидаги мазмунда ўзгартириш киритиш таклиф этамиз: «олтин ва мисни реализация қилиш чоғида – қазиб олинган (ажратиб олинган) металлнинг қиймати, ушбу қиймат руда, концентрат ва қайта ишлашнинг якуний маҳсулоти таркибида мавжуд бўлган металл ҳажмига нисбатан қўлланиладиган солиқ (ҳисобот) даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, унга ишлов бериш, уни қайта ишлаш ва транспортда ташиш харажатлари чегириб ташланмайди. Бунда солиқ тўловчи олтин ва мис бўйича солиқ базасини ушбу харажатларни чегириб ташлаган ҳолда белгилашга ҳақли».
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ўртача олинган реализация қилиш баҳоси бўйича ҳисоб-китоб қилиш механизми солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш билан бир вақтда, ҳисоботларни юритишда ноаниқликлар ва хато-камчиликларга йўл қўйилишини ва натижада солиқ тўловчиларга нисбатан молиявий (маъмурий) жарималар қўлланилишининг олди олинади.
Шунингдек, солиқ ҳисоботларида фойдали қазилмалар (олтин, кумуш, палладий) миқдорининг бир хил ўлчов бирлиги (грамм)да юритилиши барча ҳисоботлар (бухгалтерия, молиявий, статистик ҳисоботлар)ни шакллантиришда, уларни таҳлил қилишда қулайлик яратади.
Солиқ тўловчилар солиқни Кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ аниқланган солиқ базасидан ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиқиб, мустақил равишда ҳисоблайди. Фойдали қазилмаларнинг алоҳида турлари бўйича солиқ суммаси солиқ базасидан ва белгиланган солиқ ставкасидан, лекин белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаган ставкасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Кодекснинг 454-моддасида «Солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботларини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби» га мувофиқ солиқ тўловчилар томонидан солиқ ҳисоботи ҳар бир ҳисобот ва солиқ даври тугагандан кейин солиқ ҳисобида турган жойдаги, норуда қурилиш материаллари бўйича эса – қазиб олиш амалга оширилган жойдаги солиқ органларига юридик шахслар томонидан – солиқ даври бошланганидан эътиборан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай, жисмоний шахслар томонидан – йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай тақдим этилади, шунингдек, солиқни тўлаш юридик шахслар томонидан – ҳар ойда кейинги ойнинг 20 санасидан кечиктирмай амалга оширилади, дейилган.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича ҳисоботларни тақдим этиш муддатини 20 санадан 15 санага ўзгартириш таклиф этилади.
Юқорида берилган таклифларимиз амалиётга татбиқ этилса, хусусан ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатининг ўзгартирилиши солиқнинг бюджетга белгиланган муддатда ва бир маромда тушумини таъминлабгина қолмай, давлат бюджети харажатларини ўз вақтида молиялаштириш имконини ҳам яратади.
Нурмат ДЖУЛИБЕКОВ,
«Навоий КМК» АЖ Маъмурий масалалар бўйича директори, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори